Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:29

Тожиклар Салафияни таъқиқлади


Кузатувчилар¸ Тожикистон расмийларининг Салафия оқимини таъқиқлаш ҳақидаги қарори Эрон расмийларига хуш келишини тахмин қиладилар.
Кузатувчилар¸ Тожикистон расмийларининг Салафия оқимини таъқиқлаш ҳақидаги қарори Эрон расмийларига хуш келишини тахмин қиладилар.

Тожикистон Олий суди Салафия оқимини тарғиб қилувчи адабиётлар, видео ва аудиоёзувларни тарқатувчи шахсларни жиноий жавобгарликка тортишга қарор қилди.

Тожикистон Олий суди матбуот хизмати бошлиғи Маҳмадали Юсуповнинг маълум қилишича, бу қарор тожик жамиятида тинчлик-барқарорликни сақлаб қолиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган:

- Тожикистон Олий судининг 8 январда қабул қилган қарорига кўра, Тожикистон миллий хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш ҳамда миллий, диний ва ирқий низо тарқатиш, шунингдек, мусулмонлар шаънини ерга уриш каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бундан буён мамлакатда Салафия оқими ҳаракатлари ноқонуний деб топилиб, мамлакат ҳудудида бу оқим фаолияти таъқиқланди, деди Маҳмадали Юсупов.

Олий суд расмийси бундан буён мамлакат масжидларида мазкур оқим адабиётларини ҳамда аудио ва видеоёзувларини тарқатган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилишини таъкидлади.

Тожик жамиятида салафийлар фаолияти ҳақидаги баҳслар 2008 йил охирига келиб анча кучайди.

Тожикистон Бош прокурори салафийлар ҳатти-ҳаракати тожикистонлик мусулмонлар ўртасида турли низолар келтириб чиқараётгани ва унинг фаолияти таъқиқланиши борасида ҳукуматга мурожаат этишини бир неча бор уқтирган эди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам ўтган йили Рудакий тумани аҳолиси билан учрашуви чоғида аҳолини бегона оқим вакилларига эргашмасликка чақирган эди.

Гарчи Тожикистон давлат раҳбари ҳам, дин уламолари ҳам Салафия аксарияти ҳанафий бўлган тожикистонликлар ўртасига нифоқ солувчи ва давлат сиёсати учун хавф туғдирувчи оқим эканидан фуқароларни огоҳлантириб келсалар-да, салафийлардан бири бўлган Назирмад бу оқимга эргашувчилар¸ аксинча Тожикистон сиёсатини қўллаб-қувватлашларини таъкидлайди.

- Ўзини доим демократик давлат сифатида таништириб келган Тожикистоннинг бугун бизнинг фаолиятимизни таъқиқлаши қонунга хилоф ишдир. Ҳуқуқларимизнинг поймол қилиниши бу. Шу кунга қадар биз давлат сиёсатига зид бирорта ҳаракат қилганимиз йўқ. Бу борада бирон-бир асосли даъво ҳам бўлгани йўқ, дейди Назирмад.

Бироқ Тожикистон Миллий мажлис вакили Акбар Тўражонзода салафийларни Ғарб давлатлардаги махсус ташкилотлар молиялаштиришига шаъма қилади.

- Салафийлар ҳар ҳафта 5000 тагача диний адабиёт, CD ва DVD ларни мусулмонлар ўртасида текин тарқатади. Гарчи улар Ғарб давлатлари томонидан ёрдам олаётганларини рад этсалар-да, уларнинг бу ишлари шубҳалидир, дейди Тўражонзода.

Кузатувчи Саъдий Юсуфийга кўра, Тожикистон ҳукуматининг салафийлар фаолиятини таъқиқлашига оид қарори араб давлатлари билан муносабатлар совушига туртки бўлиши мумкин.

- Тожик расмийларининг бу қарори¸ бир томондан¸ мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлаш учун қилинган яхши саъй-ҳаракат бўлса-да, келгусида араб мамлакатларининг Тожикистон ҳукумати бу иши билан мусулмонлар ҳуқуқларини поймол қилаётганидан норозилик билдириши табиий, дейди кузатувчи.

Аввалроқ Тожикистон Олий суди икки диний-сиёсий ташкилот, жумладан, Ҳизбут-Таҳрир ва Ўзбекистон исломий ҳаракатини террорчи ташкилот ўлароқ эълон қилган ва улар фаолиятини мамлакат ҳудудида таъқиқлаган эди.

Сўнгги бир неча йил мобайнида Тожикистонда бу икки ташкилотнинг ўнлаб аъзолари қўлга олиниб, узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этилди.
XS
SM
MD
LG