Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:26

Қўшнилар муросага эришди


Қирғиз расмийлари Ўзбекистон билан ўтказилган газ бўйича музокаралардан кўнгиллари тўлмаганини билдирмоқдалар.
Қирғиз расмийлари Ўзбекистон билан ўтказилган газ бўйича музокаралардан кўнгиллари тўлмаганини билдирмоқдалар.

Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон билан узоқ давом этган музокаралардан сўнг ўзбек газининг ҳар минг куб метрини 240 доллардан сотиб олишга оид шартномани имзолади.

Газ олди-бердисига оид музокаралар аввалида Ўзбекистон газни 300 доллардан сотишини билдирган эди.

Қирғизгаз корхонаси раҳбари Саламат Айтикеевнинг айтишича, Ўзбекистон билан олиб борилган газ музокараларини муваффақиятли, деб бўлмайди. Чунки Қирғизистон газнинг жаҳон баҳоси 300 доллардан арзон бўлиши ҳақидаги ҳисоб- китобларни тақдим этган ҳолда расмий Тошкентдан газни 145 доллардан сотишни илтимос қилган эди.

Қирғизгаз раҳбарига кўра, шу муносабат билан Тошкент билан ўтказилган музокаралар жуда оғир кечган.

- Натижада томонлар газ 240 доллардан сотилиши тўғрисидаги шартномани имзоладилар, деди Қирғизгаз раҳбари Саламат Айтикеев.

Имзоланган шартномага асосан Қирғизистон Ўзбекистондан 650 миллион кубометр газ сотиб олади.

Бундан аввалроқ Қирғизгаз расмийлари Озодлик радиосига Ўзбекистондан йилига бир миллиард кубометрга яқин газ сотиб олинишини билдирган эдилар.

Ўзбекистоннинг газ нархини ўтган йилга нисбатан икки баробарга кўтаргани муносабати билан бу йил Қирғизистонда ўзбек гази истеъмолчилари ҳам озайган.

Қирғизистон парламенти депутати Зиядин Жамолдиновнинг айтишича, газ нархининг кўтарилиши мамлакатда бошқа маҳсулотлар баҳосининг юқорилашига ҳам таъсир кўрсатади. Бу эса Қирғизистондаги қашшоқлар сонинингг янада кўпайишига туртки бўлади.

Парламент депутати бундай салбий жараённинг олдини олиш мақсадида махсус йиғилиш ўтказишлари кутилаётганини ҳам айтиб ўтди.

Бишкеклик иқтисодчи Сулўсун Тўтўнова эса ўзбек гази нархининг кўтарилиши аҳолининг коммунал хизматлар учун қарздорлигининг кўпайишига сабаб бўлади, деб ҳисоблайди.

-2009 йилда коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ва аҳоли учун инқироз йили бўлади.

Истеъмолчиларнинг аксарияти 2008 йилда арзонроқ бўлган газ, электр энергияси ва бошқа хизматлар учун қарзларини тўлай олганлари йўқ.

Ўлганнинг устига тепган, деганларидай бу йил нархлар яна ҳам кўтарилди. Бундай вазиятда аҳолининг янада қашшоқлашуви аниқ бўлиб қолмоқда,- деди Сулўсун Тўтўнова.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукуматининг ижтимоий ривожланиш бўлими бошлиғи Назгул Тошбоева газ нархининг кўтарилиши муносабати билан аҳолининг қашшоқ қатламига ёрдам кўрсатиш масаласи ўрганилаётганини билдирди.

Унинг айтишича, бу йўналишда Қирғизистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги махсус дастур ишлаб чиқмоқда.
XS
SM
MD
LG