Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:07

Бишкек қўшниларидан ўрнак олмоқда


Қирғиз жамоатчилиги қуролли кучлар тўғрисида қабул қилинган қонунни “демократиядан чекиниш” дея баҳоламоқда.
Қирғиз жамоатчилиги қуролли кучлар тўғрисида қабул қилинган қонунни “демократиядан чекиниш” дея баҳоламоқда.

Қуролли кучлар тўғрисида парламент қабул қилган янги қонунга мувофиқ қирғиз армияси бундан буён норозилик намойишларини тарқатиш ҳуқуқига эга бўлди.

Қирғизистонлик кузатувчилар фикрича, иқтидордаги сиёсатчилар бир йилдан сўнг ўтадиган президентлик сайловларига тайёргарлик доирасида содир этилиши мумкин бўлган норозилик намойишларининг олдини олишга ҳаракат бошлаган.

Кузатувчиларга кўра, парламент томонидан қабул қилинган “Ялпи ҳарбий мажбурият, ҳарбий ва муқобил хизмат тўғрисида”ги қонун ҳам мана шу тайёргарликнинг бир бўлагидир. Бу қонунда қирғиз армиясига норозилик намойишларини тарқатиш ҳуқуқи берилган.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова бундай қонун қабул қилинганини Ўзбекистон ва Қозоғистон юритаётган сиёсатнинг Бишкекка таъсири сифатида баҳолайди.

- Масалан, Қозоғистон ва Ўзбекистонга бизнинг Қирғизистон каби ҳур фикрли, бесаранжом, тинмай президентини, унга қўшиб Назарбоев ва Каримовни ҳам аямай танқид қилувчи қўшнининг кераги йўқ. Шу сабабли ҳам бу каби қонунларнинг қабул қилиниши учун улар сиёсий таъсир кўрсатадилар, дейди Азиза Абдурасулова.

Шу ўринда ҳуқуқ ҳимоячиси Қирғизистонда ўтган сайловларда Россия сиёсий технологлари фаолият олиб борганини ҳам эслаб ўтди.

Унинг айтишича, бу сиёсий технологларнинг барча ҳаракатлари президент Бакиевнинг ҳокимиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш ва Қирғизистонни диктаторлик мамлакатига айлантиришга қаратилган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, қуролли кучларга намойишларни тарқатиш ҳуқуқи берилиши билан мамлакатда Андижон воқеаси каби фожеаларнинг содир бўлишига имконият яратилганидан ташвиш билдирадилар.

- Бу қонунни иқтисодий ва энергетик таназзул туфайли халқнинг сабр косаси тўлиб бораётганининг бир белгиси сифатида ҳам баҳолаш мумкин. Яъни халқ кўтарилса энди уни ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқ тартибот тузилмалари боса олмаслигини тан олишдир.

Шу аснода уларга ёрдам қаторида қуролли кучларга аҳолига қарши куч ишлатиш ҳуқуқи берилмоқда. Бу ўта хавфли қонундир, дейди қирғизистонлик сиёсатшунос Тўқтўғул Қақчикеев.

Айни пайтда қирғиз парламенти депутати Бўлўт Норғўзиев қуролли кучлар тўғрисидаги янги қонунда демократик тамойиллардан чекинтирувчи моддалар йўқ эканини айтади. Унга кўра, қонун мамлакат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги яна бир уриниш, холос.

- Турли табиий офатлар юз берган пайтда ола-тасир воқеалар содир бўлади. Бу эса турли нотинчликларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, миллатлараро низолар ҳам содир бўлиши мумкин.

Қонун муаллифлари ана шундай пайтда қуролли кучлардан фойдаланиш эҳтиёжи пайдо бўлиши туфайли мана шундай модда киритилганини айтиб, изоҳ бердилар.

Норозилик намойишлари пайтида эса ҳукумат қонуннинг бу моддасини амалга татбиқ этмай, босиқлик билан ҳаракат қилишади, деган ишончдамиз, деди депутат Бўлўт Норғўзиев.
XS
SM
MD
LG