Линклар

ЕИ газ таъминоти тикланишини талаб қилмоқда


Европа Иттифоқининг 15 га яқин мамлакати Россия билан Украина ўртасидаги газ можароси туфайли газ таъминотида узилишлар рўй берганини маълум қилди.

Бундан Болқондаги мамлакатлар энг катта зарар кўраётгани айтилмоқда. Болгариянинг иккита шаҳри газсиз қолди ва минглаб одамлар қишнинг совуғида иситиш тизимларининг ишдан чиққанидан азият чекмоқда.

Греция, Македония, Руминия, Хорватия, Сербия, Босния ва Туркия газ оқимининг тўхтаб қолгани, Франция, Германия, Италия, Австрия, Польша, Венгрия ва Словакия газ босимининг пасайганини маълум қилди.

Европа Иттифоқи Москва ва Киев орасидаги газ можаросининг иттифоқ мамлакатлари газ таъминотига путур етказганини қоралади.

- Бу қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир. Европа Иттифоқининг Чехия президентлиги ва Европа комиссияси ЕИ мамлакатларига газ таъминотининг тўла тикланишини ва томонлар, яъни Россия ва Украинанинг ўзаро тортишувларни ҳал қилиш мақсадида музокараларни тиклашини талаб қилади, - деди Европа Иттифоқининг жорий раиси бўлмиш Чехиянинг бош вазир ўринбосари Александр Вондра.

Қўшма Штатлар ҳам сешанба куни Россия ва Украинани ўзаро муросага чақирди.

Россиянинг давлатга тегишли Газпром ширкати Украинани Европага Россия газини етказиб берадиган тўрт қувурдан учтасининг жўмрагини бураб қўйганликда айблади.

Украинанинг Нафтогаз ширкати эса бу айбловларни рад қилиб, Россияни газ ҳажмини камайтирганликда айблади.

Нафтогазнинг бошлиғи Олег Дубина пайшанба куни Москвага музокара қилишга боришини маълум қилди.

Газпром матбуот вакили Сергей Куприянов Россия томони музокараларни тиклашга тайёр эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG