Линклар

Ҳарорати совиëтган табрик

  • Сарвар Усмон

Ўтгандаги янги йил табрикларидан фарқли 2009 йил қутловида Ислом Каримов қийинчиликлар ҳақида ҳам сўз очди.

Ўтгандаги янги йил табрикларидан фарқли 2009 йил қутловида Ислом Каримов қийинчиликлар ҳақида ҳам сўз очди.

Ўзбекистон президентининг кейинги уч йил мобайнидаги анъанавий янги йил табриги "тагматн"идан халқ ва президент ўртасидаги муносабатлар силсиласига оид ишоратларни илғаш мумкиндек...

"Ассалому алайкум, муҳтарам ватандошлар! Қадрли дўстлар!"

Ўзимизнинг доимий саломимизни бу сафар Ўзбекистон президентининг саломига қўшиб юбордик.

Президент Каримовнинг янги йил табриги бу йил шундай бошланди:

"Ассалому алайкум, муҳтарам ватандошлар! Қадрли дўстлар!"

Эътибор беринг: "Ватандошлар" сўзидан сўнг ундов белгиси турибди - гап тугади.

Кейингиси: "Қадрли дўстлар!"

Демак, "ватандошлар" алоҳида, "дўстлар" алоҳида. Демак, Ўзбекистон президенти учун ватандошлар дўст эмас, дўстлари ватандош эмас.

Ҳазил. Ҳазиллашдик-да, энди!

Бугунги эшиттиришимизда Ўзбекистон президентининг кейинги 3-4 йил давомидаги Янги йил табрикларини қиёслаб ўрганмоқчимиз.

Зеро президент табриги матнларида ҳам жамият ҳаётидаги муайян қонуниятлар акс этади.

Аввало, табрикларнинг бошламаси – адресатларнинг аталиши тўғрисидаги кузатувларимиз.

Энг сўнгги табрикда адресатлар анча расмий аталган: Ҳозиргина айтдик: қуруққина қилиб "ватандошлар"у "дўстлар" деб қўйилган¸ холос.

Олдинги йилгиси анчайин илиқ – мана бундай эди: "Қадрли ватандошлар!", "Азизларим!"

2007 йил билан табриклаганда эса, президент "дўстларини" ҳам, "азизларини" ҳам тилга олмаган, фақат "Азиз юртдошлари, ватандошлари"ни қутлаган эди.

2006 йилги табриги янада иссиқроқ, коммунистча айтар бўлсак, "алангали" бўлган эди: "Азиз ватандошлар! Муҳтарам отахон ва онахонлар, опа-сингиллар, дўстларим, биродарларим!"

Шундай қилиб, биринчи хулоса: Ўзбекистон президентининг Янги йил табрикларидаги ҳарорат йилдан-йилга совуб бораяпти.

Агар шу тенденция давом этар бўлса, кейинги йилги табрик "Ҳурматли фуқаролар!" деб, ундан кейингиси "Просто фуқаролар, эркаклар ва аёллар, болалар ва қизлар, да, кстати, чоллару кампирлар!" деб, ва охир-оқибат, қачондир, масалан, 2050 йили "Эй, сен, оломон!", деб бошланиши мумкин.

Президент Янги йил табригининг қачондир айнан шундай бошланиши мумкинлигини қўрқмай тахмин қилиш мумкин: давлат бюджети тасарруфидаги Энг Катта Шоирнинг халққа қилган "Қачон халқ бўласан, эй, сен оломон!", деган таънаси ёдингиздадир?

Ўзбекистон президентининг кейинги 3-4 йил давомидаги Янги йил табрикларини қиёслаб ўрганишда давом этамиз.

Энг сўнгги табрик матнининг "самимий табриклайман" дейилган банди аввалгиларининг такрори – фақат синонимларда тафовут бор.

Бироқ бевосита табрикдан кейинги гаплар 2005, 2006 ва 2007 йилги табриклардаги гаплардан кескин фарқ қилади. Сўнгги табригида Ўзбекистон президенти, кутилмаганда, мамлакат иқтисодиёти 2008 йилда дуч келган қийинчиликлар тўғрисида очиқ ёзди. Мана эшитинг:

"Aйтиш керакки¸ якунланаëтган йил мамлакатимиз учун осон бўлмади. Йил давомида заҳматкаш деҳқонларимиз учун жиддий синов бўлган қаттиқ қурғоқчилик ва сув танқислигини¸ иқтисодиëтнинг бошқа соҳа ва тармоқлари ҳамда кундалик ҳаëтимиздаги турли қийинчиликларни енгиб ўтиш¸ бир қатор муаммоларни ҳал этиш учун катта куч ва имкониятларни сафарбар этдик",

дейилган президент табригида. Аслида, бу гаплар, яъни 2008 йилнинг оғир келгани президентнинг ватандошлари учун сир эмас. Мана улардан баъзиларининг фикрлари:

- 2008 йил аввалгиларга қараганда янада қийин бўлиб ўтди деб ўйлайман.

- Йил бўйи деҳқончилигимиз яхши бўлмай¸ пахтани совуқ уриб кетди.

- 2008 йилда бирорта ўзгаришни кўрмадик. Ҳаëтимизда ҳали айтарли ўзгариш бўлмаяпти.

Демак, оддий ўзбекистонликларнинг ортда қолган 2008 йил тўғрисидаги фикрлари президентнинг Янги йил табригидаги фикрлари билан бир хил чиқиб турибди. Демак, партия ва халқ... йўғ-э, Ўзбекистон президенти ва халқ якдил.

Хўш, нима учун 2005 йилда ҳам, 2006, 2007 йилларда ҳам Озодлик билан ўртоқлашар экан, оддий ўзбекистонликлар йилнинг оғир келганини айтар эдию¸ президент ўша йиллардаги табрикларида бу ҳақда лом-мим демас эди?

Нега бу йилги табригида йилнинг оғир келганини тан олиб ўтирибди?

Агар энг охирги табрикни диққат билан ўқисангиз, бу саволнинг жавобини ҳам топасиз. Мана эшитинг:

"2008 йилда вужудга келган ва тобора кучайиб бораëтган жаҳон молиявий инқирози оқибатларининг олдини олиш ва юмшатиш ҳисобидан иқтисодиëтимизнинг ўсиш суръатлари ва аҳоли фаровонлигига хавф туғдирмаслик мақсадида ўтган давр мобайнида ўта зарур дастурларни амалга оширишга тўғри келди ва бу ишлар бугунги кунда ҳам изчил давом этттирилмоқда",

дейилган президент табригида. Илғадингизми?

Ўзбекистон президенти бу йил биринчи бор "якунланаëтган йил мамлакатимиз учун осон бўлмади ", дер экан, бунинг сабабини ҳам кўрсатиб қўйди. Сабаб - "2008 йилда вужуда келган ва тобора кучайиб бораëтган жаҳон молиявий инқирози" дир. Табрикдан олдинроқ эса, президент мана бу гапни айтувди ҳам:

“Тобора чуқурлашиб бораëтган жаҳон молиявий инқирози мамлакатимизга таъсир кўрсатмайди¸ бизни четлаб ўтади деган хулоса чиқармаслигимиз зарур. Масалани бундай тушуниш ўта соддалик¸ айтиш мумкинки¸ кечириб бўлмас хато”.

Демак, шундай қилиб, иккинчи хулоса: Ўзбекистон президенти билан халқнинг ораси янада яқинроқ, алоқалари янада тиғизроқ бўлиши учун жаҳон молиявий инқирози янада кучайиши керак.

Инқироз қанча кучайса, мамлакатдаги муаммолар тўғрисида президент билан халқ шунча кўп бир хилда гапира бошлайди. Якдиллик пайдо бўлади. Демак, ўша муаммоларни ечиш йўлида ҳамкорлик бошланади. Яшасин молиявий инқироз!

Ўзбекистон президентининг кейинги 3-4 йил давомидаги Янги йил табрикларини қиёслаб ўрганишда давом этамиз.

Президент 2009 йил билан табриклар экан, Ўзбекистон халқига "бозор ва дўконлар расталари тўкин-сочин бўлиб¸ кўзни қувонтираëтгани¸ нарх-наво меъëридан ошмагани" ни эслатади.

Президент 2009 йил билан табриклар экан, Ўзбекистон халқига "сўнгги икки йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 9 фоиздан кам бўлмаганини¸ иш ҳақи¸ пенсия¸ стипендия ва нафақалар миқдори эса ўртача икки баробар ортгани" ни эслатади.

Бундай эслатмаларни 2005, 2006, 2007 йиллардаги табрикларда ҳам ўқиш мумкин.

Фақат, президент баъзи нарсаларни негадир халққа тушунтирмайди. Масалан, "нарх-наво меъëридан ошмади", дер экан, ўша "меъёр" нималигини, "иш ҳақи¸ пенсия¸ стипендия ва нафақалар миқдори эса ўртача икки баробар ортганини" эслатар экан, ўша ортган иш ҳақи нарх-навони қувиб етолмаётганини, "сўнгги икки йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 9 фоиздан кам бўлмаганини" эслатар экан, нима учун ўша суръат оддий ўзбекистонликнинг турмуш даражасида акс этмаётганини тушунтириб бермади.

Ўз табригида президент яна бир нарсани тушунтириб бермади: табрикдан билиндики, глобал молиявий инқироз Ўзбекистонга ҳам таъсир қилибди ва ҳукумат ўша таъсирни бартараф қилиш учун чоралар кўраяпти.

Маълумки, молиявий инқироз туфайли бир бочка нефтнинг жаҳон бозоридаги нархи қарийб 150 доллардан 35 долларгача тушиб кетди. Оқибатда дунё бўйлаб бензину солярка арзонлаяпти.

Лекин Ўзбекистонда эмас. Ўзбекистонда, хабарларга қараганда, президент табриги янграган куннинг эртасига бензину солярка яна қимматлади. Президент Янги йил табригида шуниям тушунтириб бермади.

Ўзбекистон президенти Янги йил табригида ҳар йилдагидай кириб келган йил учун вазифалар қўйди. Вазифаларки, баъзилари мунажжимларнинг башоратларидек.

Ватандошлар эса, фикри ожизимизча, конкрет гапни истайди. Масалан, баҳорга чиқиб, молиявий инқироз туфайли ўзимизгаям иш етмаяпти, деб Медведев-Путин ўзбекистонликларни ҳайдаб чиқарса, миллионлаб мардикор Ўзбекистонга қайтиб нима иш қилади, деган савол жавобини кутувди президентнинг ватандошлари.

Демак, шундай қилиб, учинчи хулоса: учинчи хулоса йўқ. Ҳозиргина қўйганимиз саволларни учинчи хулоса, деб тушунинг.

Ўзбекистон президентининг кейинги 3-4 йил давомидаги Янги йил табрикларини қиёслаб ўрганишда давом этамиз.

Гапни президент табрикномалари қандай бошланганидан бошлаган эдик. Қандай якунлангани тўғрисидаги кузатувларимиз билан якунламоқчимиз.

Президент 2006 билан табриклар экан: "Юртимиз тинч¸ халқимиз омон бўлсин!" деб тилак билдирган эди.

2007 йил учун ёзилган матнда ҳам худди шундай: “Юртимиз тинч¸ халқимиз омон бўлсин!”

Навбатдаги табрикда "юрт" "ватан"га айланди: "Ватанимиз тинч¸ халқимиз ҳамиша омон бўлсин".

Ва ниҳоят энг сўнгги табрикномада "ватан" ва "халқ" ёнига "осмон" ҳам қўшилди: "Ватанимиз тинч¸ халқимиз омон¸ осмонимиз мусаффо бўлсин!"

Эътибор берган бўлсангиз, тилакларда принципиал фарқ йўқ. Яхши, эзгу тилаклар. Фақат "Омин!" дейсиз.

Лекин сўнгги икки йил табриклари якунида битта кучли тафовут ҳам кўзга ташланди.

Президент ўз ватандошларини 2008 билан табриклар экан мана бу тилакни ҳам айтиб ўтган эди: "Парвардигор эл-юртимизни ўз паноҳида сақласин".

Энг сўнгги табрикда бундай тилак йўқ.

Энг сўнгги табригида Худо Каримовнинг эсидан чиқиб қопти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG