Линклар

Ғазо ишғоли давом этмоқда

  • Фаррух Юсуфий

Ғазода жанглар оқибатида 500 га яқин одам нобуд бўлгани ва 2500 одам жароҳатлангани хабар қилинмоқда.

Ғазода жанглар оқибатида 500 га яқин одам нобуд бўлгани ва 2500 одам жароҳатлангани хабар қилинмоқда.

Исроил пиёда қўшинлари ва зирҳли машиналари Ғазо ишғолини давом эттириб, минтақани иккига бўлди. Байт Ҳанун шаҳарчаси ҳам қуршаб олинган.

Исроил кучлари ҳаводан, ердан ва денгиздан уюштирилаётган бомбардимон ёрдамида Ғазо шаҳридаги позицияларни ҳамда унинг ёнидан ўтувчи йирик йўлни эгаллади.

Ҳамас ҳаракати ўз кучларининг яҳудий қўшинлари билан “юзма-юз жангларда” тўқнаш келганини маълум қилди.

Исроил Мудофаа вазири Эҳуд Барак амалиёт тез ва осонликча якунланмаслигини билдирди:

-Қуруқликдаги операция биз режалаштиргандек ўтмоқда. Ҳозирча кун ботгани йўқ, лекин айтиб ўтганимиздек, амалиёт оддий ва қисқа бўлмайди. Лозим топилса ҳарбий амалиётни кенгайтирамиз,- деди Исроил мудофаа вазири Эҳуд Барак.

Фаластин расмийларига кўра, қуруқликдаги ҳужум шанба куни бошланганидан бери 50 киши нобуд бўлган. Яҳудий армияси ўзининг бир аскари ҳалок бўлгани ва 30дан ортиғи жароҳатланганини маълум қилди.

Исроил бир ҳафта аввал ҳаво ҳужумларини бошлаганидан бери 500га яқин фаластинлик ҳалок бўлгани ва 2500га яқини жароҳатлангани айтилмоқда. Ҳамаснинг ракета ҳужумларидан эса тўрт исроиллик ҳалок бўлган.

Айни пайтда БМТ Ғазода гуманитар бўҳрон авж олиши мумкинли тўғрисида огоҳлантирмоқда.

Шунга қарамай, Исроил қўшинларининг Ғазога киритилишини тўхтатишга оид БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда мажлиси натижасиз якунланди.

Хавфсизлик кенгашига раислик қилаётган Франциянинг БМТдаги элчиси Жан Маурис Риперт сўзларига кўра, кенгаш аъзолари Ғазода зудлик билан ўзаро ўт очишни тўхтатишни назарда тутувчи резолюция борасида бир қарорга келиша олмаганлар.

Араб давлатлари эса резолюцияни қабул қилинишига АҚШ қаршилик кўрсатаётганини билдирдилар.

Айни пайтда Франция Исроил ҳаракатларини кескин қоралади. Фаластин президенти Маҳмуд Аббос эса Исроилни агрессияда айблади.

Шунингдек, Россия Исроилнинг Ғазода қуруқликдаги амалиётни бошлаганидан ташвиш билдириб, минтақага ўз вакилини юборди.

Айни пайтда, Исроил Президенти Шимон Перес сулҳ эҳтимолини рад қилди.

-Лекин Исроилнинг Ғазони босиб олиш нияти йўқ,-деб қўшимча қилди Шимон Перес.

Инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатувчи ташкилотлар Исроилнинг ҳужуми Ғазодаги гуманитар вазиятни кескинлаштирганини, жумладан, аҳоли элект энергияси ва инфратузилмалардан мосуво қилингани ҳамда озиқ-овқат етишмовчилигидан қийналаётганини баён қилдилар.
XS
SM
MD
LG