Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:01

Ғазо бўҳрони авж олмоқда


Ғазодаги ҳужумлар қарийб ярим минг фаластинликнинг ёстиғини қуритди.
Ғазодаги ҳужумлар қарийб ярим минг фаластинликнинг ёстиғини қуритди.

Исроил ҳарбийларининг Ғазо бўлгасига ҳужумлари иккинчи ҳафта давом этмоқда. БМТ расмийлари эса Ғазодаги гуманитар бўҳрон чуқурлашаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.

Исроил муҳим маҳсулотлар Ғазога кўпроқ олиб ўтилишига рухсат берганига қарамай, Ғазода ҳамма нарса етишмаяпти.

Ғазо Секторидаги БМТга қарашли ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар маълумотига кўра, саккиз кун олдин бошланган ҳарбий ҳаракатлар давомида ҳозирга қадар ўрта ҳисобда ҳар 20 дақиқада битта ҳаво зарбаси амалга оширилмоқда.

Исроил ҳарбийлари ҳозирга қадар Ғазода амалга оширган 700 дан ортиқ ҳаво ҳужуми оқибатида 430 дан зиёд фаластинлик нобуд бўлди, икки мингдан кўпроқ одам яраланди. Исроил ракеталари Ғазодаги бинолар ва йўлларни ҳам вайрон қилди.

Ғазода яшовчилар Исроилнинг ҳужумига турлича муносабат билдирмоқда.

- Ҳозирги воқеалар улар (яъни исроилликлар) халқни террор қилишни хоҳлаётгани учун содир бўлмоқда. Аксинча, бу бизни кучлироқ қилиб, қатъиятимизни ошираяпти, – деди Ғазо шаҳрида яшовчи фаластинликлардан бири Муҳаммад Харуб Ройтер ахборот агентлиги мухбирига.

Исроил Ғазонинг бомбардимон қилиниши оқибатида фаластинликлар Хамас аъзоларини Исроилга ракета отишни тўхтатишга чақиришига умид қилмоқда. Аммо ракета ҳужумлари давом этаяпти.

3 январь куни фаластинликлар камида олтита ракета отгани оқибатида икки исроиллик яраланди. Хамас аъзолари ҳозиргача Исроил ҳудудига 500 дан зиёд ракета отди. Фаластинликлар Исроилга уюштирган ракета ҳужуми натижасида тўрт исроиллик ўлди.

Хамас ҳаракатининг Дамашқ шаҳрида сургунда яшаётган раҳбари Холид Машъал Исроил армияси Ғазога бостириб кирса, “мудҳиш хатолик” бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Ал-Жазира телеканали орқали намойиш қилинган видеотасмада Машъал Исроилнинг ҳужумлари Хамаснинг қаршилиги ва инфратузилмасига путур етмаганини таъкидлади.

Айни пайтда Исроилнинг Ғазога уюштираётган ҳужумларига норозилик билдириш учун Афғонистон пойтахти Кобулда Исроил ва Америкага қарши шиорлар билан юзлаб одам намойиш ўтказди.

2 январ куни Яқин Шарқ тинчлик жараёни бўйича БМТнинг махсус мувофиқлаштирувчиси Роберт Серри Исроил Ғазо бўлгаси чегарасига кўп сонли қўшин ва танклар тўплагани, Ғазога қуруқликдан ҳужум уюштириш шундоқ ҳам танг вазиятни янада мураккаблаштириши хусусида жиддий хавотир билдирди:

- Биз бундай чуқур хавотирдамиз Чунки бу зўравонликлар давом этишига туртки бўлади ва можаро янада аланга олишига сабаб бўлади. Буни тўхтатиш керак, – дея баёнот берди БМТ расмийси.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун эса дунё раҳбарларини ўт очишни тўхтатиш йўлидаги урнинишларни кучайтиришга чақирди.

Яқин Шарқ можаросига ечим топишда воситачилик қилиш мақсадида 5 январь куни Франция президенти Николя Саркозининг минтақага сафар қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG