Линклар

"Даволанишга пул йўқ "


Бугун камбағал ўзбек яна Абдулла Қаҳҳорнинг "Бемор" ҳикояси қаҳрамони ҳолатига тушиб қолди. "Докторхона деганда Сотиболдининг кўзи олдига извош ва оқ подшонинг сурати солинган 25 сўмлик пул келар эди."Бугунги фарқ¸ извош ўрнига тез ëрдам¸ 25 сўмлик Никола

Бугун камбағал ўзбек яна Абдулла Қаҳҳорнинг "Бемор" ҳикояси қаҳрамони ҳолатига тушиб қолди. "Докторхона деганда Сотиболдининг кўзи олдига извош ва оқ подшонинг сурати солинган 25 сўмлик пул келар эди."Бугунги фарқ¸ извош ўрнига тез ëрдам¸ 25 сўмлик Никола

Хориждаги ўзбек мардикорларининг ишсиз қолиб¸ Ўзбекистонга қайтиб келаëтгани мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий вазиятни янада оғирлаштира бошлади.

Хоразмлик Гулсанам опанинг кейинги пайтда соғлиги ёмонлашган. У икки ўғли Россияда мардикорлик қилиб топган пулидан тежаб даволанишни режалаштирган эди.

Бироқ яқинда унинг икки ўғли ҳам Россиядан қайтиб келди. Эндиликда онахон даволаниш учун ёлғиз сигирини сотишга мажбур бўлаётганлигини айтади.

- Иккита болам Россияда эди. Пул бўлмагандан кейин қайтиб келишди. Уйда пул топадиган фақат шулар эди. Улар ҳам, мана, пулсиз келди.

Шароит жуда қийинлашиб кетди. Нима қилишимизни билмай ўтирибмиз. Ўзим касалланиб қолдим. Даволанишга пул йўқ.

Энди молни сотиб даволатадилар мени. Молни ҳам сотсак, ейишга ҳеч вақомиз қолмайди. Чунки молни соғиб¸ сутини сотар эдик. Рўзғор шу билан бўлиб турган эди. Энди у ҳам йўқ, дейди хоразмлик суҳбатдошимиз.

Гулсанам опа сигирини сотиб даволанмоқчи бўлса, тошкентлик бир оила касал қизини даволатиш учун уйини сотишга мажбур бўлаяпти.

Ушбу оиланинг қўшниси Саломат Бойматованинг айтишича, оила аъзолари қизларини даволатиш учун пул ишлаш мақсадида Россияга кетишган эди. Бироқ улар ҳам яқинда Тошкентга қайтиб келишган.

- Қизи касал экан. Энди уйини сотиб, даволатар экан, дейишган эди. Пули бор бўлса¸ даволатиш имконияти бўлади. Пул йўқ бўлса¸ Ўзбекистон шароитида қийин, дейди Саломат опа.

Самарқандлик ҳуқуқ фаоли Комилжон Ашуров даволаниш муаммоси Самарқанддаги камбағал оилаларни ҳам қийнаётганини айтади.

- Қарияларнинг дуоси шунақа: Ҳеч ким касал бўлмасин. Самарқандда “Ишинг милицияга тушмасину¸ касал бўлмагин” деган дуо бор. Ҳозир касалхонага ëтишнинг ўзи бўлмайди. Дори-дармонлар жуда қиммат. Яна касалхонага борди-келди бор, дейди Комилжон Ашуров

Самарқандлик ҳуқуқ фаоли даволаниш муаммоси кўпайганлигини Россиядан мардикорлар қайтиб келиши билан боғлайди.

- Битта яқин дўстим иккита қизи ва куëвлари билан Россияга кетган эди. Ҳозир ҳаммаси қайтиб келган. Кеча суҳбатлашган эдим. Иш йўқ¸ дейди. Ҳозир бизнинг маҳалладан кетганларнинг анчаси қайтиб келаяпти, дейди Комилжон Ашуров.

Суҳбатдошларимиз даволанишнинг қимматлигини тилга олишди. Айни пайтда андижонлик шифокор Абдуқодир Сатторов даволаниш нархларига тўхталади.

- Масалан, одамнинг жигарини ювишга ўртача 50 доллар кетади. Меъдани ювишга ҳам 20-30 минг кетади. Энг қиммат даволаниш саратон касалликларида бўлиши мумкин. Саратоннинг дорилари қиммат-ку, дейди Абдуқодир Сатторов.

Самарқандлик Комилжон Ашуровнинг айтишича, замонавий тиббий хизматнинг қимматлиги боис Ўзбекистонда аксарият аҳоли эскича усулда даволанишни маъқул кўраётибди.

- Кўпчилик уйда, ўзимизнинг шу эски усулларни қилаяпмиз, дейди.

Кимдир фарзандини даволатиш учун пул топа олмай, қўшни қишлоқдаги табибникига йўл олаётган бир пайтда, саломатлигини ўйлаб, Европанинг энг қиммат клиникаларида даволанаётган ўзбекистонлик бойваччалар ҳам йўқ эмас.
XS
SM
MD
LG