Линклар

“Оҳ, Истанбул, Истанбул...”

  • Ҳурмат Бобожон

Туркиянинг курорт шаҳарларидан ташқари Истанбул каби йирик шаҳарларида ҳам фаҳш ишларига мажбурланган ўзбекистонлик қизлар кўп.

Туркиянинг курорт шаҳарларидан ташқари Истанбул каби йирик шаҳарларида ҳам фаҳш ишларига мажбурланган ўзбекистонлик қизлар кўп.

Ўзбекистонлик 20-25 яшар қизлар Туркияда одам савдоси қурбонига айланмоқда. Бу борада Ўзбекистондаги Қийноқларга қарши тезкор гуруҳ хавотир билдирди.

Мазкур ташкилот вакилларига кўра, ўзбекистонлик қизлар Туркиядаги шубҳали гуруҳларнинг яхши маош тўлаш ҳақидаги ёлғон ваъдаларига учиб, фоҳишалик қилишга мажбурланмоқда.

Ўзбекистондан чиқиш визасини олиш билан боғлиқ бюрократик тўсиқларга қарамай, ёши 20-25 атрофидаги ўзбек қизлари яширин гуруҳлар ёрдамида осонликча Туркияга келтирилмоқда.

Уларни жинсий эксплуатация қилиш мақсадида Туркияга келтириш билан эса Ўзбекистон ва Туркия фуқаролари шуғулланиши маълум бўлди. Бу гуруҳнинг алдов ваъдаларига учиб, Туркияга келган ва фоҳишаликка мажбурланган қизлардан бири ёрдамида биз бу занжирни очишга уриндик.

Унинг айтишича, Туркияда узоқ йиллардан бери яшаётган ва турк йигити билан сохта никоҳ қуриб, қўшмачилик қилаётган Орзу лақабли наманганлик аёл бу иш билан шуғулланади.

Биз ўша Орзу лақабли аёл телефон номерини олиб, унга қўнғироқ қилдик. Аввалига туркча гаплашдик. Кейин ўзбеклигимизни айтганимиздан сўнг¸ биз билан ўзбекча гаплаша бошлади. Меҳмонхонага келишни таклиф қилди.

- Отел тутасиз. Кейин келиб кўрасиз. Қайсинисини хоҳласангиз, ўшани олиб кўрасиз¸ - дейди Орзу.

Орзу лақабли бу қўшмачининг айтишича, ўзбек аёлларининг бир кунлик хизмати 200 евро бўлиб чиқаяпти.

Бу аёл Ўзбекистондан ёш-ёш қизларни Туркияга олиб кетиш учун тез-тез Тошкентга бориб турар экан.

У Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқ-тартибот идораларида танишлари борлигини гапириб қизларга мақтанган ҳам.

У билан сохта никоҳда бўлган турк йигитининг Туркия курортларида меҳмонхоналари борлиги ва шу меҳмонхоналарда "мартабали" меҳмонлар айш-ишрат қилишгани, ҳатто маҳаллий полиция ҳам бу гуруҳ билан тил бириктиргани айтилади.

Одам савдоси қурбони бўлган қиздан шу полициячиларнинг телефон номерларини ҳам олдик. Полициячилардан бирига қўнғироқ қилганимизда, “бошқа жойга тушдингиз”, деб ўзини олиб қочди.

Туркия ҳаво йўллари ширкатидаги Нилуфар исмли хонимнинг ҳам ўзбек қизларини Туркияга келтиришдаги ҳиссаси бор экан.

Нилуфар хоним Ўзбекистондан олиб келтириладиган қизларни авиачипталар билан таъминлаб туради ва бу хизмати учун уларнинг ҳар биридан келиши билан 200 доллар миқдорида пул олар экан.

Нилуфар хонимга Орзу лақабли ўзбекистонлик аёл номидан қўнғироқ қилиб кўрдик.

Нилуфар: Ўзбекистонда Туркияга кимнинг қизлари келади?

Озодлик: Орзунинг қизлари келади.

Нилуфар: Ҳа¸ Орзунинг қизларими¸ майли. Орзу менга телефон қилсин.

Ўзбекистондан Туркияга қизлар энг узоғи билан уч ойга келтирилади.

Бундан ортиқроқ муддатга Ўзбекистон фуқароларининг Туркияда қолишлари мумкин эмас.

Улар аввалига энг арзон ётоқхоналарга жойлаштирилади. Ҳар бирига кунига хизмат ҳаққи учун 100 доллардан пул берилади.

Шу тариқа одам савдоси қурбонига айланган бу қизлар фоҳишага айлантирилади. Улардан бири билан суҳбатлашарканмиз, Туркияда қизларнинг нима иш қилишлари билан қизиқамиз.

Озодлик: Нима қиласизлар у ерда?

- Биз отелда (меҳмонхонада) ишлаймиз. Ўзбеклар билан ҳам гаплашарканмиз, деб хурсанд бўлиб кетдим. Келинг¸ мен ўзбекчасига ошлар қилиб бераман.

Озодлик: Қаердансиз ўзингиз?

- Мен Фарғонаданман.

Озодлик: Анчадан бери Туркиядамисиз?

- Икки ярим ой бўлди.

Жорий йил апрелида Ўзбекистонда инсон савдосига қарши қонун қабул қилинган ва республикада даражасида турли давлат ташкилотлари ўртасида мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилган. Бу гуруҳнинг вилоятлардаги марказлари ҳам фаолият юритаётгани эълон қилинган.

Шунга қарамай, ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, ўзбекистонликларнинг одам савдоси қурбонига айланиши давом этмоқда.

- Одам савдоси қурбонларининг аниқ сони ҳақида гапиришга қўлимизда етарли маълумот йўқ. Чунки бу ҳақда энди бошланди. Биз ўйлаймизки¸ давлат мутасадди ташкилотларида ҳам бу бўйича аниқ маълумот йўқ.

Лекин Ўзбекистондаги қийин иқтисодий вазиятни ҳисобга олган ҳолда¸ иш топиш қийинлигини¸ даромадлар пастлигини ҳисобга олган ҳолда биз фақатгина тахмин қилишимиз мумкинки¸ бу минглаган кишиларни қамраб олувчи муаммо¸ - дейди Қийноқларга қарши тезкор гуруҳ раҳбари Суҳроб Исмоилов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG