Линклар

logo-print

Нарх арзонладию, келажак қоронғу

  • Садриддин Ашур

Кузатувчилар Россияда ишлаётган тожикистонлик мардикорлар юртга қайтишга мажбур бўлсалар, ишсизлик ҳукм сурган Тожикистонда нафақат иқтисодий, балки ижтимоий-сиёсий бўҳрон ҳам авж олиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар.

Кузатувчилар Россияда ишлаётган тожикистонлик мардикорлар юртга қайтишга мажбур бўлсалар, ишсизлик ҳукм сурган Тожикистонда нафақат иқтисодий, балки ижтимоий-сиёсий бўҳрон ҳам авж олиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар.

Глобал молиявий бўҳрон боис ëнилғи ва истеъмол моллари нархининг арзонлаëтгани Тожикистонда ҳам сезилаëтган бир пайтда¸ аҳоли харид қурби ҳам пастлаб бормоқда.

Сўнгги пайтларда Тожикистонда бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари нархи, ëнилғи ва автомобил нархи бир мунча пасайди.

Ўзбекистонга чегарадош туманлардан илгари бензин кириб келган бўлса, энди бу маҳсулот контрабандасига ўрин қолмади. Зеро, Тожикистонда бензин нархлари ҳозир Ўзбекистонга нисбатан анча арзонлади.

Тожикистонлик кузатувчи Бегали Ашурматов Сўғд вилоятининг Ўзбекистон билан туташ туманида яшайди.

У доим икки давлат ўртасидаги норасмий товар айирбошлаш ҳолатини кузатиб келади. Ашурматовнинг айтишича¸ айни кунларда Ўзбекистондан контрабанда йўли билан ўтиб турадиган бензин савдоси тамоман тўхтаган.

- Ҳозир бензинни у ëқдан олишмаяпти. Ҳозир бензин бу ëқда арзон-ку. Лекин солярка келаяпти. Бизда солярка қиммат. Нимагадир бизга Тожикистоннинг соляркаси келмаяпти. Ҳозир Ўзбекистоннинг соляркаси билан яшаб турибмиз, дейди Бегали Ашурматов.

Бугунги кунда Сўғд вилоятида бир литр бензин нархи бир ярим сомонигача тушди. Бу - 750 ўзбек сўми дегани.

Ўзбекистонда эса янги йилдан бошлаб бензин яна 20 сўмга қимматлади. Бегали Ашурматов фикрича, бу ўз нефт маҳсулотларига эга бўлмаган Тожикистон учун жаҳон иқтисодий бўҳрони таъсиридир. Бугун Тожикистондан Ўзбекистонга озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари олиб ўтилмоқда.

- Порошокка ўхшаган нарсаларни ташийдилар. Кейин яна катта-кичик Эрон адëллари бор-ку - ўшаларни ташийдилар. Яна чинни буюмлар ҳам бор.

Ўзбекистондан Тожикистонга эса:

- Колбаса ва ун маҳсулотлари келаяпти.

Кузатувчилар Тожикистонда ëнилғининг арзонлагани ва шу билан йўлкира нархларининг сал пасайганини ҳам жаҳондаги иқтисодий бўҳрон билан боғламоқдалар.

- Истеъмолчининг зарур нарсаларни сотиб олиш учун маблағи йўқ. Истеъмолчи қўлида маблағ пайдо бўлиши учун уни иш билан таъминлаш керак, дейди олий ўқув юрти ўқитувчиси Аброр Мирсаидов.

Унинг фикрича, бугунги нарх-наволарнинг сал пастлагани¸ албатта яхши, лекин бундан хурсанд бўлмаслик керак. Зеро, жаҳондаги иқтисодий бўҳроннинг салбий таъсири постсовет давлатларида сал кечроқ сезилади.

- Чунки, - дейди Аброр Мирсаидов, - бугун Тожикистон ва Ўзбекистонга кириб келаётган пул маблағларининг асосий қисми Россия ва Қозоғистонда ишлаётган мардикорлар ҳиссасига тўғри келади. Ҳозир уларнинг ҳаммаси уйига қайтган.

Агар бу мардикорлар баҳорда яна ишга жўнаб, иш тополмай сарсон бўлса, уйига пул жўнатолмаса, ана ўшанда бу мамлакатлар учун ҳақиқий иқтисодий бўҳрон бошланади.

Хўжандлик бошқа бир суҳбатдошимиз ҳам Аброр Мирсаидовнинг фикрларига қўшилади.

- Одамларнинг келажакка ишончи қолмади. Арзон бўлгани билан пулнинг ўзи бўлмаса, унда ёмон бўлади.

Ўзимиздаги корхоналар ишламаса, иш ўринлари яратилмаса¸ иш тополмай қайтиб келган мардикорлар нима қилади?

Бу фожеани ҳозирча биз кўролмаяпмиз. Ҳозир одамлар ўтган йили ишлаб келган пулларини еб ётибдилар. Келажак эса ҳозирча қоронғу, дейди суҳбатдошимиз.
XS
SM
MD
LG