Линклар

Киев – Москва - Брюссел мулоқот бошлади


8 январ куни Брюсселда ЕИ раҳбарлари билан учрашув ўтказаëтган Газпром раҳбари Алексей Миллер¸ Европа дуч келган газ бўҳрони учун Москва айбдор эмаслигини таъкидлади.

8 январ куни Брюсселда ЕИ раҳбарлари билан учрашув ўтказаëтган Газпром раҳбари Алексей Миллер¸ Европа дуч келган газ бўҳрони учун Москва айбдор эмаслигини таъкидлади.

Россия ва Украина ўртасида давом этаëтган газ жанжалидан Европа давлатлари газсиз қолаëтган айни кезда¸ томонларни муросага келтириш уринишлари кучайди.

2009 йилнинг 1 январидан Россия Украинага газ узатишни тўхтатганидан сўнг бошланган можаронинг еттинчи кунида ниҳоят Газпром ва Нафтогаз ширкати раҳбарлари юзма-юз учрашдилар.

Ўтган йилнинг сўнгги кунларида 2009 йилги газ нархи бўйича келиша олмай тарқаб кетган Москва ва Киев расмийлари ҳозирга қадар газ бўҳрони учун бир-бирларини айблаб келдилар.

Газпром раҳбари Алексей Миллер билан сўзлашувдан чиқибоқ ЕИ расмийлари билан учрашиш учун Брюсселга келган Украинанинг Нафтогаз ширкати раҳбари Олеҳ Дубина¸ Москва учрашуви ҳақида эҳтиëткор оҳангда гапирди.

- Биз кеча Москвада Украина талабининг шарти эмас¸ балки илтимосига кўра¸ Россия газини Украина орқали Европага юборишни қайта бошлаш масалани муҳокама қилдик. Украина ўз ғарбий сарҳадига етиб келган Россия газини тўлиғича Европага етказиш мажбуриятини зиммасига олади¸ деди Украина газ ширкати раҳбари Дубина.

Украинани ўз транзит қувурларидан Европага мўлжалланган газни ўғирлаганликда айблаган Россия томони¸ юборилаëтган газ миқдорини ўғирланаëтган газ ҳажмида қисқартиришга қарор қилди.

Айни пайтда Украина томони¸ ўз ҳудудидан Европага борадагиган тўртта транзит газ қувурининг барини ëпиб қўйди ва Россияни газ узатишни мутлақ тўхтатганликда айблади.

Нафтогаз раҳбарига кўра¸ 7 январ куни Москва ва Киев раҳбарлари ўзаро айбловларда қанчалик асос борлигини текширишга аҳд қилишган.

- Кеча Россия ва Украина президентлари телефон орқали гаплашдилар. Россия томонининг Украина газ ўғирлаяпти¸ деган айбловлари юзасидан президентлар нафтогаз ва Газпром ўртасида қўшма комиссия тузиш ва бу каби муаммо ва айбловларга барҳам бериш борасида келишиб олдилар¸ деди Нафтогаз раҳбари Олеҳ Дубина.

Газпром ва Нафтогаз раҳбарлари ўзаро учрашувдан сўнг пайшанба куни Брюсселга келдилар ва бу ерда Европа Иттифоқининг юқори даражали расмийлари билан газ бўҳронига барҳам бериш борасида мулоқот бошладилар.

Учрашув арафасида Европа парламентининг ташқи алоқалар қўмитаси раиси Ясек Сарусц-Волский Украина-Россия ўртасидаги тижорий келишмовчиликдан Европага зиëн етаëтганини яна бир бор таъкидлади.

- Аввал бошқаданоқ тижорий характерда бўлган бу келишмовчилик¸ ëнилғи хавфсизлиги билан боғлиқ жуда жиддий бўҳронга айланди. Бу можаро аллақачон Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг ярмига таъсир қилди ва бу мамлакатлар ундан зиëн чекмоқда¸ деди Европарламент расмийси.

Айтилишича¸ Брюсселда Нафтогаз ва гаспром раҳбарлари ўртасида яна алоҳида учрашув бўлиб ўтган¸ аммо ҳозирча томонларнинг бирор келишувга келган-келмагани маълум эмас.

Брюсселдаги сўзлашувлар билан айни пайтда¸ Европа иттифоқига аъзо давлат ташқи ишлар вазирлари газ бўҳрони ва иттифоқ ëнилғи хавфсизлиги истиқболини муҳокама қилиш мақсадида пайшанба куни Прагага тўпландилар.

1 январдан бошлаб ЕИ га президентлик қилиш навбатини қабул қилиб олган Чехия ҳам¸ Россия-Украина можаросидан жиддий зиëн кўраëтган давлатлардан бири.

XS
SM
MD
LG