Линклар

logo-print

Туркман манати пўст ташлади

  • Абдулла Искандар

Марҳум туркманбоши Ниëзов сурати босилган 10 минг манатлик қоғоз бир кечада икки пулга дўнди.

Марҳум туркманбоши Ниëзов сурати босилган 10 минг манатлик қоғоз бир кечада икки пулга дўнди.

1 январдан Туркманистонда эски шаклдаги пулларни янгисига алмаштириш жараëни бошланди ва аввалги 5000 манатлик пул бир манатга айланди.

Янги пуллардан нoллар ғойиб бўлди. Янги пулнинг фақат энг йиригидагина марҳум туркманбоши сурати бор xолос.

Қолганларида Тўғрулбек¸ Султон Санжар¸ Ўғузхон¸ Гўрўғли каби қаҳрамонлар ва шоир Махтумқули суратлари бор.

Ҳукумат эски пулларнинг 2009 йил охиригача муомалада қолишини ваъда қилган бўлсада¸ аҳоли бу гапга ишонмаяпти.

Янги йил арафасида оддий одамлар ўз чўнтагидаги эски пулларини АҚШ долларларига алмаштириш ҳаракатида бўлишди.

Нархлар эски ва янги пулда

Туркманистон дўконларида молларнинг нархи эски ва янги манат шаклида ëзилмоқда¸ дейди туркманистонлик таҳлилчи Отагелди Гараев.

Айни пайтда Туркманистонда пулларнинг деноминация қилиниши аҳоли орасида турли хавотирларгасабаб бўлмоқда деган гаплар ҳам тарқалди.

Отагелди Гараевга кўра¸ пул алмашинуви ҳақида етарли тушунчага эга бўлмаган гуруҳлар орасидагина хавотир бор¸ холос.

- Ахборот ола олмасликнинг ўзиëқ аҳоли орасига ғулғула солмоқда. Улар шунча йилдан бери йиққан пулларимиздан бир кунда ажралиб қоламиз деб қўрқишмоқда. Аммо пул алмашиш механизмидан хабардор бўлганлар ўзларини хотиржам тутишмоқда¸ дейди Гараев.

Туркманистон кўчаларига осилган янги йил шиорлари ҳам пул алмашинувига ишорат қилмоқда.

Янги йил. Янги пул. Янги ҳаëт.

Туркманистоннинг “Олтин аср” канали эса пулини бемалол алмаштираëтган соҳибжамол туркман қизлари ҳақидаги клипларни туну–кун айлантирмоқда.

Пулингизни алмаштирмоқчимисиз? Марҳамат биз сизнинг хизматингиздамиз¸ дейишмоқда реклама қаҳрамонлари.

Айни пайтда рекламадаги умид оҳанглари одамлар юрагига кўчиб ўтмагани ҳам Ашхобод кўчаларида кузатилади.

Туркманларнинг “Туя бир сўм¸ қани бир сўм¸ туя минг сўм¸ мана минг сўм” деган эски мақоли бугунги кунда ўз ижобатини топгандай¸ дейди Отагелди Гараев.

- Мен одамлар хавотирга тушмаслигини ва керак кераксиз нарсаларга ўзларининг бор пулларини сарфламасликларини истар эдим¸ дейди Гараев.

Гараевнинг бу истагига қарама-қарши тарзда Туркманистондаги валюта айрибошлаш шохобчалари олдидаги навбатнинг қуйруқлари янги йилда яна узайгани кузатилди.

Бундай навбатлар магазинлар олдида ҳам кузатилмоқда. Айни пайтда¸ магазинлар пештоқига “Янги пул¸ янги ҳаëт” деган шиорлар осилган.

Беш юз манатлик янги пулдаги марҳум туркманбошининг сурати эса туркманистонликларга янги ҳаëт умидини эмас¸ балки эски тос¸ эски ҳаммом деган мақолни эслатмоқда.

Эшовидан тушови қиммат

Сув белгилари¸ зарҳал ҳимоя воситлари ва кўз илғамас ғадир-будир хавфсизлик белбоғлари билан зийнатланган пуллар Британиянинг машҳур «De La Rue International Limited» ширкатида¸ халқаро андозаларга уйғун тарзда чоп қилинди.

Қоғоз пуллар 1, 5, 10, 20, 50, 100, 500 манат қийматида чоп қилинган бўлса¸ тангалар 1, 2, 5, 10, 20, 50 қийматида зарб қилинди.

Дарвоқеъ¸ туркманлар тийинни танга деб айтадиган бўлишди. Илгари туркманлар тийинни “кўпик” дер эди.

Туркманистон Марказий банки янги пуллар қанчага тушганини айтмаяпти. Билган одамларга кўра¸ янги туркман бир манатини чоп қилиш бир манатдан қимматга тушган.

XS
SM
MD
LG