Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:09

“Террорчи” уйидан чиқарилмаяпти


Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Зиёдилло Раззоқов ўзини ҳуқуқлари топталаётган ўзбекистонлик мактаб болаларининг устози ва ҳимоячиси, деб билади.
Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Зиёдилло Раззоқов ўзини ҳуқуқлари топталаётган ўзбекистонлик мактаб болаларининг устози ва ҳимоячиси, деб билади.

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида истиқомат қилувчи ҳуқуқ ҳимоячиси Зиёдулло Раззоқов 3 январ куни уй қамоғига олинди.

Бир неча кун аввал - Янги йил арафасида ўтказилган бир йиғилишда эса туман ҳокими Раззоқовни "террорист" деб эълон қилган эди, деб хабар қилди Жиззах вилоят ҳуқуқ ҳимоячилари ассоциацияси.

Бу хабарни олгач, воқеа тафсилотларини ўрганиш учун Зиёдулло Раззоқовнинг ўзига қўнғироқ қилдик.


Озодлик: Сизни уй қамоғида сақлашаяпти, ташқарига чиқаришмаяпти, деган хабар келди. Шу ростми?

Зиёдилло Раззоқов: Ҳа, мен ҳозир уйдаман, ташқарига чиқаришмаяпти. Менга: “Уйдан ташқарига чиқмайсан”, деб айтишаяпти.

Озодлик: Сизни ўз уйингизга ким қамаб қўйди? Қандай қилиб қамаб қўйди? Ҳозир ташқарига чиқишингиз мумкинмасми?

Зиёдилло Раззоқов: Ташқарига чиқишим мумкин, лекин фақат ўз уйим атрофида юришим мумкин. Бошқа жойга боришим мумкинмас.

Озодлик: Ҳовлингиз дарвозаси олдида биров борми?

Зиёдилло Раззоқов: Ҳовлимнинг дарвозасида ички ишлар ходимлари бор эди. Тушгача улар шу ерда айланиб юришди. Бирови олдимга келиб: “Бугун Жиззахга бормоқчи экансиз - бормайсиз”, дейишди. Мен: “Яхши, бормасам бормайман”, дедим.

Озодлик: Ким ўша “бормайсиз” деган, унинг конкрет исми-фамилияси борми?

Зиёдилло Раззоқов: Улар бизга фамилия-исмларини айтишмайди. Улар террорчиликка қарши кураш бўлими ходимлари.

Озодлик: Сиз буни қаердан биласиз?

Зиёдилло Раззоқов: Биз уларни яхши биламиз, улар ҳам бизни яхши билади. Фақат улар исмини ҳар хил атайди. Мен ишлаган мактаблардаям, кўчалардаям юрарди. Улар уйимизни доимий назоратга олиб юрган ички ишлар ходимлари.

Озодлик: Сизнинг ҳаракатларингизни чеклаш қачон бошланди? Бугун бошландими, кеча бошландими?

Зиёдилло Раззоқов: 30 декабр куни мени ишдан бўшатишди, ўшандан буён менга нисбатан назорат кучайган.

Озодлик: Нима учун ишдан бўшатишди, ким бўшатди?

Зиёдилло Раззоқов: Мен мактабда ишлардим, меҳнатдан дарс берардим. Мени туман ҳокими буйруғи билан мактаб директори Хўжам Бекамов ишдан бўшатди.

Озодлик: Ишдан бўшатиш ёки ишга қабул қилиш мактаб директорининг ваколатига кирмайди-ку? Ёки ҳозир Ўзбекистонда мактаб директори ўзи буйруқ чиқара оладими?

Зиёдилло Раззоқов: Худди шундай. Чунки бу ҳам юридик мақомга эга бўлган бир ташкилот. Унинг қўлидаям муҳр ва штампи бор. Ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади.

Озодлик: Авваллари ўқитувчини туман халқ таълими бўлими ишга олиб, ишдан бўшатарди-ку...

Зиёдилло Раззоқов: Ҳозир бундай эмас. Мени ишдан бўшатганининг сабаби шундай бўлдики, охирги пайтларда фуқароларга ҳуқуқий ёрдам ва амалий маслаҳатлар беришларимиз, тумандаги камчиликларни бартараф этишда халқаро оммавий ахборот воситаларига бевосита маълумотлар бераётганимиздан булар хабар топганларидан кейин бизни давлат ташкилотларида ишлашдан четлатиш ва фаолиятимизни тўхтатишга булар астойдил бел боғладилар.

Озодлик: Сизни ишдан бўшатиш тўғрисида мактаб директорига буйруқни туман ҳокими берганини айтдингиз. Қаердан биласиз буни?

Зиёдилло Раззоқов: Чунки туман ҳокими 2008 йилнинг декабр ойида туман ҳокимияти биносида ўтказилган катта йиғилишда ташкилотлар раҳбарларига: “Биз туман ички ишлар бошқармаси кучи билан Бўстон шаҳарчасида яшайдиган ҳуқуқ ҳимоячиси Зиёдилло Раззоқов ва унинг аъзоси Ҳасанбоев Оллоназарлар қўлидаги чекини тортиб олдик, Зиёдилло Раззоқовни эса ишдан бўшатдим. Мен туманни шунақанги террорчилардан тозалаяпман”, деган гапни айтган.

Озодлик: Сиз ўзингиз эшитдингизми бу гапни?

Зиёдилло Раззоқов: Менга бу гапни ўша йиғилишда иштирок этганлар етказишди.

Озодлик: Демак, сизни туман ҳокими террорчи деб атади, шунақами?

Зиёдилло Раззоқов: Худди шундай.

Озодлик: Террорчи эканлигингиз ҳақида суд қарори борми-йўқми?

Зиёдилло Раззоқов: “Террорчилигим” ҳақида суднинг ҳеч қанақа қарори йўқ. Мен террорчи эмасман, мен ёшларга таълим-тарбия берадиган оддий ўқитувчиман. Қолаверса, халқаро ташкилотнинг ишончли вакилиман.

Озодлик: Нима учун айнан бугун сизнинг ҳаракатингизни чеклаб қўйишди?

Зиёдилло Раззоқов: Бугун Жиззах вилоятидаги инсон ҳуқуқлари ассоциациясининг йиғилиши бўлиши керак эди. Телефон орқали сўзлашувларимиздан йиғилиш ҳақида хабар топганларидан кейин ўша йиғилишни ўтказдирмасликка булар бел боғлашди. Ўша йиғилишда ҳеч нарса муҳокама қилинмасин, ҳуқуқ фаоллари бир-бири билан алоқада бўлмасин, деган мақсадда шахсан мени йиғилишга боришимга йўл қўйишмади.
XS
SM
MD
LG