Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:44

Ҳимоячига ҳимояга муҳтож


Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси вакиллари сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан пикетга чиққан альянсчиларга бу гал кескинроқ чора кўрилиши мумкинлигидан ташвишланмоқдалар.
Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси вакиллари сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан пикетга чиққан альянсчиларга бу гал кескинроқ чора кўрилиши мумкинлигидан ташвишланмоқдалар.

Тошкентда олтита ҳуқуқ ҳимоячисининг ҳуқуқини ҳимоя қилаётган ҳимоячи порахўрларга воситачилик қилганликда айбланиб, ҳибсга олинди.

Адвокатлар жамоасига раҳбарлик қилаётган Фарид Абдурашитов Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг олти аъзосига адвокат бўлиб ёлланган эди.

Альянс раҳбари Елена Урлаеванинг маълум қилишича, Абдурашитов ҳали ҳимояни бошлаб-бошламай туриб қўлга олинган.

Урлаевага кўра, ҳозир Фарид Абдурашитовнинг ўзи Тоштурма қамоқхонасига олиб борилган ва унинг альянсчилар билан учрашишга имкон берилмаяпти.

- Хотинининг айтишича, Абдурашитов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 212-моддасининг биринчи бандига мувофиқ порахўрликка воситачилик қилганликда айбланмоқда. Агар айби исботланса, унга 3 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин, - дейди Елена Урлаева.

Фарид Абдурашитов билан бирга у раҳбарлик қилаётган юрист-ҳуқуқшунослар фирмасига оталиқ қилаётган “Меҳр, мурувват, мадад” нигоронлар жамғармаси раҳбари ҳам порахўрликда айбланмоқда.

Елена Урлаевага кўра, бу жиноий ишда асосий айбдор бўлган жамғарма раҳбари ва пора берган бошқа амалдор очиқда, бу ишга шубҳали равишда “воситачи” ўлароқ қўшиб қўйилган адвокат эса ҳибсда.

- Мен юристлар билан гаплашдим ва улар тушунтиришдики, бу модда билан айбланаётган гумонланувчи шахсни ҳибсга олиш мумкин эмас. Шаҳарни тарк этмаслик ҳақидаги огоҳлантирув билан озод қилиш керак эди. Лекин уни кутилмаганда ҳибсга олишди. Асосий айбдорлар эса очиқда юрибди, - дейди Урлаева.

Унинг фикрича, бунинг ҳаммаси Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг пикетга чиққан 10 аъзосини ҳуқуқий ҳимоядан мосуво бўлган.

Эслатамиз, альянснинг 12 нафар аъзоси 6 декабр куни Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар озодлигини талаб қилиб пикет ўтказган эди. Пикетдан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни ҳибсга олган ва ҳуқуқ ҳимоячилари милиция ходимларига бўйсунмаганлик, жамоат тартибини бузганлик мазмунидаги айбловлар билан айбланган эди.

- Биз ҳозир деярли ҳимоясиз қолдик. Биринчи суд мажлиси эса 25 декабр куни бўлиши керак эди. Аммо судни байрамдан кейинга қолдиришди. Биз эса бу вақтга қадар яна янги адвокат топишимиз ва ҳам ўзимиз, ҳам адвокатимизни ҳимоя қилишимиз керак энди. Шунақа ғалати вазиятга тушиб қолдик, - деди Елена Урлаева ва ўз ҳамкасблари тақдиридан хавотир билдирди.

Альянс раҳбарининг айтишича, ташкилотнинг пикетда иштирок этган аксар аъзоларига тартиббузарлик айби биринчи марта қўйилаётгани йўқ.

- Шу боис, бу галги маҳкамада уларга оғир жазолар белгиланиши мумкин. Чунки бизнинг ташкилот мунтазам пикетлар ўтказиб келади ва ҳар гал пикетдан кейин бизга нисбатан шундай қўпол муносабатда бўлинади. Кўп маротаба бизни калтаклашган ва табиийки, биз ўзимизни калтакдан ҳимоя қилишга уринганмиз. Ҳар бир уринишимиз эса милиция ходимига бўйсунмаслик тарзида қайд этилган, - дейди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева.

У адвокат Фарид Абдурашитовнинг ҳибсга олиниши-ю, Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси вакилларининг жавобгарликка тортилиши мутлақо қонунга зид, деб таъкидлайди.

- Бизнинг қонунчилигимизда “пикет” деган сўзнинг ўзи йўқ. Шу боис, “ҳокимиятдан рухсат олмагансиз”, дея бизни жазога тортишлари мутлақо мумкин эмас. Биз эса шу имкониятдан фойдаланиб, мунтазам равишда пикетлар ўтказишга уринамиз. Мақсад ўз норозилигимизни билдириш ва Ўзбекистон қамоқхоналарида ноҳақ азоб чекаётган сиёсий маҳбуслар аҳволига яна бир карра халқаро жамоатчилик эътиборини тортишдир, - дейди Елена Урлаева.
XS
SM
MD
LG