Линклар

logo-print

Битта мулла + уч сўм пул = никоҳ


Андижонда никоҳ мавзусига бағишлаб ўтказилган йиғилишда расмийлар диний удумлар билан никоҳланган оилалар ўртасида ажралишлар кўп бўлаётганига алоҳида урғу беришган.

Андижонда никоҳ мавзусига бағишлаб ўтказилган йиғилишда расмийлар диний удумлар билан никоҳланган оилалар ўртасида ажралишлар кўп бўлаётганига алоҳида урғу беришган.

Ўзбекистонлик ёшлар орасида янги оилани давлат расмий қайдидан ўтказмасдан фақат масжидда никоҳ ўқитиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Бу ҳақда маълум қилган Uzmetronom.com сайти хабарига кўра, бундай ҳолат асосан Андижон, Наманган, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида учраяпти.

Бунинг натижасида эса оилаларнинг ажралишлари кўпаяётгани таъкидланмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили ҳар 1000 одамга олтита ажралиш тўғри келган.

Андижонлик муслима қиз Гулсанам олти ой аввал турмушга чиққан. Унинг Озодликка билдиришича, турмуш ўртоғи ҳам намозхон киши бўлиб, улар фақат масжидда муллага никоҳ ўқитишган. Уларнинг никоҳи ҳозиргача никоҳни қайддан ўтказиш бўлимида расмийлаштирилмаган.

Гулсанам бу нарса оила қуришда муҳим эмас, деб ҳисоблайди. Лекин у фарзанд кўргач¸ барибир қайддан ўтишга тўғри келиши, боиси расмий никоҳ бўлмаса фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш қийинлигини айтади.

Андижонлик Гулсанам исломий эътиқоди туфайли “расмий никоҳ шарт эмас”, деб ҳисобласа, фарғоналик ёшлар орасида бошқа бир сабаблар боис расмий никоҳдан ўтмаслик ҳолатлари учраётганлигини айтади фарғоналик Абдусалом Эргашев.

- Биз тарафда ҳам аввалдан никоҳнинг ЗАГС (ФҲДË)да рўйхатдан ўтказилишига эътибор берилмас эди. Ҳозир ҳам ЗАГСсиз никоҳлар ўқитилаяпти. Бу ҳолат камайиш ўрнига кўпайиб бораяпти. Бунинг сабаби ЗАГСдан ўтиш муаммолари тобора оғирлашиб¸ чигаллашиб бораяпти.

Масалан туманларда¸ шаҳарларда балоғат ëшига етиб турмуш қураман¸ деган ëшларни мажбуран тиббий кўрикдан ўтказиш шарт бўлиб қолди.

Бу эса тўй арафасида ëшларнинг мушкулларини кўпайтиргани учун иложи борича айланма йўлларини қидиришга ҳаракат қилинаяпти¸ дейди Абдусалом Эргашев.

“Қашқадарёда эса деярли барча ёшлар расмий никоҳдан ўтгачгина турмуш қураяпти”¸ дейди Шаҳрисабзлик Зулфия опа.

Унга кўра, ёшлар ўз никоҳларини қонуний тарзда расмийлаштиргандан кейин масжидда муллага ҳам никоҳ ўқитишмоқда.

- Куëв жўралари билан¸ келин дугоналари билан ЗАГСга боришаяпти. Никоҳни хоҳлаган масжидда ўқитади¸ хоҳлаган уйига муллани чақиради¸ дейди Зулфия опа.

12.uz интернет нашрининг ёзишича, яқинда Андижон вилояти Марҳамат туманида махсус йиғилиш ўтказилиб, унда расмий никоҳдан ўтмасдан оила қуриш ва бунинг оқибатлари муҳокама қилинган. Бу йиғилишда диний удумлар асосида оила қуриш оқибатида ажралиш ҳолатларини кўпаяётгани таъкидланган.

Аммо фарғоналик Ҳусанбой хожи ёш оилаларнинг ажралишига диний удумлар сабаб эмас деб ҳисоблайди.

- Масжидда никоҳ ўқитиб¸ ЗАГСдан ўтмаса ажралиш кўп бўлади, дегани нотўғри. Бу ҳукуматнинг сиëсати бўлса керак. Ажралиш никоҳ қаерда расмийлаштирилганига боғлиқ эмас.

Ажралишларга Ўзбекистонда қизларнинг кўплиги ҳам сабаб бўлса керак. Қалин йўқлигидан, деб ҳам ўйлайман. Қалин қилиб қўйса¸ эр ҳам хотинининг қадрига етади¸ дейди Ҳусанбой хожи.

Шаҳрисабзлик Зулфия опа эса оилаларнинг ажралишига иқтисодий муаммоларни сабаб қилиб кўрсатади.

- Ҳозир кўпчилик хонадонларда бекорчиликдан¸ йўқчиликдан жанжал чиқади. Ажралишлар сабаби асосан етишмовчилик бўлса керак¸ дейди Зулфия опа.

REGNUM ахборот агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда ўтган йилнинг тўққиз ойи мобайнида 172, 9 минг расмий никоҳ ва 12, 1 минг ажралиш қайд қилиниб, ҳар 1000 одамга 8,4 никоҳ ва 0,6 ажралиш тўғри келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG