Линклар

logo-print

Шерали концерт берди

  • Садриддин Ашур

Хўжандлик мухлислар ҳофиз Шерали Жўраевнинг концертига кириш учун 45 долларни аямадилар.

Хўжандлик мухлислар ҳофиз Шерали Жўраевнинг концертига кириш учун 45 долларни аямадилар.

Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраев Хўжандда янги йил концерти берди. Олти йилдан сўнг Хўжандга келган ҳофиз концертига чипта жуда қиммат бўлди.

Икки қўшни мамлакат ўртасида виза тартиби жорий қилинмасдан олдин Шерали Жўраев деярли ҳар йили Сўғд вилоятида концерт берарди.

Бугунги концерт эса олти қовун пишиғи ўтиб кетганидан сўнг бўлиб ўтди. Биз ҳофиз билан учрашганимизда, унинг Хўжандга ва тожикистонлик мухлисларига бўлган муносабати ҳақида сўрадик:

- Хўжанд биз учун улуғ жой ҳисобланади. Бу ерда ўзбек ва тожик халқлари аралашиб яшайди. Бир-бирига қиз бериб¸ қиз олиб қонлари аралашиб кетган жой. Бу жойнинг сувини ўзбек ҳам¸ тожик ҳам ичади. Мақомларимиз ҳам қалбан бир-бирига яқин¸ уйқаш бўлганлиги учун бизни жуда яхши кўради бу халқ. Шунинг учун биз ҳам уларни яхши кўрамиз. Аввало¸ ўзи биз яхши кўрамиз уларни. Шунинг учун улар бизни яхши кўради¸ - дейди Шерали Жўраев.

Шерали Жўраев сўнгги йилларда Мавлоно Румий ижодига кўп мурожаат қилмоқда. Унинг ўз уйида ўтказган румийхонлик кечаси ёзилган дисклар ҳозир ҳар бир ўзбек хонадонининг уйига етиб борди.

Ҳақиқатан ҳам, «Бу мажлисда ўлтирганлар, Mуҳаббатга яқинлар»ми? Ёки румийхонлик кечалари шу «Mуҳаббат»га яқинлаштириш учун қилинаётган саъй-ҳаракатми?

- Ҳазрат Жалолиддин Румий ҳаммамиз учун энг улуғ пирлардан бири. Хожа Аҳмад Яссавий¸ Ҳазрат Жалолиддин Румий¸ Ҳазрат Жомий¸ Амир Алишер Навоий... Бу зотлар ўз замонасининг энг улуғлари ва бизнинг замонамизда ҳам улар ижодини одамлар билиши керак. Одамлар эсдан чиқариб қўймаслиги керак. Ëшларимиз¸ болаларимиз бу зотлар билан танишмоғи учун¸ шу зотлар билан танишиши учун қўлдан келганча ҳаракат қилаяпмиз. Иншооллоҳ бундан кейин ҳам қолган зотларни бирма-бир одамларга таништиришга ҳаракат қиламиз. Оллоҳ насиб қилса¸ кейингиларини ҳам кўрасизлар¸ эшитасизлар¸ - дейди Шерали Жўраев.

Шерали Жўраевни Хўжанддаги Рудакий қасрига йиғилган юзлаб мухлислар давомли қарсаклар билан кутиб олди.

Концерт уч соат давом этди. Кўнгилга яқин қўшиқлар айтилди. Шерали Жўраев мухлисларнинг илтимосларини ҳам ерда қолдирмади. Навоий ғазалларидан, 70-80- йиллардаги қўшиқлардан ҳам куйланди.


Концерт чиптасининг баҳоси анча қиммат, яъни деярли 45 доллар эканига қарамай, зал томошабинлар билан тўлди.

45 доллар 150 сомонига тенг. Бу эса ҳозир Тожикистондаги ўртача маошдир.

Концертга Ғончи туманидан келган суҳбатдошимиз чўпон экан. У 30 йилдан буён Шерали Жўраевнинг мухлиси эканлигини таъкидлайди:

- Чипта нархи оғирлик қилса ҳам мухлисмиз. Шу Шерали Жўраевни кўрамиз деб узоқ Ғончи туманидан келдик. Ўзим чўпонлик қиламан. Мухлис учун пулнинг фарқи йўқ, -дейди суҳбатдошим.

Касби ўқитувчи бўлган Абдужаббор Отабоев эса, бундай нарх оддий мухлисларга оғирлик қилишини айтади:

- Битта чипта баҳоси 150 сомони¸ яъни оддий ўқитувчининг бир ойлик маошига тенг экан. Ўқитувчи битта концертга кираман, деб 150 сомони берса¸ қолган пайтда нима қиларкан?

Азалдан “Санъат сотилмайди¸ санъат ўлмайди”, деб таълим берилган эди. Шунга қарамасдан бугунги кунда санъатнинг орқасидан кун кўрадиган одамлар пайдо бўлиб қолди, чамаси.

Санъатда даллолчилик деган нарса пайдо бўлиб қолдимикин? Шунинг учун жуда кўп одамлар Шерали Жўраевнинг концертига кира олмаган бўлиши мумкин¸- дейди Абдужаббор Отаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG