Линклар

logo-print

Бензин нархи яна оширилди

  • Абдулла Искандар

Нефт мустақиллигига эришганини таъкидлаб келаëтган Ўзбекистонда ëнилғи нархини бозор эмас¸ балки ҳукумат раҳбарлари белгилайди.

Нефт мустақиллигига эришганини таъкидлаб келаëтган Ўзбекистонда ëнилғи нархини бозор эмас¸ балки ҳукумат раҳбарлари белгилайди.

Дунë бозорида нефт ва бензин нархи муттасил тушиб бораëтган бир пайтда Ўзбекистонда бензин нархининг ошаëтгани кузатувчилар таажжубига сабаб бўлмоқда.

Янги йилнинг биринчи кунидан бошлаб ҳайдовчилар АИ-80 русумли бензинни 1040 сўм, АИ-91 – 1150 сўм, АИ-95 – 1275 сўм нархга сотиб олишмоқда.

Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги АËҚШ вакили гапиради.

- Тошкентдами? Кўп эмас 20 сўмга ошди.

Озодлик: АИ-93 бензинининг бир литри неча пул бўлаяпти?

- 1150 сўм бўлаяпти.

Озодлик: Бензин олиш бемалолми? Яъни турнақатор навбат йўқми?

- Йўқ¸ бемалол олса бўлади. Сизларда неча сўм бўлаяпти?

Дунëда бензин нархи тушмоқда¸ деб жавоб беришимиз мумкин бу саволга.

Айни пайтда¸ минтақа ва дунё бозорларида нефт нархининг пасайиши ортидан мунтазам тарзда бензин нархи пасайиб келмоқда.

Мисол учун, қўшни Қирғизистонда АИ-93 бензинини шу кунларда 19,5 сўмдан (1 доллар 39,5 сўмга тенг) сотиб олиш мумкин, ҳолбуки икки ой аввал шу русумдаги бензин 30 сўмдан кам бўлмаган нархда сотилган эди.

Бензиннинг 20 сўмга қимматлагани Ўзбекистон аҳолисига сезилаяптими?

Биз бу савол билан таҳлилчи Комрон Алиевга мурожаат қилдик.

- Бу сезиладиган нарса. Чунки гап унинг арзимаган 20 сўмга ошганида эмас. Бу 10¸ 15¸ 20 сўмдан оширилиши доимий равишда амалга оширилиб келаëтган жараëн.

Тенденция натижасида ҳозир Ўзбекистондаги автобуслар масалан 350 сўмдан йўловчиларни олиб юраëтган бўлса¸ ҳаммасига “Ëқилғи маҳсулотлари қимматлашгани сабабли биз нархларни 400 сўмга чиқаришимиз мумкин” деб ëзиб қўйган.

Кўчада юрган таксиларда сиз ҳозир бирон жойга 1000 сўм билан бора олмайсиз. Ҳозирги пайтда энг кам масофага ҳам камида 1500 сўм олади.

Шаҳарнинг бир пунктидан иккинчи пунктига бориш ҳам 2000 сўмдан кам эмас. Ваҳоланки¸ бундан 3 ой илгари¸ борингки 5 ой илгари нархлар бутунлай бошқача эди. Яъни паст эди. Нархларнинг кўтарилиши¸ биринчи навбатда¸ бензин нархининг муттасил ошиб бориши билан белгиланади¸ дейди таҳлилчи Комрон Алиев.

Тошкентдаги АËҚШ вакилининг айтишича¸ жисмоний шахслардан бензин истеъмоли учун олинадиган солиқ ставкалари кўтарилгани учун ҳам бензин нархи кўтарилган. Унга кўра дунëдаги нефт нархи Ўзбекистонга таъсир қилмайди.

- Дунëдаги аҳволнинг бизга алоқаси йўқ.

Озодлик: Дунëда нефт¸ бензин нархи тушаяптику.

- Ҳа энди тўғри....

Озодлик: Сизларга тепадан буйруқ келадими?

- Ҳа¸ буйруқ келади. Буйруқ келмаса¸ ошира олмаймизку. Унга қарор чиқади¸ бизга янги нархлар бўйича қоғоз беришади. Биз ҳам нархни кейин ўзгартирамиз. Бензиннинг ўзининг нархи эмас¸ солиғи 20 сўмга ошди. Ўша 100 сўмдан 120 сўмга чиқди.

Озодлик: Малол келмаяптими бу? Ҳамма ерда тушаяпти¸ Ўзбекистонда ошаяпти.

- Энди малол келса¸ келмаса¸ буни биз ҳал қилмаймизку¸ ака.

АËҚШ вакилининг бу фикрини таҳлилчи Комрон Алиев мана бундай изоҳлади.

- Ўзбекистон иқтисодиëтида баъзи бир бозор элементлари мавжуд бўлгани билан аслида давлат томонидан бошқариладиган системадан иборат. Аслида нархларнинг қандай бўлишини¸ унинг тушиши ва кўтарилишини давлат белгилайди.

Бунинг учун тўғридан-тўғри биз белгилаймиз деб ҳеч қайси жойда айтиб чиқилган эмас. Давлат ҳаëтнинг ҳамма жабҳаларида ўзининг механизмини ўрнатиб қўйган¸ дейди таҳлилчи.

Комрон Алиевга кўра¸ бензиннинг қимматлаши бутун жабҳаларда қимматлаш пойгаси бошланишига олиб келади.

- Албатта¸ таъсир қилади. Чунки ишлайдиган ҳар қандай корхона транспортдан фойдаланади. Ўша транспортнинг харажатларига асосан бензин киради. Бундан ташқари соляркаларнинг¸ бензин маҳсулотларининг ҳам нархи ошади.

Қўшимча равишда айтишимиз мумкинки¸ АҚШда бир литр бензин 50 цент даражасида. Бошқа мамлакатларда ҳам бензин анчагина арзон.

Қозоғистондан келаëтган хабарларга кўра¸ у ëқда бензин ўзбек сўмига ҳисоблаганда 650 сўм атрофида экан. Демак¸ Ўзбекистон дунëда бензин энг қиммат бўлган мамлакатлардан биттаси.

Озодлик: Жаҳон иқтисодиëтининг Ўзбекистонга таъсир қилмаслиги балки хайрлидир?

- Халқаро инқирознинг Ўзбекистонга таъсири ҳукумат айтаëтганидан анча баланд. Ўзбекистон жаҳон бозорларига боғланмаган бўлишидан қатъий назар¸ кўплаб маҳсулотларни экспорт қилади.

Масалан газнинг¸ тилланинг нархлари пасайган. Ўзбекистоннинг экспорт потенциали қанчалик катта бўлса¸ шунга яраша катта зарар кўраяпти.

Ўзбекистонда сўнгги бор бензин нархи 15 сентябрда 200 сўмга кўтарилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG