Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:54

Гулнора Каримова ëшларни етакламоқда


Президентнинг тўнғич қизи ва ҳокимиятга ворис деб тахмин этилаëтган Гулнора Каримова ўзбекистонликларга ўзини кўп томонлама истеъдод ва заковат соҳибаси қилиб кўрсатиб келмоқда.
Президентнинг тўнғич қизи ва ҳокимиятга ворис деб тахмин этилаëтган Гулнора Каримова ўзбекистонликларга ўзини кўп томонлама истеъдод ва заковат соҳибаси қилиб кўрсатиб келмоқда.

Ўз тасарруфидаги “Форум.уз” жамғармаси сайтида ўтказилган онлайн-мулоқотда қатнашган Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи ёшлар саволларига жавоб берди.

“Форум.уз” жамғармасининг расмий сайтида айтилишича, икки соат давом этган онлайн-мулоқотда жамғарма ҳамда мулоқотга таклиф қилинган маданият, санъат, спорт, кино, бизнес оламининг 300 га яқин вакилига жами 2000 дан ортиқ савол берилган.

Саволларнинг асосий қисми, одатдагидек, онлайн-мулоқотга таклиф қилинган Самандар, Райҳон, Манзура, “Божалар” гуруҳи каби танилган ёш хонандалар, Рустам Саъдиев, Улуғбек Қодиров, Зулайҳо Бойхонова каби ижодкорларнинг ижоди ва шахсий ҳаётига оид саволлардан иборат бўлди.

Шахсан, Гулнора Каримовага берилган саволлар эса унинг қўшиқчилигию, миннатдорчилик изҳорларидан нарига ўтмади.

Жумладан, “Ҳурматли Гулнора Исломовна, сиз қайси композиторлар билан ижод қиласиз? Модалар кўргазмасини яна давом эттирасизми? Гугоша, дегани нимани англатади?” мазмунидаги саволлар берилди.

Аммо, матни пухталиги билан ажралиб турган баъзи саволларда Гулнора Каримовага нисбатан “ўзбек ёшларининг жонкуяри”, “меценат” дейилган сўзлар ҳам қўлланилган.

Қизиғи, мулоқотнинг бошқа ижодкорларига, асосан, шахсий ҳаёти, фарзандлари, келажакдаги режалари ҳақидагина савол берган иштирокчилар Гулнора Каримованинг шахсий ҳаёти ёхуд келажакдаги улуғ режалари ҳақида бирорта ҳам савол бермаган. Ҳар ҳолда онлайн-мулоқотнинг матнида биз бундай саволларни учратмадик.

Наҳотки, Райҳон ёҳуд Самандар каби хонандаларнинг ҳаётига қизиққан ўзбек ёшлари учун Гулнора Каримованинг ҳаёти қизиқ бўлмаса ёки Каримова жавоб беришни маъқул топган саволларгина саралаб олиндими, деган саволимизга жавобан жамғарманинг ўзини таништиришни истамаган вакили: “Албатта, қизиқади ва қизиқувчилар учун алоҳида веб-саҳифа ташкил қилиб қўйганмиз, ўша ердан ҳамма маълумотни олишингиз мумкин”, дея қисқагина жавоб берди.

Бу саҳифага эса Гулнора Каримова ўзбек ёшларининг етакчиси ва жонкуяри сифатида акс этган фотосуратлар илинган. Унинг университет талабалари, ногирон ёшлар, спортчи ёшлар даврасидаги суратлари босилган.

Бундан ташқари, “Форум.уз” ташкилотининг ёшларга берилаётган амалий ва бир неча миллион долларлик лойиҳалари ҳақида ҳикоя қилинган.

Бу лойиҳалар энг фаол суратда олиб борилмоқда, дея келтирилган Самарқанд вилоятига сим қоқиб, жамғарманинг у ердаги вакилини суҳбатга тортдик.

- Вилоят¸ туман¸ шаҳар босқичларида “Янги авлод”¸ “Келажак овози”¸ “Ëш тадбиркорлар”. Хуллас жуда лойиҳалар кўп. Буларнинг ҳаммасини эслаб қолиш қийин.

Озодлик: Содда қилиб айтганда¸ бу лойиҳалар ëшларга нима беради?

- Ëшларга авваламбор ўзини намоëн қилиш¸ маънавий¸ маърифий ва интеллектуал салоҳиятларини ошириш имкониятини беради.

Иккинчи томондан¸ дейлик моддий томондан рағбатлантириш¸ қўллаб-қувватлаш ва ўзларининг ташаббусларини ҳаëтга тадбиқ этишда каттадан-катта ëрдам беради.

Озодлик: Дейлик¸ сизнинг вилоятда қанча минг сўмлик кўринишда ëрдам бўлди?

- Бу нарсани биз айта олмаймиз.

“Форум.уз” ташкилотининг энг фаол, деб эътироф этилган Самарқанд вилояти бўлими вакилидан бошқа саволларимизга ҳам жўяли жавоб ололмадик.

Аслида бу каби саволларга жўяли жавоб олиш мушкул, дейди биз билан суҳбатда ўз вақтида ушбу жамғарма фаолиятига қизиққан ва унинг лойиҳаларида иштирок этиш истагида бўлган ўзбекистонлик ёш журналист Шоҳиста Каримова.

- Бу ташкилотни учта йўналиши бўйича танийман. Биринчиси¸ шоу бизнесга алоҳида эътибор беради. Ўзи шундоқ ҳам гуллаб-яшнаб ëтган эстрадамизга янги юлдуз кашф этиш билан шуғулланади.

Иккинчиси¸ талабалар учун грантлар ажратилган. Талабалар бориб¸ ўзларининг лойиҳаларини беришади ва уларнинг шартномаларининг қанчадир фоизини тўларкан.

Учинчиси¸ ўқитувчилар учун ҳам грантлар ажратиб¸ буни “Ëшлар” телеканали ëритиб боради. Менинг шу нарсаларга кўзим тушган.

Албатта¸ бунинг бошида Гулнора Каримова тургандан кейин оммавий ахборот воситаларида алоҳида чиқишлар бўлади. Ҳар битта қилинаëтган тадбир ëритилади. Бунинг сабаби ҳам унинг тепасида айнан Гулнора Каримова тургани билан боғлиқ бўлса керак.

Аммо реал ҳаëтда бунинг амалий бир нафаси сезилмайди. Ҳар хил баландпарвоз шиорлару¸ ëшларни тўплаб¸ бир жойда қўшиқ айттириб¸ қанақадир тантанали маросимларни уюштиришдан бошқа амалий нафаси сезилмайди¸ дейди Шоҳиста Каримова.

Ҳозирги вақтда бу жамғарма Ўзбекистонда ёшлар бош уриши мумкин бўлган ягона ташкилотга айлантирилди ва бу шубҳасиз, унинг раҳбари Гулнора Каримова бўлгани боисдир, деб қўшимча қилади суҳбатдошимиз.

Бу ташкилот 2008 йил якунларига бағишлаб ўтказилган навбатдаги онлайн-мулоқот эса ташкилот ва унинг раҳбари рекламасига қаратилган навбатдаги тадбирдан ўзга нарса эмас, дер экан Шоҳиста Каримова, шубҳасиз, ундаги саволлар сараланган, деган фикрда.

Чунки, ўзбек жамоатчилиги, айниқса, Гугоша деб ном чиқаргани боис ёшлар орасида Гулнора Каримова ва умуман Ўзбекистон президенти оиласига қизиқиш жуда кучли.

- Албатта¸ биринчи ўринда унинг сиëсатдаги мавқеига катта қизиқиш билан қарашади. Шахсияти¸албатта¸ қизиқтиради. Лекин нима учундир Ўзбекистонда Гулнора Каримова ëки президент Каримовнинг шахсий ҳаëти билан боғлиқ маълумотлар ниҳоятда ëпиқ ҳолда сақланади.

Энди жуда ëпиқ деб ҳам бўлмайди. Масалан¸ Гулнора Каримованинг “Жаннатмакон” деган журнали бор. Шунинг икки йил олдинги сонида Гулнора Каримова билан 30 саҳифалик суҳбат эълон қилинган.

Гулнора Каримованинг шахсияти¸ қизиқиши¸ динга муносабати¸ ҳоббиси билан боғлиқ саволлар мустақил Ўзбекистонда биринчи ва охирги марта мана шу журналда эълон қилинди.

У ерда ҳатто “Дадангиздан кейин сиз президент бўласиз¸ деган гаплар юрибди. Бунга қандай қарайсиз?” деган саволгача бор.

Мен ўша пайтда аспирантлар уйида турар эдим. Аспирантлар орасида шунақа қўлма-қўл ўқилганки бу журнал. Бу ҳам Ўзбекистон сиëсий арбобларининг шахсий ҳаëтига чанқоқликнинг натижасидай кўринган.

Гулнора Каримованинг шахсияти билан боғлиқ суҳбат ëки мақолани мен бошқа ҳеч қаерда кўрмадим. У ерда ҳам журналистнинг исми-шарифи берилмаган. Жаннатмакон деб ëзиб¸ икки нуқта қўйиб¸ савол берилган. Яъни бу саволлар журнал номидан умумий тарзда берилган¸ дейди Шоҳиста Каримова.
XS
SM
MD
LG