Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:09

Курд канали ишга тушди


TRT-6 деб номланган курд тилидаги телеканални очиш орқали Туркия расмийлари мамлакатдаги курдларни ахборот билан таъминлаш ва Курдистон ишчи партияси таъсирини камайтиришни кўзламоқдалар.
TRT-6 деб номланган курд тилидаги телеканални очиш орқали Туркия расмийлари мамлакатдаги курдларни ахборот билан таъминлаш ва Курдистон ишчи партияси таъсирини камайтиришни кўзламоқдалар.

Давлатга қарашли Радио ва Телевидениеларнинг курд тилидаги TRT-6 канали 1 январ куни Туркия байроғи намойиши ва давлат мадҳияси ижроси билан ўз фаолиятини бошлади.

Ундан олдин Бош вазир Ражап Тайип Эрдўғон Туркия раҳбарлари ичида биринчи бўлиб курд тилида “TRT 6 канали фойдали бўлсин”, деган истак билдирган эди.

TRT дастлаб 2004 йилда курд тилида 30 дақиқалик ҳафталик дастурларни эфирга узата бошлаган эди. Унинг ишга тушгани Европа Иттифоқи оз сонли миллатлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш хусусида Туркия ҳукуматига кўрсатган босимининг натижаси сифатида баҳоланган эди.

Аммо 24 соатлик узлуксиз телекўрсатувлар бошлашдан катта мақсадлар кўзлангани айтилмоқда.

Туркиялик журналист ва сиёсий шарҳловчи Мустафо Оқйўл курд тилидаги телеканал ишга тушганида хайр кўради:

- Давлат ўз хатоларини кўрди. Оз муддатда, айниқса, Адолат ва тараққиёт партияси етакчилигидаги ҳозирги ҳукумат ва Европа Иттифоқидаги жараёнлар туфайли Туркия давлати ўз сиёсатини ўзгартира бошлади ва курд фуқароларни ўзлиги билан бирга қучди.

TRTда курд тилидаги каналнинг бўлиши жуда муҳим. 10 йил олдин буни тасаввур қилиш мумкин эмасди. Курдларнинг аксари бундан мамнун эканини биламан¸ - дейди Мустафо Оқйўл.

Туркияда 15 миллион курд яшайди. Улар мамлакат аҳолисининг 20 фоизини ташкил этади.

Курдлар, асосан, Туркиянинг шарқий ва жануби-шарқий вилоятларида Эрон, Ироқ ва Сурия билан чегарадош минтақаларда истиқомат қилади. Қароргоҳи Данияда жойлашган “Roj TV” ҳозирда шу минтақада яшовчи курдлар орасида энг машҳур телеканал ҳисобланади.

Туркия расмийлари бу телеканалга мустақил курд давлати қуриш учун қуролли кураш олиб бораётган Курдистон ишчилар партиясининг матбуот органи сифатида қарайди. Анқара, Вашингтон ва Европа Иттифоқи КИПни 1984 йилдан бери террорчи гуруҳ сифатида эътироф этиб келмоқда.

Мустафо Оқйўл фикрича, TRT 6 телеканалини ишга туширишдан кўзланган яна бир мақсад сунъий йўлдош орқали эфирга узатиладиган миллатчилик руҳидаги “Roj TV”ни кўрадиган курдлар сонини камайтиришдан иборат. Шунингдек, мазкур телеканални ишга тушириш орқали XXI асрда Туркияни демократлаштириш жараёнини давом эттириш мақсади ҳам кўзланмоқда:

- Ҳозир ҳар қачонгидан кўп ахборот воситалари фаолият юритмоқда. Одамларнинг кўпи ўқиган ва мамлакат иқтисодиёти дунё иқтисодиётига интеграциялашган. Бу турли гуруҳлардан ташкил топган жамият ва ҳукумат бу воқелик билан ҳисоблашишга ҳаракат қилаяпти.

Аввало, Туркия курд фуқаролар қалбидан жой эгаллашга умид қилмоқда. Айни пайтда бу ҳақиқий демократия эканини кўрсатишга уринаяпти¸ - дейди туркиялик журналист ва сиёсий шарҳловчи Мустафо Оқйўл Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG