Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:21

Яна бир қул озод этилди


Қозоғистонда ноқонуний ишлаётган меҳнат муҳожирларини маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлига тушиш ёки қулдорлар ўлжасига айланиш хавфи муттасил таъқиб этади.
Қозоғистонда ноқонуний ишлаётган меҳнат муҳожирларини маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлига тушиш ёки қулдорлар ўлжасига айланиш хавфи муттасил таъқиб этади.

Ғарбий Қозоғистон расмийлари ўзбекистонлик муҳожирни асоратда сақлаб келган оқсойлик 40 яшар қулфуруш қўлга олинганини маълум қилди.

Ҳозирда қозоғистонлик қулфуруш маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноий жавобгарликка тортилган.

Расмий манбага кўра¸ у Россиянинг Оренбург шаҳрида истиқомат қилиб келган ўзбекистонликни алдов йўли билан Қозоғистоннинг Уральск шаҳрига олиб келиб, сўнг уни асоратда сақлаганликда айбланмоқда.

Расмий идораларнинг келтиришича, ўзбекистонлик уззукун маҳаллий иш берувчига тегишли бўлган техник хизмат кўрсатиш станциясида ишлаб, оғир шароитда сақлаб келинган.

Кейинги икки йил давомида Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароларининг асоратга тушиш ҳоллари тез-тез учрамоқда.

Кузатувчиларнинг келтиришича, бу мамлакатда маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан эксплуатация қилинган ўзбекистонликларнинг аксарини меҳнат муҳожирлари ташкил қилади.

Қозоғистонлик ҳуқуқшунос Наталья Исакованинг айтишича, асоратда сақланган ўзбек меҳнат муҳожирларининг аксари нафақат руҳий босим, балки жисмоний тазйиқ-таъқибга ҳам дучор қилинган:

- Уларнинг барчаси туртиб-суртилган, ҳақорат ва калтак азобига дучор қилинган, дейди Наталья Исакова.

Ўзбекистонлик 24 яшар Руслан Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига онаси ва вояга етмаган укаларини боқиш учун пул топиш мақсадида келган.

Маҳаллий иш берувчининг уйида зўрлик билан икки ой давомида ушлаб турилган Руслан ҳам кузатувчиларнинг одам савдоси ва асорат қурбонлари ҳақидаги мулоҳазаларини тасдиқлайди.

- Эрталаб соат 7 да турамиз, соат 2-3 гача ҳам ишлайверамиз. Ёмон ишлаяпсизлар, деб айтаяпти. “Ўзбексан” деб калака қилиб, уятсиз гаплар ҳам айтаяпти, дейди Руслан.

Кўп ҳолатларда ўзбекистонликлар қўшни мамлакатда ноқонуний равишда ишлаётганлари ва маҳаллий иш берувчилар уларни расмий рўйхатдан ўтказишни истамаслиги Қозоғистонда нохуш ҳодисага учраган одамни излаб келган яқинларига ҳам ўз қариндошини топишда қийинчилик туғдиради.

Олмаотадаги қурилиш объектларининг бирига ноқонуний равишда ишга ёлланган икки ўзбекистонлик йигитнинг отаси ҳам бир неча ой фарзандларини қидиришга мажбур бўлди.

Бошидан ўтказган қийинчиликларга қарамай, бахти чопиб, ўғилларини асоратдан озод қилишга муваффақ бўлган бу ота асоратда сақланган фарзандлари кечмишларидан даҳшатга тушганини яширмайди.

- Бу даҳшат, ҳайвонлик бу, ҳайвонлик. Ҳатто бўрилар бир-бирини ўлдирмайди, дейди ўзбекистонлик отахон нафрат билан.

Қозоғистонда сўнгги бир йил ичида 100 дан зиёд ўзбекистонлик, шунингдек, яна бир нечта бошқа миллат вакилларининг иш берувчилар қўлида қулликда сақлангани фош бўлди.

Кузатувчиларга кўра¸ Марказий Осиёда одам савдоси бугунги кунда энг чигал муаммолардан бирига айланган-

Минтақа расмийларнинг бу муаммога жўяли ечим тополмаётгани ҳамда меҳнат муҳожирларининг ўзга юртда хавфсизлиги таъминланишига ҳеч ким 100 фоиз кафолат бера олмаслиги¸ вазиятни янада мураккаблаштирмоқда¸ деган фикрда кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG