Линклар

Норозилик сиртга чиқмоқда

  • Садриддин Ашур

"Овқат тайёр бўлиши билан чироқ ўчиб қолади", дейишади норозилик намойишига чиққан аёллар.

"Овқат тайёр бўлиши билан чироқ ўчиб қолади", дейишади норозилик намойишига чиққан аёллар.

Янги йилнинг учинчи куни электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишлардан сабр косаси тўлган ўнлаб жиззахлик хотин-қизлар норозилик тадбирига чиқдилар.

Бу норозилик тадбири Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги Чаманзор қишлоқ фуқаролар йиғини биноси олдида бўлиб ўтган.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Саида Қурбонова бу ҳақда хабар берар экан, намойишда 30 нафардан ортиқроқ аёл қатнашганини айтади.

- Чаманзор қишлоқ фуқаролар йиғини олдида асосан аëллар норозилик акцияси ўтказди. Аёлларнинг айтишларича 2 январ куни атиги беш соат электр энергияси берилган. Бундан ташқари газ ҳам йўқ.

Бунинг устига ëмғир ëғаяпти. Икки қаватли уйда яшовчи аëлларнинг ташқарида овқат қилиш имконияти йўқ. Ичкарига печка қуришнинг эса умуман иложи йўқ¸ дейди Саида Қурбонова.

Суҳбатдошимизнинг айтишича¸ газ ва электр таъминотидаги бу узилишлар ўтган йилнинг сентябр ойидан бошланган эди. Ўшанда 65 киши томонидан имзоланган шикоят мактуби Пахтакор тумани ҳокимлигига, газ ва электр тармоқлари идораларига чиқарилган эди.

Мактубга муносабат билдирган электр тармоқлари идораси аҳоли қарздорлигини рўкач қилиб¸ электр таъминотида узилиш бўлмаслиги учун олдиндан пул тўлаш шартини қўйган эди.

- Ноябр ойида электр тармоқлари бошлиғи Жамол Аҳмедов келди. У “Декабр ойи учун олдиндан тўлов қилинглар. Мен сизларга бирон марта ўчмайдиган қилиб¸ электр токи бераман”, деди.

Электр таъминотидаги узилишлардан ҳамманинг сабри тугаб бўлган эди. Шу сабабли аҳоли бунга ҳам рози бўлди. Ҳар битта уйдан 10 минг сўмдан олиб¸ электр тармоқлари идорасига деярли беш миллиондан кўп пул йиғиб бердик, дейди Саида Қурбонова.

Лекин беш миллион сўмнинг кучи 15 декабргача етди¸ холос. Ундан кейин яна эски ҳаммом, эски тос бошланди.

- Яна худди ўша аҳвол такрорлана бошлади. Айнан овқат дастурхонга тортилган пайтда ток ўчади. Шу билан 10-11 ларда ëнади. Бизга керак пайтда эса чироқ бўлмайди.

Ниҳоят одамларнинг сабр косаси тўлиб тошди ва улар қишлоқ фуқаролар йиғини биносини қуршаб олдилар. Бу ҳолатдан ташвишга тушган маҳаллий раҳбарлар бу ерга оқиб кела бошлади, дейди Саида Қурбонова:

Одамлар чиқиб тўплана бошлагандан кейин маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси, туман ҳокимининг муовини¸ газ таъминотидан¸ туман ИИБдан , электр тармоқлари идораларидан вакиллар келган.

Норозилик акциясига бу вакилларнинг мактаб залида аҳоли билан учрашуви якун ясади.

Маҳаллий раҳбарлар, аҳолига бу соҳадаги камчиликларни тугатишга ваъда бердилар. Аёллар эса агар аҳвол шундай давом этса¸ янги норозилик акциялари ўтказишларини билдирдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG