Линклар

logo-print

Кечган йил латифаларидан

  • Сарвар Усмон

"Корейс" латифагўйлари "бўёқниқоб"дан фақат кулгили кўринишга эга бўлиш учунгина эмас, ҳеч кимга танилмаслик учун ҳам фойдаланадилар.

"Корейс" латифагўйлари "бўёқниқоб"дан фақат кулгили кўринишга эга бўлиш учунгина эмас, ҳеч кимга танилмаслик учун ҳам фойдаланадилар.

Куни кеча Ғарб ТВларидан бири Хитойга қочиб ўтиб мардикорлик билан кун кечираётган шимолий кореяликлар тўғрисида ҳужжатли фильм намойиш қилди.

Фильмда икки корейс аёлнинг ўзаро суҳбати берилган. Аёллардан бири Шимолий Кореядан қочиб ўтган. Иккинчиси хитойлик.

“Корейс десанг, ўзимизга ўхшайди”

- Шимолий Кореяга, унинг раҳбари – Севикли йўлбошчимизга тил теккизма, - деди шимолий кореялик.

- Мамлакатинг зўр бўлса, йўлбошчинг севикли бўлса, нима учун Хитойга қочиб ўтдинг? Нима учун бир бурда нонга зорсан? Кореянгда юраверсанг бўлмасмиди? - дея таъна қилди хитойлик корейс.

Ёши 30 ларга бориб қолган шимолий кореялик аёлнинг бу саволларга жавоби йўқ эди.

1994 йили вафот этганига қарамай, шу кунда ҳам Шимолий Кореянинг президенти ҳисобланадиган "Буюк Доҳий, Миллат Қуёши, Қудратли Республика Маршали" Ким Ир Сен асос солган режим фуқаролари латифа айтиш у ёқда турсин, хитойлик корейс берганга ўхшаш саволлар бўлишиниям ўтган ярим аср ичида унутиб бўлган.

Шимолий Кореяга қиёслаганда, Ўзбекистонни демократия намунаси, деса бўлади. Чунки бу мамлакат фуқаролари сиёсий латифалар айтади. Ҳатто радио орқали. Мана эшитинг.


“Сирдарёлик муҳожир” балиқ

“Россия президенти Медведев бош оғриғи хасталигига дучор бўпти-ю¸ ҳеч қанақа дори-дармон¸ ҳеч қанақа муолажа бош оғриғини тўхтата олмабди...”

Сезиб турибман, ғудрана бошладингиз: “Россия президенти тўғрисида ҳаммаям анекдот айтаверади-да Ўзбекистонда”, деяпсиз. Шошманг, Ўзбекистонгаям етамиз.

Демак, Россия президентининг боши оғриб қопти ва невропатологга борибди.

“...Невропатолог: “Бирор кун дам олиб¸ балиқ овига боринг. Сувга қармоқ ташлаб ўтирсангиз¸ балиқ илинишидан роҳатланасиз¸ бош оғриғидан халос бўласиз”, деб маслаҳат берибди. Шу маслаҳат ёқиб, Медведев балиқ овига борибди...”

Фарғоналик тингловчимиз бошлаб берган анекдотнинг давомини бухоролик тингловчимиздан эшитамиз.

“...Медведев дарёга қармоқ ташлабди. Бир пайт қармоғига балиқ илинибди. Қараса, бу олтин балиқ экан. “Мен олтин балиқман. Тила тилагингни - учта тилагингнинг ҳаммасини бажо келтираман. Мени қўйиб юборсанг бўлди”, дебди олтин балиқ. Медведев эса: “Мен дунëда энг катта одамлардан биттаси ҳисобланаман. Сенга қанақа тилак айтсам экан?” деб ўйланиб туриб¸ “Майли, битта тилагим бор”, дебди. Олтин балиқ: “Айтгин” деса¸ Медведев: “Менга Москва шаҳрини ўзбек муҳожирларидан тозалаб бергин”, дебди. “Бунинг иложи йўқ”, дебди олтин балиқ. “Нимага?” деса¸ “Чунки мен ўзим ҳам Сирдарëдан келганман”, дермиш...”

Қаранг, Медведевнинг қармоғига илинган олтин балиқ ҳам сирдарёлик меҳнат мигранти экан.


“Ўзбекистонликлар овдан чўчийдиган бўлганлар”

Дарвоқе, gazeta.uz сайти хабарига қараганда, январь ойида президент Медведев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келармиш. Балиқ овигамасмикин, ишқилиб?..

Медведев тутган олтин балиқнинг бир юртдошиниям – сирдарёликни – бугунги гурунгимизга тортмоқчи бўлдик. Лекин у киши анекдот айтмади. Анекдот айтмадию, мана бу гапни айтди.

“Бунақа нарсалар халқнинг ичида анча кезиб юрибди...”

Анекдотлар демоқчи-да, акам...

- Лекин, биласизми, бунақа анекдотларни айтиш ҳам нима бўлиб қолган. Бўлмаса анекдотлар кўп.

Озодлик: Одам айтишга қўрқадими?

- Одам-ку қўрқмайди. Аввало, битта Худодан қўрқамиз-ку. Биз ўзбекларда андиша¸ иззат-ҳурмат деган нарсалар бор. Очиқ демократик тарзда биз шуларни айтиб чиқа олмаймиз.

Озодлик: Ўзи, умуман, гурунгларда айтиладими?

- Ҳа, гурунгларда айтиладию¸ лекин у ëқ-бу ëққа икки марта қараб қўйишади-да.

Тушунмадим: сирдарёликлар анекдот айтмас экан, гап андишадами ё ўша икки ёқдами?

Ҳай, янгисини эшитайлик.

Навбат тошкентлик тингловчимизга.


“Қўлим бўлмаса, қаерим билан ишлайман?”

- Охирги анекдотлардан. Россия билан Ўзбекистоннинг муносабатлари анча ëмон бўлиб қолганда кейин мулозимлардан биттаси Ислом Каримовнинг олдига кириб, “Араб давлатлари жуда катта кредит бермоқчи. Фақат учта шарти бор экан”, дебди.

Биринчи шарт, давлатни исломий қилиш, иккинчиси – ҳизбут-таҳрирчиларни қамоқлардан бўшатиш, учинчиси – ўғриларнинг қўлини кесиш.

Бу шартларни эшитган Каримов ўйлаб туриб, “Биринчисини қилсак бўларкан. Ислом давлатини эълон қилсак, қилибмиз. Бунинг устига, Россиядан узоқлашаяпмиз. Майли, ҳизбчиларнинг ярмини қўйиб юбориб¸ ярмини у-бу қилиб, шартни бажарамиз. Лекин қўлсиз қандай ишлаймиз?” деган экан.

Чиндан ҳам қўлсиз ишлаб бўлмайди-да...

Ана шунақа гаплар.


“Фақат шайтонларгина умидсиз”

Янги йил арафасида бироз кулги улашмоқчи бўлдик. Кулги улашамиз, деб яна ташвишларни эсингизга солиб қўйган бўлсак, айбни биздан изламанг.

Лекин бир хулосаниям айтиб қўйишимиз керак. Мамлакат ичида туриб, баъзилар - эшитганингиздай - сиёсий латифалар айтишга қўрқмаётган экан, демак, ишларнинг ҳаммасиям пачава эмас.

Демак, умид бор. Шимолий Кореяга айланиб кетмасликка умид бор.

Умидингиз муборак бўлсин!
XS
SM
MD
LG