Линклар

logo-print

Ўзбекистон қишлай бошлади

  • Сарвар Усмон

Ўтган қиш чилласида газ ва электрсиз қолган Ўзбекистон қишлоқлари аҳолиси бу йилги қишдан тезак ëқиш билан омон чиқиш илинжида.

Ўтган қиш чилласида газ ва электрсиз қолган Ўзбекистон қишлоқлари аҳолиси бу йилги қишдан тезак ëқиш билан омон чиқиш илинжида.

Янги йилнинг илк кунлари ҳақиқий қишга дўнган Ўзбекистон шаҳар-қишлоқларида аҳолидан бирдек газ учун пул йиғилаëтган бўлса-да¸ газнинг чўғи ҳар ерда ҳар хил кўринади.

26 ноябр куни қишга тайёрмисиз, деган саволни Андижоннинг Олтинкўли ва Самарқанднинг Ургутида, Хива ва Гулистонда яшайдиган тингловчиларимизга берган эдик.

Улар билан бугун, орадан 40 кун ўтиб, яна боғландик ва уйингизда газ борми, уй иситиш учун етарлими, деб сўрадик.

Андижон вилоят, Олтинкўл туман, Сувюлдуз қишлоғида истиқомат қилувчи тингловчимиз бундан 40 кун аввал "қиш келса келаверсин, қўрқмаймиз", деган эди.

Қишлоқда бугун ҳам газ яхши.

- Газ яхши¸ баланд.

Озодлик: Бу йил ўтган йилгига солиштирганда қандай?

- Ўтган йилгидан жуда яхши. Ўтган йил газ бўлмаган. Бу йил бўлаяпти.

Суҳбатдошимиз истиқомат қиладиган Сувюлдуз қишлоғи аҳли ўтган йили 10 ой давомида мутлақо газсиз ўтиргани тўғрисида бундан 40 кун аввал айтган эдик.

Сувюлдузда газ борлиги, бутун Олтинкўл туманида ёки қўшни Андижон шаҳрида ҳам газ бор дегани эмасга ўхшайди.

Озодлик: Газ фақат сизларнинг қишлоқда яхшими ëки қўшни қишлоқларда ҳам газ борми?

- Қўшни қишлоқларда газ йўқ. Фақат бизда холос.

Озодлик: Нима учун йўқ қўшни қишлоқларда?

- Ким билади. Шаҳарда ҳам мана бизнинг қариндошларимизникида газ йўқ.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Сувюлдуз қишлоғи аҳли газ учун ойига 30 минг сўмдан (кунига 1000 сўм ҳисобидан) ҳақ тўлаяпти. Ҳар бир хонадонда газ ҳисоблагич борлиги ҳисобга олинмаяпти.

Табиий газ босими бундан 40 кун аввал Гулистон шаҳрида ҳам яхши эди. Бугун ҳам ёмон эмас, дейди Сирдарё вилояти марказида истиқомат қилувчи мана бу тингловчимиз.

- Газ яхши ëнаяпти.

Озодлик: Уйни бемалол иситса бўладими?

- Ҳа бемалол. Уйимиз қизиб ëтибди.

Озодлик: Овқат қилиш¸ чой қайнатишга ҳам бемалолми?

- Ҳа¸ бемалол. Бу йил Худога шукур яхши.

Озодлик: Ўтган йилдагига қараганда яхшими?

- Ҳа¸ ўтган йилга қараганда яхши.

Озодлик: Газнинг ҳақини қандай тўлаяпсизлар? Газ ҳисоблагичлар борми?

- Ҳа¸ газ ҳисоблагичлар бор.

Демак, Андижон вилоятидаги Сувюлдуз қишлоғида ёки Гулистон шаҳрида қариндошингиз, ёру биродарингиз бўлса, қўрқмай-тортинмай меҳмонга бораверинг. Уйларига сиғасиз.

Лекин Ургутга ёки Хивага ўйланиб, ётиб қолмайдиган бўлиб боринг. Чунки, масалан, Ургутда газ таъминоти яхши эмас. Шу туман марказида истиқомат қиладиган Саидкарим ака газ учун пул йиғиб олганлару¸ лекин газнинг ўзи йўқ, деган эди.

Озодлик: Шу кунда аҳвол қандай?

- Ҳозир ҳам ишлар зўравонлик билан бўлаяпти. Оддий аҳолига газ йўқку¸ лекин ҳокимнинг топшириғи билан пул йиғувчилар электрга¸ газга деб пул йиғаяпти. Газ йўқ лекин пул бериш мажбурий.

Озодлик: Газ мутлақо йўқми ëки босими пастми?

- Босим ҳам йўқ¸ айрим жойларда умуман йўқ. Лекин пул йиғиш жуда авжига чиққан.

Озодлик: Масалан шахсан сизнинг уйингизда газ борми ëки йўқми?

- Менинг уйимда паст босимда бор. Лекин ош пишмайди. Милдир-милдир бор.

Озодлик: Чой қайнатиш мумкинми?

- Йўқ.

Ургутдаги аҳвол эди. Хивада Ургутдагидан сал яхшироқ, лекин Сувюлдуз қишлоғи ёки Гулистон шаҳридагидай эмас. 40 кун муқаддам ҳам аҳвол шундай эди, аслида.

Озодлик: Сиз яшаëтган жойда¸ сизнинг маҳаллангизда газ етарлими ëки етарли эмасми?

- Ҳаммада эмас¸ лекин бизда сал нормалний турибди. Ë очилади¸ ë ëпилади шунақа бўлаяпти.

Озодлик: Газни сўраяпман¸ табиий газни. Очилади¸ ëпилади деганини тушунмадим.

- Уларнинг ўзлари бор газни ëпиб очишаяпти.

Озодлик: Нима учун?

- Унисини билмадим.

Озодлик: Шу бугун уйингларда газ ëнаяптими ë йўқми?

- Ҳозир ëнаяпти.

Озодлик: Қачон ëнмай қолди? Ëпиб қўйиши қандай бўлаяпти? Неча кунда ëки неча соатда бир ëпиб қўяди?

- Кечаси босим пасаяди.

Озодлик: Газ уйни иситиш учун етарлими ëки етарли эмасми?

- Етарли эмас.

Озодлик: Қўшимча яна бир нарсалар ëқаяпсизларми?

- Албатта.

Хивадаги аҳвол.

Демак, шу кунларда Андижоннинг Сувюлдузига, Сирдарёнинг Гулистонига борсангиз совқотиб қолмайсиз.

Хоразмнинг Хивасига жуда зарур ишингиз бўлмаса, баҳоргача бормай туринг.

Самарқанднинг Ургутига эса, биратўла ёзда борарсиз.

Тилга олганимиз аҳоли пунктлари билан яна бир ойдан сўнг боғланмоқчимиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG