Линклар

logo-print

Миллион долларлик кўрсатма


Роҳат Алиевни бу сафар канадалик ишбилармон ўз мол-мулкини куч билан тортиб олганликда айблади.

Роҳат Алиевни бу сафар канадалик ишбилармон ўз мол-мулкини куч билан тортиб олганликда айблади.

Президент Назарбоевнинг собиқ куëви Роҳат Алиевни турли жиноятларда айблаш навбати энди Қозоғистонда фаолият юритган ëки юритаëтган хорижлик тадбиркорларга келди.

5 январ куни Олмаотада журналистлар билан учрашган канадалик бизнесмен Дербес Адонис ўз мол-мулкининг президент собиқ куёви томонидан куч воситасида тортиб олингани ҳақида ҳикоя қилди.

У шунингдек, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот тизимларининг мамлакатда фаолият юритаётган маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ҳуқуқларини чеклаëтганига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

- Мен ўзим ва яна кўплаб одамнинг жабр кўрганини айтмоқчиман. Фақат ҳар биримизнинг жабрланишимизга турли сабаблар туртки бўлган. Баъзи кишилар ўзлари учун кураша олмадилар.

2005 йилда мен ҳуқуқларим ҳимоя қилинишини сўраб прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, молия полицияси, Миллий хавфсизлик қўмитаси, суд ва Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилдим. Афсуски, ҳаммасида ютқаздим.

Расмийларнинг барчаси менга “судга мурожаат қил”, дейишди. Кейин эса мени Қозоғистондан бадарға қилишди, дейди канадалик тадбиркор Дербес Адонис.

Канадалик тадбиркорнинг айтишича¸ у Олмаота аэропортига сармоя ётқизиш, шунингдек, бир қанча нефт компаниялари билан ҳамкорликда фаолият юритиш учун Қозоғистонга келган аммо кўп ўтмай Роҳат Алиев туфайли¸ бор сармоясидан жудо бўлган.

Ҳозирда хорижлик корчалон президентнинг собиқ куёви томонидан тортиб олинган бизнеси ва маҳаллий банкларнинг бирида очилган ўз ҳисобидаги 700 минг АҚШ долларининг қайтариб берилишини талаб қилмоқда.

Бир неча йиллар аввал Қозоғистондаги аксар тадбиркорлар Роҳат Алиев ўзларининг мол-мулкига тажоввуз қилаётгани борасида президент Назарбоевга шикоят қилган эдилар.

Ўшанда кузатувчилар Қозоғистон раҳбарининг ўз куёвига нисбатан чора кўрмаётганини алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар.

Ҳозир эса Роҳат Алиев қайнотасига нисбатан ошкора кураш олиб бораётган бир пайтда Қозоғистон президенти Австрия суди олдида Алиевга қарши кўрсатма беришга тайёр бўлган кишиларга катта миқдорда мукофот ваъда қилаётир.

Бу ҳақда канадалик тадбиркор журналистларга мана буларни айтди:

- Мен оиламни, ишим ва пулларимни йўқотдим. Сўнг қамоқда Роҳат Алиевнинг шериги сифатида ўтириб чиқдим. Қозоғистон қамоқхоналарида менга жиноятчи қатори муомала қилишди.

Ҳозир эса Қозоғистон ҳукумати менга Роҳатга қарши берадиган кўрсатмам учун бир миллион АҚШ доллари ваъда қилмоқда. Аммо мен унга қарши кўрсатмани пулсиз ҳам беравераман. Мен Қозоғистон президентининг куёви сабабли мол - мулкимдан маҳрум бўлдим, дейди канадалик тадбиркор Дербес Адонис.

Айни пайтда Қозоғистонда нафақат тадбиркорлар, балки бошқа соҳа вакиллари ҳам Алиевдан жабр тортганларини билдирмоқдалар.

Шунга қарамай Роҳат Алиевга бошпана берган Австрия суди Қозоғистон раҳбарининг собиқ куёвини юртига қайтаришга шошмаяпти.

Қозоғистон ҳукумати ва Алиевдан жабр тортган қозоғистонликлар ҳамда хорижлик бизнесменларни бирлаштирган “Тақдир” жамғармаси раҳбари Арменгул Капашеванинг айтишича, ҳозирда жамғарма Алиевга қарши берилаётган навбатдаги кўрсатмаларни тўплаб, уларни Австрия судига ҳавола этишга тайёргарлик кўрмоқда-

- Олдимизга қўйган мақсад Роҳат Алиевнинг экстрадициясига эришишдир, дейди жамғарма раҳбари.

Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиев, талончилик, одам ўғирлаш ва қотилликда айбланиб, Қозоғистон суди томонидан сиртдан 40 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
XS
SM
MD
LG