Линклар

Покистон Ҳайбарда амалиётлар бошлади

  • Фаррух Юсуфий

Покистон Ҳайбар довонидаги жангариларга қарши кенг қамровли ҳарбий амалиётларни бошлади.

Покистон Ҳайбар довонидаги жангариларга қарши кенг қамровли ҳарбий амалиётларни бошлади.

Кейинги ойлар давомида жангарилар Ҳайбар орқали Афғонистондаги НАТО ва АҚШ қўшинларига юкларни олиб кетаётган машиналарга ҳужумлар уюштирмоқда.

Покистон расмийларига кўра, Пешоварнинг чегарадаги Тўрхам шаҳарчаси билан боғловчи довон йўли амалиётлар тугагунига қадар ёпиб қўйилган.

Маҳаллий қабилалар оқсоқоллари ва Покистон ҳукумати расмийлари сешанба куни Ҳайбар довонида жангариларга қарши бошланган амалиёт жараёнини турлича тасвирламоқда.

Қабилалар назоратидаги Ҳайбар туманининг маъмури Ториқ Ҳаёт операцияга пиёда қўшинлар билан ҳаво кучлари ва артиллерия жалб қилинганини маълум қилди. Ҳозирча талафотлар ҳақида маълумотлар йўқ, операция бораётган ҳудудларда коммендатлик соати жорий қилинган.

- Қуюшқонидан чиқиб кетган жангарилар ва жиноятчилар йўқ қилинмагунича, НАТО кучлари таъминоти тўхтатиб турилади, - деди Ториқ Ҳаёт Пешоварда мухбирлар билан мулоқоти чоғида.

Бироқ маҳаллий расмийларнинг баъзилари вазиятни бошқачароқ талқин қилмоқда.

Латиф Афридий Ҳайбардаги пуштун қабилалари етакчиларидан бири.

Унинг Озодлик радиосига айтишича, ҳукумат кучлари Ҳайбар довони яқинидаги қишлоқларни тўплардан ўққа тутаётган бўлса-да, амалиётнинг муваффақиятли якунланишига жиддий шубҳалар сақланиб қолмоқда.

- Менимча, бу амалиётдан кўзланаётган мақсад жангариларни йўқ қилиш эмас, балки аксинча уларни янада кучайтиришдан иборат. Чунки ҳукумат жангариларнинг бу минтақага 5, 10 ва 20 тадан бўлган кичик гуруҳларда кириб келаётганда уларга қарши курашда жонбозлик кўрсатгани йўқ. Бугун эса уларнинг сони юзларни ташкил қилади ва Ҳайбар довонидаги асосий йўлни тўсиб қўйиш салоҳиятига эга, - дейди пуштун сиёсатчиси.

Пешовар яқинида жойлашган Ҳайбар қабилалар назоратида бўлган ва Афғонистон чегараси яқинидаги еттита туман орасидаги стратегик жиҳатдан энг муҳими ҳсиобланади. Ҳайбар довони, шунингдек, Афғонистондаги 65 минглик халқаро кучлар контингети таъминоти учун муҳим аҳамиятга эга.

Яқинларгача минтақа нисбатан тинч бўлиб келган. Лекин йил бошида Толибонни қўллаб-қувватловчи жангари гуруҳлар, жумладан, Лашкари Ислом ва Танзим Амр Бил Маъруф ва Наҳи Анилмункар жангарилари Пешовар шаҳрида ҳужумларни уюштира бошлади. Айни гуруҳларнинг, шунингдек, чет эллик жангариларга ҳам паноҳ бергани айтилади.

Баъзи кузатувчилар ҳатто бу жангари гуруҳлар Пешоварни ўз назоратига олиши мумкинлигидан огоҳлантирди ҳам. Бу таҳдидларга жавобан ҳукумат кучлари ёз ойларида Ҳайбардаги жангариларга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлашини эълон қилди.

Лекин қабилабоши Афридийнинг таъкидича, бу ҳаракатлар минтақадаги жангариларга қарши самарасиз бўлиб қолмоқда.
- Аввалги амалиёт ҳам ҳеч кимга фойда келтирмади, асосийси жангариларнинг инфратузилмаларини йўқ қила олмади. Ҳукумат кучлари яна артиллериядан қишлоқларни ўққа тутмоқда, лекин бундан охир-оқибат маҳаллий аҳоли катта зарар кўрган бўлиб чиқади. Расмийларнинг баёнотидан фарқли ўлароқ, амалда бу амалиёт жангарилар учун катта йўқотиш ёки зиён билан якунланиши амри маҳолдир, - дейди Афридий.

Лекин Ҳайбар туманининг маъмури Ториқ Ҳаётнинг мухбирларга айтишича, сешанба куни бошланган операцияда тинч аҳоли орасида талафотларни олдини олишга катта эътибор қаратилади.

- Лекин, - дея огоҳлантирди у, - ҳукумат кучлари жангариларга қарши амалиётда, уларга бошпана бераётган Ҳайбар қабилаларини ҳам аяб ўтирмайди.
XS
SM
MD
LG