Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:52

Деҳқон " қон йиғлаяпти"


Бир парча бўлсин ер¸ азал-азалдан ўзбек деҳқони учун ҳаëт манбаи бўлиб келган.
Бир парча бўлсин ер¸ азал-азалдан ўзбек деҳқони учун ҳаëт манбаи бўлиб келган.

"Деҳқонни урма¸ сўкма¸ ерини тортиб ол!" Шу ақидага амал қилаëтган ўзбек маъмурлари нони ҳам¸ оши ҳам ери бўлиб келган деҳқонни сўнгги насибасидан жудо қилмоқдалар.

Хоразм вилоятидаги Хазорасп туманининг Саноат қишлоғида яшовчи Казанбой Матмуродов бир парча ери тортиб олинган кўплаб ўзбекистонлик деҳқонлардан бири.

Казанбой акага ўхшаган деҳқонлар эса бугунги оғир иқтисодий шароитда оиласини қандай боқишни билмай ҳайрон.

- 15 сотих ерим бор эди. Бизга ўша пайтда Исмоил деган бригадир ўлчаб берган эди. Ëнимда отамники¸ қўшниларники бор эди. Кўпчилик эдик бизлар. Фермерга деб олдилар. “Ўрнига берамиз”¸ дейишган эди¸ лекин беришмаяпти. 7 йилдан буëн сарсон-саргардон бўлиб¸ бормаган ерим қолмади, дейди Казанбой Матмуродов.

Унинг айтишича, ердан бошқа ҳеч нарсаси йўқ бу одамлар ҳақиқат излайдилар. Улар ерни ўзлари эгаллаб олган эмас. Ўша пайтдаги колхоз ўлчаб берган. Бу содда одамлар бу ернинг ҳужжатини ҳам сўрамаганлар. Худога шукр қилиб, деҳқончилигини қилиб юраверишган.

Парча ерни деб, неча чориқ йиртилди...

2001 йилда эса бу ерларнинг эгалари чиқиб қолди. Ерлар фермер хўжаликлари томонидан эгалланди. Еридан ажраган одамларнинг мурожаат қилмаган жойлари қолмади:

- Туман ҳокими Жумабой Ўтамов деган шахсга мурожаат қилдим. Кейин туман прокурори Хайрулла Ҳасановга мурожаат қилдим.

Вилоят прокурори номига ариза ëздим. Ҳатто Ўзбекистон республикаси бош прокурори Қодировга ҳам мурожаат қилдим. 1074-сонли аризамга ҳанузгача жавоб йўқ.

Кейин яна нечта жойларга мурожаат қилдим (йиғлаб). Мана, ҳозир мен 55 ёшимда сизларга қон йиғлаб айтаяпман. Бир бурда нонга зорман.

Шунчалик ҳам муттаҳамлик¸ адолатсизлик бўладими бу Ўзбекистонда? Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман. Ҳали болаларни уйлантириш у ëқда турсин¸ овқат еганимиз йўқ. Ҳаттоки тўйиб нон ея олмаяпмиз, дея нолийди суҳбатдошимиз.

Бутун умрини деҳқончиликка бағишлаган Казанбой ака сингари одамлар учун у бир парча ер ягона тирикчилик манбаи эди.

- Шу 15 сотих ерга буғдой экиб 500¸ 600¸ 700 килограмм буғдой олсам, ҳеч бўлмаса нон бўларди. Оиламга етарди. Шоли эксам, ош бўларди. Бу дегани 12 ой мобайнида дастурхонимда нон ëки ош бўлади деган гап. Булар шу нарсадан атайлаб маҳрум қилаяпти. Ер берса¸ одам кун кўриб билади. Буларнинг бош мақсади эса одамларга кун кўришга бермаслик, дея ёзғиради суҳбатдошимиз.

Йиғи келади, Илҳом келмайди...

Аслида, дейди Казанбой ака, туман ҳокимиятидаги масъул шахслар ер берамиз, деб айтишади. Лекин бу туя қурғурнинг думи ҳеч ерга тегай демайди.

- 7-8 йил бўлди ҳалигача беришмайди. Шунақа қийнашаяпти энди. Бошимга итнинг кунини солишаяпти. Итни ўйнатгандек ўйнатишаяпти. Ер ўлчайдиганлар: “Шу йил ўлчаб берамиз”, дейди.

Қўчқоров Илҳом дегани: “Сиз уйингизда ўтиринг, Казанбой ака. Мен ўзим бориб¸ ерингизни ўлчаб бераман”, деди. Рост экан деб кутганман¸ лекин келадиган Илҳомдан дарак йўқ-да¸ дейди бир умр колхозда ишлаб 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолган Казанбой Матмуродов.
XS
SM
MD
LG