Линклар

Москва Бишкек жонига оро кирмоқчи


Расмий Бишкек баëнотидан фарқли мустақил кузатувчилар¸ Россиянинг ўз сиëсий манфаатларини кўзлаб Қирғизистонга қарз бераëтганини таъкидламоқдалар.

Расмий Бишкек баëнотидан фарқли мустақил кузатувчилар¸ Россиянинг ўз сиëсий манфаатларини кўзлаб Қирғизистонга қарз бераëтганини таъкидламоқдалар.

Расмий Бишкек Россия Қирғизистон олдига ҳеч қандай сиёсий талаблар қўймаган ҳолда 2 миллиард доллар миқдорида қарз беражагини маълум қилди.

Россиянинг Қирғизистонга қарз бериши масаласи ўтган йили икки давлат бош вазирлари учрашуви чоғида муҳокама қилинган эди.

Сўнгги маълумотларга мувофиқ, президент Қурмонбек Бақиевнинг январ ойида Москвага қиладиган расмий сафари доирасида бу борадаги ҳужжатнинг имзоланиши кутилмоқда.

Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов бу ҳақда гапирар экан, берилажак қарзнинг 300 миллиони 40 йиллик, 1¸7 миллиард долларлик қисми эса 15 йиллик муддатга берилаётганини маълум қилди.

- Евросиё Иқтисодий ҳамжамияти интеграцияси жараёнлари доирасида бу масала икки йил мобайнида муҳокама қилинди. Бугун Қирғизистоннинг барқарор иқтисодий ривожланишига хавф туғилган бир пайтда, Россия бунга розилик берди, деди Игор Чудинов қирғиз парламентида қилган чиқишида.

Бош вазирнинг айтишича, қарз масаласи муҳокама қилинган учрашувларда Россия Қирғизистонга ҳеч қандай сиёсий талабларни қўймаган.

Бироқ бишкеклик айрим сиёсатшунослар фикрича, Россия ўз геосиёсий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда Қирғизистонга қарз бермоқда.

Иқтисод фанлари доктори Айилчи Сарибоевнинг айтишича, Россия қарз бериш орқали ўз ҳарбий базаси жойлаштирилган Қирғизистонни Ғарбнинг сиёсий таъсиридан чиқариш мақсадини кўзлаган.

- Россия Ўрта Осиё мамлакатларини бой бериб қўйди ва ёлғизланиб қолди. Шунинг учун ҳам Россия Қирғизистонга икки миллард доллар маблағни ёрдам сифатида бериш баҳонасида бизни ўз таъсир доирасига бира тўла қайтармоқчи бўлаётир. Буни Россиянинг дўстлик ёрдами сифатида эмас, манфаатли сиёсат сифатида баҳолаш зарур, дейди Айилчи Сарибоев.

Қирғиз ҳукумати Россия томонидан бериладиган 2 миллиард долларлик қарзнинг 300 миллиони давлат бюжетини қўллашга, 1¸7 миллиард доллари эса республикада энергетик тузилмалар қурилишига, жумладан, Қамбарота ГЭСини барпо этишга сарфланишини билдирди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон томони Тожикистон ва Қирғизистонда янги энергетик иншоотлар қурилишига қаршилик билдираётир.

Хусусан, ўзбекистонлик мутахассислар Тожикистондаги Роғун ГЭСи лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказиш зарурати борлигини, минтақада қурилажак янги энергетик тузилмалар сув муаммосини янада мураккаблаштириб юборишини даъво қилмоқдалар.

Бироқ тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов Қирғизистон ва Тожикистонни ҳам тушуниш кераклиги айтади.

- Улар [Қирғизистон ва Тожикистон – таҳр. изоҳи] янги ГЭСларни ишга тушириб, ўз иқтисодларини ривожлантиришлари зарур. Айни пайтда¸ Ўзбекистоннинг сувга бўлган эҳтиёжини ҳам унутмаслик керак. Советлар даврида бу муаммо Москва сиёсати билан мувофиқлаштирилиб келинган эди.

Демак, бу муаммо ҳал қилиб бўлмайдиган жумбоқ эмас, уни бугунги кунда Москва иштирокисиз ҳам ҳал этса бўлади. Фақат буни минтақа интеграцияси жараёнлари доирасида кўриб чиқилса, муаммонинг ечими топилади.

Афсуски, минтақа давлатлари президентлари ўз қўллари билан бир неча йил олдин Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотини ЕврАзЭСга қўшиб юбордилар, дейди Фарҳод Толипов.
XS
SM
MD
LG