Линклар

Русча мураббопараст сўрови

  • Фаррух Юсуфий

Журналист Сергей Ежковнинг сайтидан жой олган сўровдан россияпарастлик кайфияти сезлиб қолди.

Журналист Сергей Ежковнинг сайтидан жой олган сўровдан россияпарастлик кайфияти сезлиб қолди.

Ўзбекларнинг аксарияти мамлакат ЕвросиёИҲдаги иштирокини тўхтатиб қўйганига салбий муносабат билдирмоқда, деган хулосани эълон қилди uzmetronom.com интернет сайти.

“Бизга мураббо нима-ю, ЕврАзЭС нима” сарлавҳаси остида ва россияпарастлик руҳида тақдим этилган мақола муаллифига кўра, номи келтирилмаган социологлар гуруҳи айни масала хусусида сўров ўтказиб, ўзбекистонликларнинг бу ҳақдаги фикрини ўрганган.

Ўтказилгани айтилаётган сўров қатнашчиларининг кўпчилиги Ўзбекистонннинг ЕврАзЭСдаги иштирокини тўхтатиши қароридан ҳафсаласи пир бўлган, деб ёзди uzmetronom.com интернет сайти.

Ушбу сўров қайси социологлар гуруҳи томонидан ўтказилганини билиш мақсадида Узметрономнинг муҳаррири Сергей Ежков билан боғланишга ҳаракат қилдик, лекин уни топишнинг иложи бўлмади ва сўровни ким ўтказгани мавҳум қолаётгани боис, сўров натижаларидаги рақамлар билан сизни, азиз муштарий, зериктириб ўтирмасликни маъқул кўрдик.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Фарҳод Толипов ҳам ким томонидан ўтказилгани номаълум бўлмиш бу каби сўровлар натижаларига шубҳа билан қарашини айтади :

- Биринчидан, бу ташкилот қандай ташкилот¸ қайси социологик гуруҳ бундай тадбир уюштирган¸ шундай сўров қандай қилиб ўтказилганлиги мен учун мавҳум бўлиб қолаяпти. Шунинг учун унинг қанчалик холисона ва масъулиятли ўтказилганлигини биз билмаймиз.

Иккинчидан, мен агар шахсан фикр билдирсам¸ ўйлашимча, биздаги аҳоли ҳали ЕвросиëИҲни яхши тасаввур қила олмайди. Бу ташкилот Ўзбекистонга қанчалик керак ëки керак эмаслиги тўғрисида жиддий фикр юритиш осон эмас.

Шунинг учун сўралганларнинг қандай қилиб бундай қарорга келгани ҳам мавҳум. Қайтариб айтаман, бизнинг оммавий ахборот воситаларимиз¸ илмий доираларимиз ЕвросиëИҲ ҳақида гапирмаган.

Шу маънода аҳолимиз учун бу ташкилот унчалик таниш эмас. Шу нуқтаи назардан билмайдиган ташкилот ҳақида унга кириш нимаю¸ чиқиш нималиги ҳақида гапириш осон бўлмайди¸ - дейди Фарҳод Толипов.

Ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчи Фарҳод Толипов билан суҳбатдан аввал биз ҳам турли вилоятларга қўнғироқ қилиб, бу мавзуда ўзбекистонликлар орасидаги кичик сўров ўтказган эдик.

- ЕврАзЭС деган ташкилот ҳақида эшитганман. Унга Ўзбекистоннинг ҳам аъзо эканлиги ҳақида биламан. Лекин Ўзбекистоннинг бу ташкилотдан чиқиб кетиши, менимча, тўғри бўлганга ўхшамаяпти. Бу ташкилот Ўзбекистонга нима беришини мен аниқ билмайман. Аммо қўшнилар билан яхши муносабатда бўлиш ҳар доим яхшиликка олиб келарди¸- дейди биринчи суҳбатдош.

- Бунақа ташкилот борлиги ҳатто тушимга ҳам кирмаган. Ўзбекистоннинг аъзо эканлиги хусусида ҳам билмайман. Тўғрисини айтсам, мен сиëсатни тушунмайман¸ - дейди иккинчи суҳбатдош.

- Бунақа ташкилотни эшитмаганман. Ўзбекистонимизда шундай чиройли қарорлар чиқариб қўйилган. Лекин бу ерда ўтирган амалдорларимизнинг бирортаси ҳам унга амал қилаëтгани йўқ. Ҳатто қулоқ ҳам солмайди. Кечирасиз-у, бизларнинг ҳеч қандай қонунлардан хабаримиз йўқ. Қонунни¸ ҳақ-ҳуқуқимизни билганимизда эди¸ шунча саргардон бўлиб юрмаган бўлардик¸ - дейди учинчи суҳбатдош.

Ана шу кичик сўровнинг ўзи ҳам, дейди мустақил таҳлилчи Фарҳод Толибов, uzmetronom.com интернет сайтида эълон қилинган сўровнинг унчалик холис эмаслигига ишора қилади.

- Қандайдир буюртмали мақола чиққанмикан, деб шубҳа билдиришимиз мумкин. Лекин кўрмасдан туриб айтишим қийин. Жамоатчилик фикрини ўрганишдан олдин “Жамоатчилик фикри ўзи шаклланганми?” деган саволни қўйиш керак.

Жамоатчилик фикри айнан мана шундай тадбирлар билан шаклланади. Яъни тегишли шарҳлар¸ тушунтиришлар¸ олимларнинг изоҳлари билан. Бундай бўлмагандан кейин жамоатчилик фикри қандай шакллансин? Шу томондан ҳозир менда савол туғилаяпти¸- дейди Фарҳод Толибов.

Лавҳа бошроғида айтиб ўтганимиздек, “Бизга мураббо нима-ю, ЕврАзЭС нима” сарлавҳаси билан эълон қилинган мақола россияпарастлик нуқтаи назари билан йўғрилган.

Шу ўринда, uzmetronom.com интернет сайтининг муҳаррири Сергей Ежковнинг Фарғона.Ру сайти га берган бир суҳбатидан иқтибос келтиришини жоиз топдик.

“Менинг мобил телефонимда Совет Иттифоқи мадҳиясининг мусиқаси янграйди. Мен Ўзбекистоннинг катта ва қудратли давлат таркибида бўлишини истар эдим. Бу Ўзбекистоннинг ўзи учун фойдали бўлар эди.

Ҳозир миллионлаб ўзбекистонликларнинг Россияда доимий ишлаётгани ва россияликларнинг Ўзбекистонда фаол тадбиркорлик билан шуғуллана бошлагани бундай истиқболнинг инсоний даражада амалга ошишига туртки бўлиши мумкин.

Бундан йигирма йил ўтиб, инсоний даражадаги алоқалар давлатлар миқёсидаги интеграциянини янги босқичга олиб чиқиши мумкин, деб умид қиламан”, - деган эди uzmetronom.com муҳаррири Сергей Ежков.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG