Линклар

Ўзбек муҳожири аросатда

  • Ҳурмат Бобожон

Дунëнинг бошқа жойларида кузатилгани каби¸ Жанубий Кореядаги ўзбек муҳожирлари ҳам асосан маҳаллий аҳоли қилишни истамаган қора ишларга жалб этилади.

Дунëнинг бошқа жойларида кузатилгани каби¸ Жанубий Кореядаги ўзбек муҳожирлари ҳам асосан маҳаллий аҳоли қилишни истамаган қора ишларга жалб этилади.

Глобал иқтисодий бўҳронни аксар дунë қатори Жанубий Кореяда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳам ўз таналарида ҳис эта бошладилар.

Жанубий Кореядаги ширкатлар иқтисодий бўҳрон боис ходимлари сонини қисқартира бошлагани оқибатида¸ кўпчилик ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ишсиз қолган.

Жанубий Кореяда тўхтаб қолган заводларнинг бирида ишлаётган Умид гапиради.

- Иш йўқ. Юрибмиз у ëқни тозалаб¸ бу ëқни тозалаб. Ўзи 8 соатлик иш вақти. Шунинг 3-4 соатида ишлаймиз. Қолган пайтда у ëқ¸ бу ëқни тозалаб юрамиз.

Олти киши эдик¸ икки кишига қисқартиришмоқчи. Кўпчилик иш йўқлиги учун қайтиб кетаяпти. Умуман ҳозир корейсларнинг ўзига иш йўқ. Катта-катта компаниялар ëпилиб кетди банкрот бўлиб¸ дейди Умиджон.

Сўнгги тўрт ой ичида Жанубий Корея миллий пули – вонанинг АҚШ долларига нисбатан 35 фоизга қадрсизланиши ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ризқини яримта қилиб қўйди.

Сеул шаҳридаги қурилишларда пайвандловчи бўлиб ишлаётган хоразмлик Баҳром аканинг айтишича, корейс пулининг қадрсизланиши оқибатида улар уйларига жўнатаётган пул моқдори ҳам икки баробар камайган.

- Ҳозир аҳвол умуман оғир бўлиб қолди бу ерда. Долларнинг курси 920¸ 950 эдида. Ҳозир долларнинг курси 1¸5 миллионга чиқиб кетди. Ишлаб чиқариш компаниялари маҳсулот ишлаб чиқариш учун олаëтган нарсаларининг ўзи маҳсулотнинг ўзидан қимматга тушаяпти.

Шунинг учун бутун компаниялар ишни тўхтата бошлади. Бунга долларнинг кўтарилиши сабаб. Ҳозир бу ерда кўп чет элликлар ишсиз юрибди¸ дейди Баҳром ака.

Баҳром ака муҳожирликка юз тутишдан аввал Ўзбекистонда майда тадбиркорлик, олди-сотди билан шуғулланган. Бюрократик тўсиқлар боис иши юришмагач¸ рўзғорини тебратиш илинжида Жанубий Кореяга йўл олган.

- Ўзбекистонда олди-сотди қилар эдик. Ҳозир Ўзбекистондаги шароитни кўриб турибсиз. Ўзингизнинг мулкингизга ўзингиз эгалик қила олмайсиз. Божхона ҳам¸ солиқ ҳам ўйин қилади. Хуллас¸ бошқа иложи бўлмагандан кейин тинч юрамиз деб Кореяга келган эдик¸ дейди Баҳром ака.

Ҳозирда Ўзбекистонда ва Жанубий Кореянинг ўзида ўзбек мардикорларини чет давлатларга ишга юбораётган гуруҳлар бор. Жанубий Кореядаги иқтисодий бўҳрон боис юзага келган вазиятдан хабари йўқ кўплаб ўзбеклар ҳали ҳам бундай гуруҳларнинг йирик маош ҳақидаги алдов ваъдаларига учиб¸ Кореяга йўл олишмоқда.

Баҳром ака: Пул сарфлаб келганлар ҳозир Кореянинг аҳволини кўриб ҳайрон бўлиб турибди. Булар Кореяга катта пул эвазига кириб келганлар.

Озодлик: Кимлар жўнатаяпти у ерга?

Баҳром ака: Ўзимизнинг Ўзбекистонда шу иш билан шуғулланадиган одамлар бор. 4 минг¸ 5 минг ҳатто 7 минг долларгача сарфлаб келишаëтган экан.

Озодлик: Кореяда қандай ишга жойлаштирилади?

Баҳром ака: Бу Кореянинг меҳнат биржаси орқали амалга оширилади. Бу ерда бизга фақат оғир¸ зарарли ишларни беради. Ҳозир жуда ҳам кўп одам ишсиз юрибди. Ноқонуний бўлиб қанчаси юрибди. Айниқса¸ Ўзбекистондан келган қизлар учун иш оғир бўлаяпти.

Менинг айтмоқчи бўлганим¸ Ўзбекистондан келмоқчи бўлганлар пулини сарфламасдан олдин бу ернинг аҳволини билсин. Долларнинг курси 920 пайтида 1¸5 миллион ойлик олардик ва бу 1500 доллар бўлар эди. Ҳозир 800¸ 700 долларга тушиб қолдик.

Компания 2-3 ой мажбурий дам олиш бериб турибди. Лекин барибир уйга кетмасдан¸ уйга кетиб пул йўқотиб келамизми деб шу ерда ëтибмиз.

Ўтган йил давомида Ўзбекистондан Жанубий Кореяга ишлагани келувчилар сони ниҳоятда ортди. Улар оддий корейслар ўзларига эп кўрмайдиган ишга жон деб рози бўлишади. Бизга корейсларнинг ўзи қилмайдиган оғир¸ зарарли ишларни беришади.

Озодлик: Масалан¸ қандай ишлар?

Баҳром ака: Ҳар бир соҳанинг энди ўзига яраша қийин ишларида. Масалан¸ биз ўзимиз қора ишда ишлаймиз. Бизнинг ëнимизда корейс юради¸ лекин у иш қилмайди. У шу юргани учун пул олади.

Ўзи бу ерда чет элликларни ишга олиш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам корейс олинади. Лекин у корейс иш қилмайди. Биз бетон заводларда¸ алюминий заводларда ишлаймиз. Биз Кореянинг энг кам иш ҳақига ишлаймиз.

Ойликлар камлиги ва ё умуман берилмаётгани боис кўплаб меҳнат муҳожирлари эса ўз уйларига қайта бошлаган, дейди тошкентлик Зафар.

- Ишлагандан кейин пуллар йўқ уйга жўнатишга. Кўпи қайтиб кетаяпти. Бошқа иложи йўқ. Қайтмаганни қайтаришаяпти¸ дейди Зафар.

Рўзғорини тебратиш илинжида муҳожирликка юз тутган ўзбекистонликларни бугун Европадан тортиб, Америкагача, Осиёдан тортиб Яқин Шарқ давлатларигача учратишингиз мумкин.

Сўнгги ҳисоб-китоблар уларнинг сони бир неча миллионга етганидан далолат беради.

Маҳаллий кузатувчилар мавжуд вазиятга Ўзбекистонда мавжуд ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий вазият сабаб эканини айтишади. Ўзбекистонлик кузатувчи Жаҳонгир Шосалимов гапиради:

- Ўзбекистонда иш жойларининг етишмаслиги¸ иш ҳақининг камлиги¸ мардикорларга бўлган суст эътибор сабабли тахминан 5 миллионга яқин ишчи хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Шунинг асосий қисми Россияда¸ Европада¸ Украинада¸ Қозоғистонда ва ҳоказо. Кореяда ҳам ниҳоятда кўп. Бу тахминан 2000- йилдан бери давом этаяпти.

Ўтган 9 йил давомида мардикорлар Ўзбекистон иқтисоди учун ниҳоятда катта ишларни қилишди. Ўзбекистонга мардикорлардан мана шу 9 йил давомида камида 68 миллиард доллар пул кириб келди. Бу Ўзбекисондаги хотиржамликка асос бўлди.

АҚШда бошланган иқтисодий инқироз ҳозир жаҳоннинг ҳамма жойида кузатилмоқда. Жумладан¸ Жанубий Кореяда ҳам. Бу инқирознинг асосий оғирлиги кимга тушади? Яна шу ишчиларга.

Айниқса¸ ҳар хил мамлакатдан келган бегона ишчиларга нафрат кучаяди. Иш етмаслик бошланади. Шу сабабли Жанубий Кореяда яшаëтган ўзбекистонлик мардикорларга ниҳоятда оғир. Мен уларни тушунаман.

Лекин уларни Ўзбекистонда ҳам ҳеч ким кутаëтгани йўқ. Иш жойлари кам¸ пул кам каби муаммоларни ҳукумат инкор қилиб келади ва бу муаммо билан шуғулланиш истаги ҳам йўқ. Шу жиҳатдан мардикорлар учун ниҳоятда оғир бўлади.

Сабр-тоқат билан чиқиб кетиш керак бўлади. Ҳали март ойларига келиб ëки ëз ойларига бориб Ўзбекистонда ҳам кишининг хаëлига мутлақо келмаган ишлар бўлиб кетиши мумкин¸ дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Ўзбек муҳожирларининг айримлари уйга қатмоқда, бошқаларининг эса ҳозирча топганига шукур қилишдан бошқа чораси йўқ.

- Энди бу ëғига кутамиз. Нима бўлганда ҳам бу ерда Ўзбекистондан кўра тинч. Шу ерларда юриб юртимиз тинч бўлишини¸ мана шу давлатлардай ривожланиб кетишини Оллоҳдан сўраймиз¸ дейди Баҳром ака.
XS
SM
MD
LG