Линклар

Европа газсиз қолиши мумкин


Россиянинг ўзига газ беришни тўхтатганига қасдма-қасд¸ Украина ҳукумати ҳам ўз ҳудудларидан ўтувчи транзит қувурлари кўзини бекитиб қўйди.

Россиянинг ўзига газ беришни тўхтатганига қасдма-қасд¸ Украина ҳукумати ҳам ўз ҳудудларидан ўтувчи транзит қувурлари кўзини бекитиб қўйди.

Украинанинг ўз ҳудудларидан Европага борувчи Россия гази транзитини тўхтатиш қароридан сўнг Европа давлатларида ëнилғи бўҳрони юзага чиқаëтир.

Россия ҳукумати Украина газ учун қарзини тўлаб қўйгачгина мамлакатга газ узатиш тикланиши мумкинлигини писанда қилиш баробарида¸ 2009 йил учун Украинага таклиф этилаëтган газ нархини ҳам муттасил ошириб бормоқда.

Аввалига ҳар минг куб метри учун 300 доллардан сўралган Россия гази баҳоси кўп ўтмай 418 доллар¸ орадан саноқли соатлар ўтгач эса¸ 450 долларга чиқарилди.

Бундай босимга ëн бермаслигини таъкидлаëтган Украина ҳукумати¸ ўз ҳудудлари орқали Европа давлатларига узатилаëтган Россия гази транзитини тўхтатишга қарор қилди.

Бу ҳақда сешанба куни Газпром раиси ўринбосари Александр Медведев хабар қилди.

- Бугун тонгги соат 2.30 да Украина бир томонлама равишда ўз ҳудудларидан ўтувчи тўрт экспорт қувурларидан учтасини бекитди. Ҳозирда Россиядан Украина орқали Европага бораëтган газ миқдори нормадагидан бир неча баробарга камдир¸ деди Медведев.

Украина орқали тўрт йўналишда Европага етказилаëтган газ қувурларидан учтаси кўзининг бекитилиши¸ 2009 йилни қаттиқ совуқ билан бошлаган шарқий Европа мамлакатларида газ бўҳрони юзага чиқармай қолмади.

Австрия ҳукумати Россиядан келаëтган газ ҳажми 90 фоизга камайганини билдирди.

Болгария ҳукумати ҳаво ҳарорати –15 дан тушиб кетган айни кунларда мамлакатда ëнилғи бўҳрони юзага келганини эълон қилди.

Чехиянинг Россия газини импорт қилувчи Трансгаз ширкати газ ҳажмининг сешанба кундан 75 фоизга камайганини билдирди.

Туркия¸ Греция¸ Венгрия ва Македония ҳукуматлари Россия гази ҳажмининг кескин камайгани оқибатида ўз фавқулодда заҳираларини ишга солишга мажбур бўлганларини билдирди.

Европа Иттифоқига раислик қилиш навбати 1 январдан ўз ихтиëрига ўтган Чехия ҳукумати Украина ва Россияни зудлик билан бўҳронга чек қўйишга чақирмоқда.

- Бундай вазият мутлақ қабул қилиб бўлмасдир. Олдиндан огоҳлантирмай туриб¸ боз устига Россия ва Украина олий даражали расмийлари берган ваъдаларга қасдма-қасд¸ Европа Иттифоқининг айрим давлатларига Украина орқали узатилаëтган Россия гази ҳажми кескин қисқарди.

Европа Иттифоқи президенти Чехия ва Европа комиссияси иттифоққа газ узатишни зудлик билан тўлиқ йўлга қўйишни талаб қилади ва ҳар иккала томонни ўзаро тижорий муаммони музокаралар орқали ҳал этишга чақиради¸ деди Чехия бош вазири ўринбосари Александр Вондра сешанба куни.

Москва ва Киев ўртасидаги навбатдаги газ жанжалининг бевосита тутқуни Европа Иттифоқи бўлиб қолаëтгани учун томонлар айбни бир-бирига тўнкашмоқда.

Европага узатилаëтган газининг 80 фоизи Украина транзит қувурларига қарам бўлган Газпром раҳбарларидан бири Александр Медведев¸ Россия Киевнинг номаъсул ҳатти-ҳаракатлари гаровида қолаëтганини билдирди.

Россия томонига кўра¸ 1 январдан бошлаб Украинага газ етказиш тўхтатилгач¸ Киев транзит қувурларидан Европага оқаëтган газни ўғирлашга ўтган.

Бу вазиятни бош вазир Владимир Путин билан муҳокама қилган Газпром раиси Алексей Миллер¸ Россия телеканаллари олиб кўрсатган суҳбатда Путинга Киевни жазолаш чорасини таклиф қилди.

- Россия-Украина чегара ҳудудларидан Украина юборилаëтган газ ҳажмини Украина ўғирлаган газ миқдори¸ яъни 65¸3 миллион куб метрга қисқартириш ҳақида таклиф бор. Сўнгра бу газ ҳажмини ўғирланаëтган газ миқдорида яна қисқартириб бориш таклиф этилмоқда¸ деди бош вазир билан учрашувда Газпром раҳбари.

Путиннинг бу таклифни маъқуллаши учун ҳатто дақиқа ҳам кўплик қилди.

- Яхши¸ мен бу таклифга розиман. Бугундан бошлаб қисқартиринг¸ деди намойишкорона оҳанг ва шаклда Путин.

Ҳаво ҳарорати тобора пасайиб¸ газга бўлган эҳтиëжи тобора ошиб бораëтган Европа давлатлари Украина-Россия жанжалида гаровда қолар экан¸ иттифоқ расмийлари Киев ва Москвага юқори даражали расмийларини йўллаш орқали¸ бўҳронга тезроқ барҳам беришга уринмоқдалар.
XS
SM
MD
LG