Линклар

Янги ҳижрий сана бошланди

  • Барно Анвар

Ой тақвимига асосланмиш ҳижрий тақвим учун сана аввали қилиб Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом ва маккалик мусулмонларнинг Мадинаи Мунавварага (Ясрибга) кўчиш йили олинган.

Ой тақвимига асосланмиш ҳижрий тақвим учун сана аввали қилиб Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом ва маккалик мусулмонларнинг Мадинаи Мунавварага (Ясрибга) кўчиш йили олинган.

Дунё давлатларида Грегорий тақвими бўйича кириб келаётган янги 2009 йилни ҳозирлашга тайёргарлик кўрилаётган бир паллада дунё мусулмонлари ҳам ўз янги йилини қарши олди.

28 декабр куни Ҳижрий-қамарий сана бўйича 1430 йил кириб келди. 29 декабр ойи эса Ислом оламида йил боши саналган Муҳаррам ойининг биринчи куни.

Ислом дини тарихи тўғрисидаги манбаларда Ҳижрий-қамарий тақвими бўйича йил белгилаш тартиби илк бор тўрт xалифадан бири - ҳазрати Умар даврида жорий этилгани айтилади.

Ана шундай манбалардан биридан иқтибос келтирамиз:

“Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу бир куни Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан мактуб олди. Унда: “Сендан мактублар келади. Тарихи номаълум бўлади. Тарихни белгиласанг, яхши бўлар эди”, деган маъно бор эди.

Яна бир гал ҳазрати Умарнинг ўзи бошқа бировдан мактуб олди. Унда Шаъбон ойида деган маъно бор эди. Қайси Шаъбон? Ўтганими, ҳозиргисими ёки келгусисими - билолмай қийналдилар.

Аммо, Яманлик Яъло ибн Умайядан Умар ибн Хаттобга келган мактубда тарих белгиланган эди. Бу иш ҳазрати Умарга маъқул келди. У киши шўро мажлисини чақириб, ўртага мусулмонларга хос тарих-йил ҳисоби қабул қилиш масаласини қўйдилар”.

Ана шу тадбирда турли таклифлар, жумладан, пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилган йили йил саноғининг аввали қилиб олиш таклиф қилинди. Аммо тўрт халифадан бири ҳазрати Алининг пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ҳижрат қилган йилини биринчи йил, деб ҳисоблаш таклифи кўпчилик мусулмонлар томонидан маъқулланди. Ҳижрат Ислом тарихида ҳақ билан ботилнинг фарқланишига сабаб бўлган илк муҳим ҳодиса сифатида Ҳижрий тақвимнинг бошланиш нуқтаси бўлди.

Шундан бери 1430 йил ўтди. Ҳозир кўпчилик ислом давлатларида диндорлар йил ҳисобини шу тақвим билан юритадилар.

Мусулмонларнинг ҳаж ибодати, рўза ибодати ҳижрий тақвим билан олиб борилади. Мусулмон вафот қилган пайтда ҳам унинг умри Ҳижрий тақвим билан ҳисобланади.

Ўзбекистонлик уламо Тоҳир Умар бу тақвимнинг ўзига хос энг муҳим жиҳатларини сўзлаб берди.

- Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бизларнинг Ҳижрий йилимиз ҳам 12 ойдан иборат. Бир ой 29¸ бир ой 30 кундан иборат. Бизда 31 кунлик ой йўқ. Қуëш йилидан 11 кун фарқ қилади.

Ернинг қуëш атрофини айланиб чиқиши 365 кунга тўғри келади ва ойнинг айланиб чиқиши эса 354 кун бўлади. Қуръонда “Айтингки, бу ой одамлар учун вақт ўлчовидир”, деган оят бор. Шунинг учун ой билан ҳисоблашлик мусулмон кишилар учун фарз бўлди¸ - дейди Тоҳир Умар.

Суҳбатдошимизнинг қайд этишича, Ислом тарихида ойларни номлаш ва маълум бир воқеаларни маълум бир сана билан белгилаш анъанаси ҳазрати Умар халифалиги давригача ҳам бўлган, аммо йилларнинг саноғи юритилмаган.

- Ойларнинг исмлари Муҳаррам¸ Сафар¸ Жумодул-аввал¸ Жумодус-соний¸ Рабиул-аввал¸ Рабиус-соний¸ Ражаб¸ Шаъбон¸ Рамазон¸ Шаввол¸ Зулқаъда¸ Зулҳижжа. Шуниси аниқки¸ Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлганларида¸ мушриклар уруш ҳаром қилинган тўртта ойни Иброҳим алайҳиссалом даврида ҳаром қилинган, деб эътиқод қилишар эди ва ўша ойларда урушмас эди¸ - дейди Тоҳир Умар.

Ҳижрий-қамарий тақвимнинг милодий-шамсий тақвимдан асосий фарқи эса ҳижрий тақвимнинг 11 ëки 10 кунга қисқаришидир. Шу боис¸ милодий-шамсий тақвимнинг ҳар 32 йили ҳижрий-қамарий тақвимнинг тахминан 33 йилига тўғри келади.

Аммо, дейди суҳбатдошимиз, Ҳижрий-қамарий тақвимда 12 ой йил фаслларига боғлаб қўйилмаган. Тоҳир Умар фикрича, бу ҳижрий тақвимнинг устунлигидир.

- Бу тўрт фасл Европа ëки Осиë қитъасида шундай. Масалан, Африкада иссиқ¸
Арктика деган жойларда август ойида ҳам 60 даража совуқ бўлиши мумкин. Уларда ëз¸ қиш деган тушунча йўқ¸ - дейди Тоҳир Умар.

Айни пайтда йил таркиби шакл жиҳатдан барча динларда бир хил, яъни, бир йил ичида ойлар сони 12 та, ҳафта куни эса 7 та.

- Оят борки¸ “Оллоҳ осмонларни ва ерни яратган пайтда¸ ойларнинг саноғи 12 тадир” деган. Ҳозирги кунда ер юзида кофиру мусулмон ойни 12 та дейди¸ ҳафтани 7 кун дейди.

Аслида бу нарса илоҳий таълим билан ўша пайтда берилган деб биламиз. Қайси пайғамбардан бошланганлигига аниқ далилимиз йўқ.

Аммо шуниси аниқки¸ Оллоҳ қадим пайғамбарларга ваҳий қилиб туширган, деб тушунамиз. Чунки бу Қуръонда келган¸ - дейди Тоҳир Умар.

Сўз сўнггида Тоҳир Умарга: “мусулмонлар мелодий йил кириб келишини байрам сифатида нишонлайдими?” дея савол бердик ва у кишидан қатъий “йўқ” жавобини олдик.

- Чунки Оллоҳ бизга хурсанд бўлишга буюрган иккита байрам бор. Қурбон ҳайити ва Рамазон ҳайити. Янги йилни байрам қилиш Исломда бўлмаган. Бутун ислом оламида ҳам йўқ, яъни бидъат дейилади¸ - дея изоҳ берди Тоҳир Умар.
XS
SM
MD
LG