Линклар

Медведев Ўзбекистонга боради


Россия президенти Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга қилажак расмий сафари чоғида қандай масалалар муҳокама этилиши ҳозирча жамоатчиликка номаълум.

Россия президенти Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга қилажак расмий сафари чоғида қандай масалалар муҳокама этилиши ҳозирча жамоатчиликка номаълум.

Россия президенти Дмитрий Медведевнинг Тошкентга расмий сафари 22-23 январ кунларига мўлжалланган.

Бу ҳақда Прайм-ТАСС ахборот агентлиги Россия президенти интернет сайтига таянган ҳолда хабар берди.

Бироқ расмий сафар доирасида қандай масалалар муҳокама этилиши ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Ўтган йили Россия ва Ўзбекистон президентлари бир неча маротаба, жумладан, июл ойи бошида МДҲнинг Санкт-Петербургада ўтган норасмий саммитида ҳам учрашган эдилар.

Ўшанда Россия раҳбари билан учрашув чоғида Ўзбекистон президенти Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ҳамда ЕврОсиё иқтисодий ҳамжамиятини “кучли ташкилот ташкил этиш мақсадида” бирлаштиришни таклиф қилган эди. Бироқ Д. Медведев бу таклифни МДҲдаги ҳамкасблари билан биргаликда муҳокама қилиш зарурати борлигини айтганди.

Мана шу учрашувдан кўп ўтмай Ўзбекистон ЕврОсиё иқтисодий ҳамжамиятидан чиқишини билдирган эди. Бу воқеани айрим таҳлилчилар Ўзбекистон раҳбарининг Россиядан узоқлашуви ҳаракати, айримлар эса И.Каримовнинг ўз таклифларини инобатга олмаган Россия раҳбариятига арази сифатида баҳолаган эдилар.

Айни пайтда Россия оммавий ахборот воситалари Д. Медведевнинг И. Каримовга йўллаган янги йил табриги матнига асосланган ҳолда, “икки давлат ўртасида ҳеч қандай келишмовчиликлар йўқ ва Ўзбекистон Россиядан узоқлашишга ҳаракат қилмайди”, деб ёзмоқдалар.

Д.Медведев янги йил арафасида И.Каримовга йўллаган табригида “ўтган йил стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик принципларига асосланган Россия-Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлангани” айтилади. Шунингдек, Россия президенти ўз табригида “ янги йилда Россия ва Ўзбекистон муносабатлари янада кучлироқ ривожланишига” умид билдиради.

Бу ҳақда хабар берган Прайм –ТАСС ахборот агентлиги шу ўринда И.Каримов ҳам Санкт-Петербургдаги учрашув чоғида Д. Медведевга “бундан буён ҳам муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун бор имкониятлар ишга солиниши” ҳақида ваъда берганини эслайди.

Шунингдек, Россия президентининг Ўзбекистон раҳбарига йўллаган янги йил табригида Тошкентда бўлажак учрашув ҳақида ҳам сўз боради. Россия президентининг расмий сайтида чоп этилган табрик матнида, жумладан, мана буларни ўқиш мумкин:

“Мен 2009 йилнинг 22-23 январида барча йўналишлар бўйича алоқаларимиз ривожига катта импулс беришга қаратилган Тошкентда ўтказилажак музокараларимизга тайёргарлик ишларига катта эътибор қаратмоқдаман”, -дейилади Д. Медведевнинг И.Каримовга йўллаган табригида.
XS
SM
MD
LG