Линклар

Хатлонда ўзбек синфлари қисқарди

  • Гулнора Равшан

Расмий иддаога кўра¸ сўнгги 18 йил ичида ўзбек мактабларини дарсликлар билан таъминлаш Тожикистон Таълим вазирлиги учун энг долзарб муаммо бўлиб келмоқда.

Расмий иддаога кўра¸ сўнгги 18 йил ичида ўзбек мактабларини дарсликлар билан таъминлаш Тожикистон Таълим вазирлиги учун энг долзарб муаммо бўлиб келмоқда.

Тожикистон жанубида маҳаллий таълим бўлими қарори билан мактабларнинг ӯзбек синфлари ёпилиб¸ ўзбек ӯқувчилари ёппасига тожик синфларига кӯчирилмоқда.

Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятида ўзбеклар кўпчиликни ташкил этишига қарамай, вилоят таълим бўлими қарори билан ҳар йили ўзбек синфлари сони қисқартириб турилади.

Хатлон вилоят таълим бўлими масъуллари бунинг сабабини ўзбек синфлари учун дарслик йўқлиги билан изоҳлайдилар.

-Тожикистондаги ўзбек ўқувчиларини дарслик билан таъминлаш республика Таълим вазирлигининг энг оғир муаммоларидан бири. Дарсликларнинг етишмаслиги сабабли ўзбек болаларига етарли билим бериш имкони йўқ.

Бундан ташқари мамлакат олий ўқув юртларида ҳам ўзбек бўлимларининг озлиги сабабли ўзбек тилида мактабни битирган фуқароларимизнинг барчаси ҳам олий маълумотли бўла олишмайди.

Шуни назарга олган ҳолда этник ўзбеклар тожик жамиятидаги шароитларга мослашмоқлари зарур. Чунки улар учун зарур шароитлар яратиб бериш имкониятлари деярли йўқ, дейди Хатлон вилоят таълим бўлими масъулларидан бири Жўрабек Собиров бу ҳудуддаги бир қатор ўзбек синфлари ёпилиши сабабларини изоҳлар экан.

Садриддин Айиний номидаги Тожикистон педагогика унверситетининг катта ўқитувчиси Бахтиёр Мўминов Хатлон вилоят таълим бўлими мутасаддисининг ўзбек тилида дарсликлар чоп этиш учун имкониятлар йўқлигига оид иддаоларини рад этади.

- Қўлёзмалар Таълим вазирлигининг китоб чиқарадиган бўлимида ётибди. Пул ҳам бор.

Дарслик чиқаришга имконият йўқлигини айтиш фақатгина бир баҳона. Маънавиятга зарба берилмоқчи бўлинса ҳар қандай давлатда ҳам аввал мактаб нишонга олинади.

Мактабни йўқотса қолган нарса ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетаверади, дейди Бахтиёр Мўминов.

Қўрғонтепа шаҳридаги ўзбеклар жамияти раиси Зебо Сатторова ҳам сўнгги йилларда ўзбек синфлари кўпроқ қисқартирилаётганидан норозилик билдиради. Унинг фикрича, бу ҳолат тожикистонлик ўзбеклар ҳуқуқларининг очиқдан-очиқ поймол қилинишидир.

- Биргина Қўрғонтепа шаҳрида тахминан 500 минг ўзбек яшайди.

Дарсликлар етишмаслигини рўкач қилиб ўзбек синфларини ёпиб ташлаш ярим миллионлик аҳоли ҳуқуқларини поймол қилишдан ўзга нарса эмас.

Вилоят маъорифчилари, қолаверса ҳукумат масъуллари ўзбек синфларига қулф солиш ўрнига тожикистонлик ўзбекларнинг ўз она тилларида ўқишлари учун шароит яратиб берсин, дейди Қўрғонтепа шаҳридаги ўзбеклар жамияти раиси Зебо Сатторова.

Ўтган йили Тожикистон ҳукумати Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги БМТ Конвенцияси талаблари асосида ўз миллий ҳисоботи лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамага қўйган эди.

«Панорама» ноҳукумат ташкилоти раисаси Татяна Бозрукова Тожикистондаги ирқий камситилиш муаммолари билан бир қаторда миллий озчилик вакилларининг ижтимоий ва иқтисодий муаммолари ҳам долзарб бўлиб турганидан ташвиш билдиради.

Унга кўра, Тожикистон ҳукумати миллий озчилик муаммоларини ҳал этиш йўлида қатор амалий тадбирларни йӯлга қўяётгани борасида жуда кўп гапираётган эса-да, аслида бунинг акси бўлаётир.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон лотин алифбосига ўтганидан сўнг Тожикистондаги ўзбеклар ўз она тилидаги дарсликлар билан боғлиқ муаммоларга дуч келганини ҳам унутмаслик керак.

Фарзандини дарслик билан таъминлаш муаммосидан чарчаган ота-оналар орасида ихтиёрий тарзда боласини тожик синфларига берганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Расмий маълумотларга кўра, етти миллион аҳолига эга Тожикистон аҳолисининг 15 фоизини ўзбеклар ташкил этади.

Бироқ Тожикистонда сўнги 18 йил давомида ўзбек синфлари учун дарсликлар нашр этишдан кўра ўзбек мактаблари ва синфларини қисқартириш тадбирлари кўпроқ амалга оширилмоқда.
XS
SM
MD
LG