Линклар

Брюсселда газ можароси бўйича учрашув бўлади


Бугун Россиянинг Газпром ширкати ва Украинанинг Нафтогаз ширкати вакиллари Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари билан учрашиб, Европанинг бир нечта мамлакатини газдан маҳрум қилган Москва-Киев можаросини ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилади.

Газ можароси туфайли Украина орқали Европага келадиган Россия газининг оқими тўла тўхтатилди.

Россиянинг Газпром ширкати Украинани Европага Россия газини етказиб берадиган қувурлар жумрагини бураб қўйганликда айбламоқда. Украина эса Россияга газ бермай қўйганлигини таъна қиляпти.

Газ оқимининг тўхтатилиши қишнинг ўта совуқ кунларига тўғри келди ва Шарқий Европадаги бир нечта давлат таълим муассасаларини ёпиб қўйиш ва саноат объектларида газ ишлатилишини чеклашга мажбур бўлди.

Европа Комиссияси Президенти Хосе Мануэл Баррозо Россия ва Украина табиий газ транзитини текшириш учун кузатувчиларни киритишга рози бўлганини маълум қилди.

- Бош вазир Путин ҳам, бош вазир Тимошенко ҳам газ транзит тизими ҳақиқатан ишлаяптими, йўқми текшириш учун халқаро кузатувчиларнинг жойларга киритилиши ҳақида бизни ишонтирди, - деди Европа мулозими.

Европа Иттифоқи Россия ва Украинадан 24 соат ичида ўзаро келишмовчиликларни ҳал қилиб, Европага газ таъминотини тиклашни талаб қилди, акс ҳолда, бунинг сиёсий оқибатлари бўлишидан огоҳлантирди.

Бўҳронга Россиянинг 1 январдан Украинага газ беришни тўхтатиб қўйгани сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG