Линклар

logo-print

Мукофот бору¸ пул йўқ

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон қишлоқларидаги мактаблар аҳволи йил сайин ночорлашиб бормоқда.

Ўзбекистон қишлоқларидаги мактаблар аҳволи йил сайин ночорлашиб бормоқда.

Ўзбекистон вилоятларидаги айрим мактаб ўқитувчилари¸ янги йил арафасида президент ваъда қилган мукофот у ëқда турсин¸ ўз ягона кирими - ойлик маошларини ҳам ололмадилар.

Бугунги ўзбек жамиятида фақат маошга қараб қолган касб эгаларидан бири - ўқитувчилар. Зеро ўқитувчининг ҳар ой қўлга тегадиган камтар ойликдан бошқа даромад ва кирими йўқ.

Янги йил арафасида, Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги Шароф Рашидов номли ўрта мактабнинг 100 дан ортиқ ўқитувчиси янги йилни маошсиз ва қуп-қуруқ чўнтак билан қарши олишди.

Улар ҳали ноябр ойи маошини ҳам тўлиқ олганларича йўқ. Бу ҳақда Озодликка жиззахлик ўқитувчиларнинг ўзлари маълум қилдилар.

- Президент Янги йил байрамида 10 фоиз ëрдам пули мукофот тарзида берилади, деб қарор чиқарган экан. Лекин ҳали биз ноябр ойининг ойлигини ҳам тўлиқ олмадик. Фақат 50 минг сўмдан аванс олдик. Декабр тўғрисида ҳали гап ҳам бўлиши мумкин эмас¸ - дейди ўқитувчилардан бири.

Бу ўқитувчининг сўзларига кўра, улар Президентнинг 10 фоизлик мукофотидан жуда хурсанд бўлган эдилар, лекин:

- Бу ëқдан ойликни ололмай ўқитувчиларнинг руҳияти жуда тушкун бўлди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Зиёдилло Раззоқов ҳам ўқитувчиларга ноябр ва декабр ойлари маошлари берилмаётганини тасдиқлар экан, Шароф Рашидов номидаги ўрта мактаб бошқа лицей ва коллежлардан «бегона»лаштирилаётганини таъкидлайди:

- Лекин бу фармонни жаноб ҳоким билан директорлар эътибордан четда қолдириб¸ бизнинг Зарбдор туманининг Бўстон шаҳарчасида жойлашган мактабнинг 100 дан ортиқ ходимларига 10 фоизлик маошни бермасдан, четда қолдирди.

Мана, бугун 2009 йилнинг иккинчи январи. Бизда бу мукофот пуллари берилмасдан қолиб кетди. Бўстон шаҳарчасида жойлашган маиший касб-ҳунар коллежи бор. Бу касб-ҳунар коллежи эса президентнинг фармонига тўла эътибор қилган ҳолда ишчи ходимларига 10 фоизлик мукофот пулини берган¸ - дейди Зиëдилло Раззоқов.

Биз нега ўқитувчилар икки ойдан бери маошсиз қолаётгани тўғрисида расмий томоннинг фикрини олиш мақсадида Зарбдор тумани халқ таълими бўлими мудири Бахтиёр Элмуродов билан боғландик.

Бахтиёр Элмуродов айбни банк ходимларига қўйди.

Мудир президент фармонига мувофиқ 10 фоизлик мукофот пулини берилмаётганини эса нақд пул тақчиллиги билан изоҳлади:

- Нақд пул бўлмаган. Мен душанба куни яна имзо қўйиб бераман, ҳаммасига 10 фоизлик мукофот пули берилади¸ - деди Зарбдор тумани халқ таълими бўлими мудири Бахтиёр Элмуродов.

Ўқитувчилар эса ҳозирча мудирнинг ваъдалари янги йилда амалга ошишини чин дилдан истаб, қора қозонларини сувга солиб ўтирибдилар.
XS
SM
MD
LG