Линклар

Пора берган ҳам¸ олган ҳам доғда қолди

  • Барно Анвар

Транспарэнси Интернашнл ташкилоти ҳисоботида қайд этилишича¸ олий таълим соҳаси Ўзбекистонда энг коррупциялашган тизим ва болаларини талабалар сафига қўшиш учун аксар ота-оналар минглаб доллар пора беришга мажбур.

Транспарэнси Интернашнл ташкилоти ҳисоботида қайд этилишича¸ олий таълим соҳаси Ўзбекистонда энг коррупциялашган тизим ва болаларини талабалар сафига қўшиш учун аксар ота-оналар минглаб доллар пора беришга мажбур.

Боласини олий ўқув юртларига ажратиладиган қўшимча талаба ўрнига жойлаштириш илинжида минглаб доллар пора берган ота-оналар шу кунларда чув тушиб ўтирибди.

Одатан¸ ҳар йили кириш имтиҳонида бали бирозгина етмай қолган абитуриентлар учун қўшимча ўрин ажратилар ва октябр-ноябр ойларида талабалар сафи кенгайиб қолар эди.

Аммо бу ўқув йилидан умид қилиб, ҳужжатларини қайтариб олмай юрган абитуриентларга шу кунларда қўшимча ўрин ажратилмаслиги айтилиб, ҳужжатларни қайтиб олиш ва кейинги йилга имконини синаб кўриш тавсия қилинмоқда.

Абитуриентнинг бу йил бир амаллаб ўқишга кириб олишини ният қилиб юрган яқинларини эса бу хабар қаттиқ ташвишга солмоқда.

Боиси, Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига ўқишга кириш коррупциялашгани ва кириш имтиҳонларининг ўзиёқ поралик бўлгани каби, қўшимча ўринларга даъвогарлар ҳам унга-бунга тузуккина пора бериб улгурган.

Яна бир боиси, қўшимча ўрин кам ажратилади ёxуд ажратилмаслиги мумкин, деган овозалар анчадан бери юрганидан, бу йил бу поранинг қиймати ҳам ошган эди.

Кириш имтиҳонидан ўтиш учун тўплаган бали озлик қилган жияни учун ҳаракат қилиб юрган журналист Шоҳиста Каримова бу ҳақда Озодликка мана буларни сўзлаб берди.

- Аввал масалан Ўзбекистон Миллий университетининг оддийгина биология¸ химияга ўхшаган факультетларига 1000¸ 1500 атрофида ҳал бўлаëтган деб авраб¸ бу 15000 долларга айланади. Бу фақатгина шартнома ўринни эгаллаб кириб олиш учун холос.

Шартнома пули бунинг ичида эмас. Ҳозир Ўзбекистонда энг кам шартнома пули 1 миллион 200 минг сўм. Мен буни эшитиб жуда ҳайрон қолдим¸ дейди Шоҳиста Каримова.

Баъзи манбаларга кўра, 12 минг, сўзларини тинглаганингиз суҳбатдошимизга кўра эса 15 минг АҚШ доллари дейилаётган сумма Ўзбекистон шароитидаги ўртамиёна оила учун, албатта, катта пул.

Аммо, шу пулни бериб бўлса-да, боламни ўқишга жойлайман, дегувчи оилалар кўп экан, дейди Шоҳиста Каримова суҳбат давомида.

- Агар ëлғон бўлмаса¸ телефонда гаплашиб қолганимизда ўз оғзи билан менга “Менинг Вазирлар Маҳкамасида танишим бор. Беш-олтита фамилияни киритиб юбордим. Агар шу нархга рози бўлсангиз¸ кейинги партиядаги рўйхатимга киритиб юбораман” деб айтди. Демак¸ бундан билинадики¸ анча-мунча рўйхатли одамлари бор унинг¸ дейди Шоҳиста Каримова.

Лекин, Каримова жияни ҳужжат топширган Ўзбекистон Миллий университети қабул комиссиясига аризанинг ўзини топшириб қўйиб, тақдирига умид қилаётган эди. Аммо:

- Ўзбекистон Миллий университети қабул комиссиясига мурожаат қилиб сўрасам¸ у “Бизга вазирликдан қарор келган. Бу йилдан бошлаб ҳеч қайси олий ўқув юртига қўшимча контракт ўрин ажратилмайди. Бундан хабарингиз йўқми? Эълонларни ҳам¸ хабарларни ҳам доскага осиб қўйганмиз” деб айтди¸ дейди Шоҳиста Каримова.

Лекин қизиғи шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг олий ўқув юртлари эълон тахталарига бир парча қоғозга битилиб, осиб қўйилган бу эълони бизга ўхшаб, ишни пулсиз битираман, деганларнинг кўзига қилинган иш шекилли, дейди яна суҳбатдошим.

Ўзбекистон пойтахтидаги баъзи олий ўқув юртларида юрган узун-қулоқ гапларга кўра, ана шу қарордан хабар топганидан сўнг пора берганлар пора олганларнинг эшигида турнақатор бўлмоқда. Пора олган эса порани бўлишган амалдорнинг қабулида.

Қўл билан берилган пулни фақат оёқ билан, минг бор югуриб олиш мумкинлиги, бунда ҳам агар омади келсагина олиш мумкинлигига ишонган баъзи оилалар эса ички ишлар бошқармаларига ҳам мурожаат қилган ва айрим олий ўқув юртларидаги ўқитувчилар, раҳбар шахслар, ҳатто, Вазирлар Маҳкамасида шу ишга масъул кишиларнинг иши терговдамиш, деган миш-мишлар ҳам бор.

Аммо, бу мавзуни ўрганиш чоғида сим қоққанимизда деярли барча ота-оналар, абитуриентларнинг яқинлари микрофонимизга гапиришни истамади. Чунки, пора берган.

Олий ўқув юртларининг қабул ишлари билан шуғулланади, дейилган ўқитувчилари ҳам мулоқотдан қочди, чунки пора олган.

Бу вазиятни изоҳлашини сўраб, Вазирлар маҳкамасининг Ўзбекистон олий ўқув юртларига қўшимча талаба ўринлари ажратиш ва бу ўринларга талабаларни қабул қилиш ишларига масъул бўлган ходими Мирмуҳсин Акбаровнинг идорасига ҳам сим қоқдик. Аммо, қўнғироғимизга жавоб бўлмади.

Республика Олий таълим вазирлиги ходимлари ҳам саволларимизга жавобан бизни Мирмуҳсин Акбаровга йўллар экан, бу иш устида катта тўполон бошлаганини инкор қилмади.

Шу тариқа, бир амаллаб ўғлим ёки қизимни, укам ёки жиянимни ўқишга жойлайман, деб бу ўқув йилининг ярмига қадар шаштидан қайтган баъзи ўзбекистонликлар доғда қолди, афтидан.

Зеро, иложсизликдан бир неча минг АҚШ доллари миқдорида сарфланган пул порага берилган, уни ундириб олишнинг ўзи бўлмайди энди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG