Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:58

Газ бўйича битимга эришилди


Газ нархининг бу йил янада қимматроқ бўлишидан хабар топган кўплаб тожикистонликлар уйларига келган газ қувурларини уздириш тараддудига тушиб қолдилар.
Газ нархининг бу йил янада қимматроқ бўлишидан хабар топган кўплаб тожикистонликлар уйларига келган газ қувурларини уздириш тараддудига тушиб қолдилар.

Ўзбекистон 2009 йилда Тожикистонга табиий газ ҳар минг куб метрини 240 доллардан сотади. 31 декабр куни газ бўйича Тошкентда ўтказилган ўзбек-тожик музокаралари ниҳоясида ана шундай қарорга келинган.

26-31 декабр кунлари Тошкент музокараларида қатнашиб қайтган “Тожикгаз” давлат унитар корхона раиси Фатҳиддин Муҳсиддиновнинг Озодликка билдиришича, Ўзбекистон томони 2009 йил табиий газ ҳар минг куб метри учун 300 доллардан сўраган.

- Музокаралар жуда оғир ва баҳсли кечди. Жаҳонда ёнилғи нархлари нисбатан пасаяётганига қарамай, ўзбек биродарларимиз табиий газ нархини белгилашда буни инобатга олмади.

Биз Ўзбекистондан 2008 йилги нарх, яъни табиий газ ҳар минг куб метрини 145 доллардан сотишини сўрадик. Аммо давомли баҳслар ва давлат раҳбарлари аралашувидан сўнг Ўзбекистон томони газини аввал 270 доллар, кейин эса 250 ва ниҳоят, 240 доллардан сотишга рози бўлди. Бу бўйича 31 декабр куни икки ёқлама шартнома имзоланди.

Биз учун бу нарх жуда қиммат. Лекин начора, - дейди “Тожикгаз” расмийси.

Муҳсиддинов 2009 йилда “Тожикгаз” корхонаси мамлакат аҳолиси ва саноат корхоналари учун Ўзбекистондан олинадиган табиий газни неча сомионийдан сотиши ҳозирча номаълумлигини билдирди.

Айни пайтда ўзбек газининг бу қадар қииматлашганидан ташвишга тушиб қолган тожикистонликларнинг аксарияти уйларига тортилган газ қувурларини кесиб ташлашларини айтмоқдалар.

Душанбелик Асолат ая 60 сомоний, яъни тақрибан 17 доллар нафақа олади. Аянинг айтишича, газ нархининг ошиши кўпроқ нафақахўрлар, ишсиз ва даромадсиз оилалар учун жабр бўлди:

- Газ қувурларини қирқтириб ташлаймиз - нима керак? Қаердан оламиз бунча пулни иш бўлмаса, даромад бўлмаса? Аҳолимизнинг кўпи қашшоқ яшайди. Унинг ўрнига баллонли газ оламиз. 50 сомоний битта газ балон. Бир ой ишлатиш мумкин, ҳам арзон тушади. Янги йилдан газ қувурларини қирқтирамиз газчиларни чақиртириб, - дейди Асолат ая.

Соҳа мутахассислари ўзбек табиий газига бўлган нархнинг ҳар йил ошиб боришида сиёсий омиллар ётганини таъкидлашади.
Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлигининг ўз номини айтмаган бир ходими фикрича, “Тожикистон ўз энергетик иншоотларига доир лойиҳаларида Ўзбекистон билан ҳисоблашмаётгани у томоннинг ҳам, қайси йўл билан бўлмасин, Тожикистон иқтисодиётига босим ўтказишига имкон яратмоқда”.

Бироқ мустақил кузатувчи Шокиржон Ҳакимов бу фикрларга қўшилмайди.

- Ҳар бир давлат ўз иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида сиёсат юргизади. Бу унинг ҳаққи. Украина ва Россия ўртасида ҳам табиий газ нархи бўйича тортишувлар давом этмоқда. Аммо Ўзбекистон, улардан фарқли ўлароқ, ўз қўшнилари Тожикистон ва Қирғизистонга хайрихоҳлик қилиб, газ ҳар минг куб метрини 350 ёки 400 эмас, балки 240 доллар этиб белгилади. Айтиш жоизки, бу ерда фақат иқтисодий манфаатлар кўзланган, сиёсий эмас.

Албатта Тожикистон ҳукумати бу йил ўтган йилларга нисбатан жуда кўп қийинчиликларга юзма-юз келади.

Ўз навбатида, электр ва табиий газга нисбатан тақчиллик сезаётган тожикистонликларнинг ҳам ҳукуматга тамоман ишончи қолмайди, - дейди мустақил кузатувчи Ҳакимов.

Қайд этиш жоизки, 2008 йил Тожикистон ўзбек газининг ҳар минг куб метрини 145 доллардан сотиб олганди.

Икки ёқлама шартномага мувофиқ, Тожикистон Ўзбекистондан ўтган йил 650 миллион куб метр табиий газ сотиб олиши керак эди. Аммо Тожикистон томони фойдаланилган газ пулини вақтида тўлай олмай, Ўзбекистондан 12 миллион доллар қарздор бўлиб қолгани сабабли Тожикистон шу миқдор газнинг 500 миллион куб метрини ололди, холос.

Таҳлилчилар эса жорий йилда Тожикистоннинг “Ўзтрансгаз” ширкати олдидаги қарзи 2008 йилдагидан-да кўпроқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

“Тожикгаз” давлат унитар корхонасидан олинган маълумотларга кўра, Тожикистон 2009 йилда Ўзбекистондан 500 миллион куб метр табиий газ импорт қилмоқчи.
XS
SM
MD
LG