Линклар

logo-print

Мухолифатчи маҳбус очлик бошлади

  • Гулнора Равшан

Тожикистон расмийлари қамоқдаги мухолифатчи маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ҳақидаги даъволар воқеликка мувофиқ эмаслигини қайд этадилар.

Тожикистон расмийлари қамоқдаги мухолифатчи маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ҳақидаги даъволар воқеликка мувофиқ эмаслигини қайд этадилар.

Ҳукумат ва мухолифат ўртасида тинчлик келишуви имзоланганидан 10 йилдан кўпроқ вақт ўтиб ҳам¸ Тожикистон қамоқхоналарида юзлаб мухолифатчи аянчли вазиятда сақланмоқда.

Шундайлардан бири - Садриддин Тошев саккиз йилдан бери Душанбе шаҳридаги 1-қамоқхонада жазо муддатини ўтамоқда.

Садриддин Тошев куни-кеча ўзининг фақат мухолифат аъзоси бўлгани учунгина 25 йилга озодликдан маҳрум этилгани ва тергов чоғида ҳам, ундан сўнг ҳам ўзига нисбатан қийноқлар қўлланилганидан шикоят этиб, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон¸ маҳаллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларига очиқ хат ёзди.

Маҳбус бу мактубида ўзига нисбатан очилган жиноий иш уйдирма экани¸ маҳкама жараёнининг эса ноқонуний ҳамда адолатсиз олиб борилганини таъкидлайди.

Давлат раҳбаридан ўзига қўйилаётган айблар адолат тарозусида ўлчанишини сўраган маҳбус Тошев адолат тантана қилгунига қадар очлик эълон қилишини билдирди.

Садриддин Тошевнинг онаси Ҳусноро Аҳмадованинг таъкидлашича, ўғли ва унинг билан бирга яна 82 нафар киши бундан саккиз йил аввал Раҳмон Сангинов ёки “Раҳмон Гитлер” қуролли гуруҳига аъзоликда айбланиб¸ қамоққа ташланган.

- Ўғлимнинг иши қайтадан кўриб чиқилишини сўраб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва давлат раҳбарига жуда кўп мурожаат этдик. Аммо, афсуски, мурожаатларимиз жавобсиз қолдирилди.

Ундан ташқари, бир неча марта эълон қилинган авфларда уни озод қилиш у ёқда турсин, ҳатто жазони енгиллаштиришмади ҳам, дейди Ҳусноро Аҳмадова.

Бироқ Тожикистон Адлия вазирлигининг қамоқхоналар бўйича бошқарма бошлиғи ўринбосари Баҳром Абдулхақов маҳбуснинг очлик эълон қилганига доир хабарни рад этди.

Адлия вазирлиги расмийси, шунингдек, Садриддин Тошев ўғирлик, босқинчилик, қотиллик ва қароқчилик айби билан қамоқда ўтиргани, унинг сиёсий маҳбус эмаслиги ҳамда фуқаролар уруши чоғида тожик мухолифатига аъзо бўлгани учун ҳам қамалмаганини уқтирди.

Ўтган йил Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий ва Миллий мажлис аъзоси Акбар Тўражонзода президент Имомали Раҳмонга йўллаган хатида собиқ тожик мухолифати аъзолари авф этилишини сўраган эди.

“Бироқ, - дейди улар, - тахминан 400 га яқин мухолифат аъзоларидан бирортасига амнистия қўлланилмади ва улар ҳамон қамоқхонада қолмоқда”.

Душанбе шаҳридаги инсон ҳуқуқлари бўйича идора масъули Сергей Романов ҳам идорасига озодликдан маҳрум этилган собиқ тожик мухолифати аъзоларидан қийноқлар, босимлар ўтказилаётгани борасида шикоят хатлари олганини билдирар экан, “қамоқхоналарга кириш ва собиқ мухолифатчилар билан очиқча суҳбатлашишга рухсат йўқлиги сабабли уларга амалий ёрдам бера олмаганини” айтади.

Айни пайтда¸ Тожикистонда фаолият юритаётган Қизил хоч халқаро ташкилоти вакиллари ҳам бу мамлакат тегишли ташкилотларига Тожикистон қамоқхоналарига кириш ҳуқуқини беришга доир таклифи ижобий ҳал этилмай қолмаётганини айтиб келадилар.

Бироқ Тожикистон Адлия вазирлиги расмийси Баҳром Абдулҳақов бу даъволарда асос йўқлиги, вазирлик халқаро ташкилотлар, хусусан, Қизил хоч ташилоти билан ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлайди.

- Ҳамма нарса жорий қонунлар доирасида амалга оширилиши керак. Лекин Қизил хоч ташкилоти ўзлари истаган вақтда, бир кунда бир неча марта турмаларга кириб чиқиб туришни истайди.

Кечирасиз-у, шаҳар бедарвоза эмас. Биз уларга биз билан келишилган вақтда маълум бир тартиб асосида турмаларга кириш таклифини бердик. Улар бунга рози бўлмадилар.

Шунинг учун ҳозирча бу ташкилот вакиллари қамоқхоналарга кириш учун расмий рухсат олмаганлар. Аммо ҳамкорлик қилиб турибмиз, дейди Адлия вазирлиги расмийси Баҳром Абдулҳақов.
XS
SM
MD
LG