Линклар

logo-print

Аёлга зўравонлик камаймаяпти


Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича¸ ўзбек аëлларининг оиладаги зўравонлик ҳақида яқинларидан бошқага лом-мим демаслиги¸ эски удумнинг янада газак олишига сабаб бўлаëтир.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича¸ ўзбек аëлларининг оиладаги зўравонлик ҳақида яқинларидан бошқага лом-мим демаслиги¸ эски удумнинг янада газак олишига сабаб бўлаëтир.

Оилавий зўравонлик қурбонига айланган жаҳондаги кўп миллионли хотин-қизлар орасида эри, отаси ёки ака-укаларидан зўравонлик кўрган минглаб ўзбек аёллари ҳам бор.

- “Аёлнинг жони қирқта” нақли айнан оилавий зўравонликларга чидаган ўзбек аёлларига нисбатан айтилган, - дейди хоразмлик Шоҳсанам исмли аёл.

Шоҳсанам турмуш қуриб, рўшнолик кўрмаганидан ўкинади. У келин бўлиб тушган кунидан бошлаб, қайнона ва қайинсингилларининг дашному камситишларига чидашига тўғри келганини, бунинг устига эридан деярли ҳар куни калтак еганини айтади.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, бугунги кунда Шоҳсанам сингари оилавий зўравонликkа учраётган аёллар кўпчиликни ташкил қилади.

Ҳуқуқ ҳимояси Бобомурод Раззоқовнинг айтишича, Бухорода ҳам эри томонидан калтакланаётган аёллар кўп.

- Урмайди, деган гап йўқ. Жанжалларни, албатта, эшитаяпмиз. Уради, деб эшитамизу¸ лекин аëллар “эрим урди” деб, маҳаллага чиқиб шикоят қилишмайди. Лекин бунақа ҳодисалар бор, дейди ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов.

Самарқандлик Моҳира исмли аёл ҳам оилавий зўравонлик қурбони бўлган. Моҳира зулмларга чидай олмай, ўзини ёқиб юборди, лекин тирик қолди.

Ўтган йили ўзбекистонлик режиссёр Нафиса Зоҳидова Моҳиранинг аянчли тақдири ҳақида “Бахт излаган аёл” номли ҳужжатли фильмни суратга олди. Фильмда Моҳира бошидан кечирган зулмларни сўзлаб берди.

“Мени ҳаммаси камситса¸ буни эрим ҳеч тушунмаса¸ менинг тарафимни олиш ўрнига келиб, мени дўппослайверса¸ қайнонам одам ўрнида кўрмаса¸ қайнотам¸ қайининим – умуман, ҳаммаси ҳақорат қилса¸ мен нима қиламан ҳаëтда яшаб? Мени ҳеч ким суриштирмаса.

Уйимда тандир ëниб турган эди. Гаражга кирдим ва бир канистр бензин олиб чиқдим. Бензинни кружкага солиб¸ ўзимнинг устимдан қуйиб юбордим...” - дейди бу филмда Моҳира.

Жиззахлик Саида опа ўзбек оилаларида аёлларга нисбатан зўравонлик одатий кўринишга эгалигини айтади.

- Хотинини уриш¸ сўкиш деган нарсалар ўзбекчиликда барибир бўлади. Чунки қонимизда бор нарса.

Бир ҳисобдан эркак кишининг талабчан бўлгани ҳам маъқулроқ. “Яхши отга бир қамчи¸ ëмон отга минг қамчи” деган мақол бор.

Бир айтганини бажариб қўядиган аëлларга, менимча, эрлари зуғум қилмаса керак. Айтавериб-айтавериб, унда ҳам қилмаса¸ уриш ҳолатлари бўлиши мумкин, дейди Саида опа.

Шаҳрисабзлик Зулфия опа эса кейинги пайтда Қашқадарёда аёлларга нисбатан зўравонликлар камайганини, ҳатто айрим оилаларда аёллар эрларига нисбатан устунлик қилаётгани ҳақида гапиради.

- Фақат эрининг айтгани бўладиганлар ҳозир қолмаган бўлса керак. Ҳозир аëллар ҳам эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлиб¸ пул ишлаш тарафдан эридан устун турувчи аëллар бор, дейди Зулфия опа.

“Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятовага кўра, Ўзбекистонда ижтимоий экстремизмнинг янги кўриниши пайдо бўлган бўлиб, у аёлларга нисбатан зўравонликда кўзга ташланади.

Нигора Ҳидоятованинг айтишича, иқтисодий муаммолар боис аёллар мардикорлик қилишга, Россия ва Қозоғистонга бориб, энг қора ва оғир ишларда ишлашга мажбур бўлмоқдалар.

Маълумотларга кўра, пул ишлаш илинжида кўчага чиққан ўзбек аёллари энди ташқарида ҳам уриш, сўкиш, камситиш, зўрлаш каби турли хил зўравонликларга дучор бўлишаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG