Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:41

Журналист сирни очганликда айбланмоқда


Кузатувчилар Рамазон Есергеповнинг ҳибсга олинишини мамлакат расмийларининг ўз қилмишлари ошкор бўлмаслиги учун матбуотга босим ўтказиш уриниши сифатида баҳоламоқдалар.
Кузатувчилар Рамазон Есергеповнинг ҳибсга олинишини мамлакат расмийларининг ўз қилмишлари ошкор бўлмаслиги учун матбуотга босим ўтказиш уриниши сифатида баҳоламоқдалар.

Қозоғистондаги мухолифат газетаси бош муҳаррири Миллий хавфсизлик хизматига тегишли ҳужжатларни ошкор қилганликда айбланиб¸ яширинча ҳибсга олинди.

6 январ куни Олмаота шаҳридаги касалхоналарнинг бирида даволанаётган “Олмаота-инфо” газетасининг бош муҳаррири Рамазон Есергеповнинг Жамбул вилоят Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан яширинча олиб кетилгани маълум бўлди.

Бу ҳақда Есергеповнинг рафиқаси Равшан Есергепова Озодликка маълум қилди:

- Кечадан буён касалхонада иккита Миллий хавфсизлик хизмати ходими юрганди. Мен уларнинг айнан қайси бўлимдан эканини билмайман. Улар касалхона бош шифокорига мурожаат қилишиб, турмуш ўртоғимнинг аҳволи билан қизиққанлар.

Турмуш ўртоғим оғир аҳволда ётганига қарамай, бош шифокор махфий хизмат ходимларига Рамазонни касалхонадан олиб кетишга рухсат берган. Улар турмуш ўртоғимни қурол билан қўрқитиб, касалхонанинг орқа эшигидан олиб чиқиб кетганлар. Ҳозир унинг қаерда экани номаълум, дейди журналистнинг рафиқаси.

7 январ куни Олмаота шаҳар Миллий хавфсизлик қўмитаси департаменти газета бош муҳаррири жиноят содир этганликда айбланаëтгани боис¸ махфий хизмат ходимлари томонидан ҳибсга олинганини билдирди.

- Миллий хавфсизлик хизматининг Жамбул вилоят департаменти “Олмаота-инфо” газетаси бош муҳаррири Рамазон Есергеповнинг Қозоғистон “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни 2-боби 3-бандига зид равишда иш тутгани, яъни ўз лавозимини суиистеъмол қилиб, мамлакат сирларини ошкор қиладиган ҳужжатларни ўз мақоласида келтиргани боис уни жиноий жавобгарликка тортди, дея маълум қилди Миллий хавфсизлик хизматининг Олмаота департаменти матбуот хизмати ходими Мухтор Анорбеков.

Ўтган йил декабр ойида “Олмаота-инфо” газетаси бош муҳаррири Рамазон Есергепов “Давлатни ким бошқараяпти: президент ёки махфий хизматлар?” номли мақолани чоп этиб, унда Жамбул вилоят Миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан бирининг журналистга яширинча берган ҳужжатлардаги маълумотлардан фойдаланган эди.

Афтидан¸ журналистга қўйилаëтган айблар¸ ана шу мақоладаги маълумотлар асосига қурилган.

Қозоғистондаги “Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина сўнгги йиллар давомида ҳукуматнинг мухолифатдаги ва мустақил журналистларга бўлган босими Роҳат Алиевнинг расмийлар, хусусан, Назарбоевга қарши ишлатаётган компроматлари асосида янада кучайиб кетганини айтади.

- Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари, ҳар доимгидек, ўз лавозимларини суиистеъмол қилаяптилар. Журналист қўлига жамоатчилик учун муҳим бўлган ҳужжатлар келиб тушганда, у мазкур маълумотни ошкор қилмоғи керак. Бу ҳаттоки “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунда ҳам ёзиб қўйилган.

Аммо бу сафар Рамазон Есергеповнинг қўлига сирли ҳужжатларни махфий хизмат баъзи ходимларнинг ўзлари яширинча топширганлар. Ўйлашимча, махфий хизмат ходимларининг ўзлари ҳам Қозоғистон ҳукумати амалга ошираётган сиёсатдан чарчаган шекилли, дейди Розлана Таукина.
XS
SM
MD
LG