Линклар

logo-print

Тупроққа кўмилган сир


Таниқли журналист Алишер Соипов Ўш шаҳридаги Қайирма қабристонига қўйилганидан буён бир йилу икки ойдан мўлроқ вақт ўтди. Аммо ҳанузгача на қотил ва на буюртмачи номи ошкор бўлмади.

Таниқли журналист Алишер Соипов Ўш шаҳридаги Қайирма қабристонига қўйилганидан буён бир йилу икки ойдан мўлроқ вақт ўтди. Аммо ҳанузгача на қотил ва на буюртмачи номи ошкор бўлмади.

2009 йил бошланди ҳамки, 2007 йил октябрида Ўшда отиб кетилган таниқли ўзбек журналисти Алишер Соиповнинг қотиллари топилмади.

Алишер Соипов қотилларига нисбатан очилган жиноят иши бир неча бор тўхтатилди, сўнг яна қайта қўзғатилди.

Ўтган йил ноябрида журналистлар саволларига жавоб берган Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Дмитрий Федоров Алишер Соипов отилган қурол топилгани ҳамда бу қотиллик юзасидан вақтинча тўхтатиб қўйилган жиноят иши қайта қўзғатилганини билдирган эди.

Бу қотилликда Ички ишлар вазири ўринбосари қирғиз мухолифати лидери Аликбек Жекшенқуловнинг ўғли гумон қилинаётганини ҳам билдирганди.

Бироқ бу баёнот билан жамоатчилик заҳархандасига дуч келган Ички ишлар вазирлиги шу кунгача жиноят ишининг бориши ҳақида қўшимча тафсилотларни ошкор қилмади.

Қирғизистон собиқ омбудсмени Турсунбой Бакир ўғлининг айтишича, қирғиз милицияси мухолифат лидери Аликбек Жекшенқуловни ўз сиëсий фаолиятини тўхтатишга мажбурлаш мақсадида, унинг ўғлини қотилликда айблаган.

Турсунбой Бакир ўғлига кўра, аслида ҳақиқий жиноятчилар яқин йиллар ичида топилмайди.

- Алишер Соиповнинг ўлдирилиши Қирғизистондаги биринчи ва охирги сиёсий қотиллик эмас. Бундан аввал ҳам бир қатор сиёсатчилар ўлдирилди. Лекин уларнинг ҳақиқий қотиллари топилгани йўқ.

Алишер Соипов иши ҳам шулар жумласидан, яъни икки давлат махсус хизматлари сиёсий раҳбариятнинг буюртмасини бажардилар. Фақат ҳокимият алмашгачгина бу иш борасидаги ҳақиқатлар юзага чиқа бошлайди, дейди Турсунбой Бакир ўғли.

Қирғизистон ички ишлар вазирлиги ўзининг сўнгги баёнотида Алишер Соипов касбий фаолияти учун ўлдирилган, деган тахминни тасдиқлай олмаслигини ҳам билдирган эди. Бироқ бишкеклик журналист Султон Қаназаров бу фикрга қўшилмайди.

- Алишер катта тадбиркор эмасди. Унинг биров билан олди-бердиси ҳам йўқ эди. Шунинг учун ҳам уни фақат касбий фаолияти учунгина ўлдиришган, дейишга тўла асос бор, дейди Султон Қаназаров.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова эса қирғиз милицияси Алишер Соипов қотилларини профессионал даражада қидирмаяпти, деб ҳисоблайди.

Азиза Абдурасулова бу борада жамоатчилик милицияга ҳаддан ташқари босим кўрсатиши ҳам хавфли, дея мулоҳаза билдиради. Унинг айтишича, бу ҳолда милиция айбсиз кишиларни қотил сифатида халққа тақдим этиб юбориши мумкин.

- Босим кўрсатсак, улар бизга қотилни топиб беришади. Милиция бизга “қотил мана шу”, деб мутлақо бегуноҳ одамни кўрсатади. Бу каби фош этилмаган жиноят ишлари қийноқ қўллаш орқали очилиши маълум. Бундай ҳодисалар Қирғизистонда бир неча маротаба бўлган.

Бошқа томондан, милициянинг бу жиноят ишини тўхтатиб қўйишига ҳам йўл бериб бўлмайди. Шунинг учун ҳам жамоатчилик бу йўналишда мўътадил позицияни эгаллаши лозим, дейди Азиза Абдурасулова.
XS
SM
MD
LG