Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:11

Тожикистонда электр нархи ошди


Тожикистонликлар мамлакатнинг ўзида электр қуввати ишлаб чиқарувчи кўплаб иншоотлар бўлишига қарамай, расмийлар электр нархини йилдан-йилга ошириб юбораётганидан норози бўлмоқдалар.
Тожикистонликлар мамлакатнинг ўзида электр қуввати ишлаб чиқарувчи кўплаб иншоотлар бўлишига қарамай, расмийлар электр нархини йилдан-йилга ошириб юбораётганидан норози бўлмоқдалар.

Тожикистон ҳукумати чиқарган янги нархномага мувофиқ, 2009 йилнинг 1 январидан эътиборан электр нархи 25 фоизга ошди.

Ўтган йили фойдаланилган электрнинг ҳар кВт/соати учун 4,8 дирам тўлаб келган тожикистонликлар янги 2009 йил бошидан бу миқдор электрни 6 дирамдан сотиб ола бошлайди.

Саноат корхоналари эса, янги нархномага мувофиқ, бир кВт/соат электр учун 13,68 дирам тўлашлари керак бўлади. Аммо мамлакатнинг йирик саноат корхонаси саналмиш “Талко” бундан истисно қилинибди.

“Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкати масъулларининг билдиришларича, жаҳон молиявий инқирозининг “Талко” алюминий ишлаб чиқариш саноати фаолиятига ҳам таъсирини эътиборга олган ҳолда, Тожикистон ҳукумати бу корхона учун электр қувватини олдинги нархда, яъни 5,15 дирамдан сотишга қарор қилган.

Таҳлилчиларга фикрича, Тожикистонда электр қуввати бўйича янги нархнома Жаҳон банки экспертлари таклифига биноан қабул қилинган.

Маълум бўлишича, Жаҳон банки экспертлари Тожикистон ҳукуматига 2012 йилга қадар электр нархини босқичма-босқич ошириб бориш таклифини киритган. Акс ҳолда, хорижлик экспертларга кўра, Тожикистон ҳукумати гидроэнергетик иншоотларга доир лойиҳалари учун берилган қарзларини ўз вақтида қайтара олмаслиги мумкин.

Бироқ “Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкати бош муҳандиси ўринбосари Рашид Гулов бу маълумотларни рад этар экан:

- Электр нархининг оширилишидаги асосий сабаб энергетика соҳасини энг даромадли соҳага айлантиришдир. Шу билан бирга, бундан мақсад ҳам хорижий, ҳам ички сармояларни мазкур соҳага жалб этиш ортидан яқин келажакда энергетика мустақиллигини қўлга киритишдан иборат, - деди.

“Барқи тожик” ширкат масъулига фикрича, агар маблағ бўлмаса, янги ГЭСлар қуриш амри маҳол. Ундан ташқари, электр узатиш тармоқлари ва умуман энергетика тизимини қайта таъмирлаш учун ҳам катта маблағ зарур.

- Шуни назарга олган ҳолда, Тожикистон ҳукумати 2010 йилга қадар электр қувватига бўлган нархни то 10,5 дирамгача оширишга қарор қилди, - деди “Барқи тожик” вакили Рашид Гулов.

Унинг маълум қилишича, айни кунларда Тожикистонда кунига 40 миллион кВт/соат электр ишлаб чиқарилмоқда. Бу миқдор электр мамлакат корхоналари ва аҳолиси учун етарли бўлмагани сабабли Тожикистон қиш мавсумида электр қувватининг 70-80 фоизини Ўзбекистон ва Туркманистондан импорт қилади.

Аммо “Барқи тожик” ширкати расмийсига кўра, шу кунларда Ўзбекистон ва Туркманистондан электр узатилиши тўхтатилган.

- Ҳар йили ёз мавсумида биз Ўзбекистонга узатадиган 900 миллион кВт/соат электр эвазига қишда 600 миллион кВт/соат электр қуввати импорт қиламиз ва бу борада ҳар йили янги шартнома имзоланади. Аммо 2009 йил учун Ўзбекистон билан ҳали шартнома имзоланмадик.

Туркманистондан олинадиган 1 миллиард 200 миллион кВт/соат электрни ҳам Ўзбекистон орқали транзит қиламиз. 2008 йил охиригача шу миқдор электрнинг 100 миллион кВт/соатини олдик. Аммо қолган миқдорини транзит қилиш ва унга оид нарх бўйича Ўзбекистон билан шартнома имзоланмагани сабабли ҳозирча иккала давлатдан ҳам электр олинмаяпти, - деди Рашид Гулов.

Аммо “Барқи тожик” ширкат масъули келгуси ҳафтадан бу муаммолар ўз ечимини топишига ишонч билдирди.

Гарчи Рашид Гулов бу оддий ҳол эканини ва электр импорти борасида Ўзбекистон билан мутлақо муаммо йўқ эканига ишонтирса-да, мустақил кузатувчилар туркман электрини Ўзбекистон орқали транзит қилиш масаласи ҳам йил сайин сиёсийлашиб бораётганини таъкидламоқдалар.

Қайд этиш жоизки, Туркманистондан сотиб олинадиган 1,2 миллиард кВт/соат электрнинг ҳаммаси мамлакатдаги алюминий ишлаб чиқариш корхонасига берилади.

- Марказий Осиёда ягона алюминий ишлаб чиқариш корхонасининг Ўзбекистон экологиясига зарарлари борасида кўп гапирилган ва Ўзбекистон президенти Ислом Каримов шахсан бу корхона фаолиятига тиш-тирноғи билан қарши. Шу важдан Ўзбекистон томонининг туркманлар электрини нима учун транзит қилишни пайсалга солаётгани ўз-ўзидан маълум, - дейди таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов.

Айни пайтда табиий газ таъминотидан батамом узилиб қолган оддий тожикистонликлар электр қувватига нархнинг кўтарилишидан норозилик билдирмоқдалар.

Душанбе шаҳридаги кўп қаватли биноларнинг бирида истиқомат қилиб турган Шарофатхон ая қиш палласида аҳолининг электрга эҳтиёжи ошишини била туриб ҳукумат бу қарори билан зўрға кунини кўраётган аҳолини ночор аҳволга солиб қўйганини айтади:

- Ўзимизда шунча ГЭСлар қурилиб ҳам электрни қиммат қилганини ҳар бир тожикистонлик ёмон қабул қилади. Айниқса, нафақахўрларга қийин. Олаётган 60 сомонийсини минг кВт/соат электрга берадими, нон пули қиладими? Табиий газ йўқ.

Кўп оилаларнинг даромади Россиядан эди. Мана, бу масала ҳам қийин бўлиб қолди. Халқ қаердан беради? Энди бизга қийин бўлади. Барибир халқнинг кучи етмайди, бера олмайди, қарздор бўлади.
Халқ кўп нарсаларга норози, аммо бизнинг кучимиз нимага етади? -дейди душанбелик Шарофатхон ая.

Қайд этиш жоизки, Тожикистон ҳукумати электр қуввати бўйича тасдиқлаган янги нархнома жорий йил 1 январидан кучга кирди.
Бундан буён тожикистонлик фуқаролар минг кВт/соат электр учун аввалги сал кам 50 сомоний ўрнига энди 60 сомоний ёки 17 доллар тўлайдиган бўлдилар.
XS
SM
MD
LG