Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:13

"Тошкент позицияси бизга маъқул "


Аксар мусулмон давлатлари¸ шунингдек Ғарб пойтахтларида Исроилнинг Ғазо босқинини қораловчи катта норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.
Аксар мусулмон давлатлари¸ шунингдек Ғарб пойтахтларида Исроилнинг Ғазо босқинини қораловчи катта норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистондаги Исроил элчисининг Озодликка айтишича¸ Ғазодаги уруш борасида Тошкент билдирган муносабат Ўзбекистон–Исроил алоқаларига таъсир қилмайди.

5 январ куни расмий Тошкент "ўзбек жамоатчилиги" деган ном остида Ғазодаги зўравонликларга ўз эҳтиëткор муносабатини билдирди ва томонларни уруш ҳаракатларини тўхтатишга чақирди.

“Ғазо минтақасидаги шиддатли тўқнашувлар кўплаб инсоний талофотларга олиб келди ва гуманитар бўҳронни келтириб чиқаришга улгурди” – дейилади Ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Жаҳон” ахборот агентлиги томонидан тарқатилган бу баёнотда.

Ҳар қандай оммавий чиқишлар таъқиқланган Ўзбекистонда Ғазодаги урушни тўхтатиш талаби билан ҳеч қандай норозилик намойишлари кузатилмади.

Бироқ расмий Тошкент мавжуд вазиятдан ўзбек жамоатчилигининг хавотирда эканини сезмасдан қолмади.

Дунёнинг кўпгина давлатларида Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётларига қарши намойишларида ўзбекистонликлар ҳам иштирок этди.

Прагадаги Исроил элчихонаси қаршисига йиғилган 300 га яқин намойишчилар орасида Тоҳир исмли талаба ҳам бор эди.

- Фаластин халқини қўллаш учун намойишга чиқдик. Анча-мунча ўзбеклар ҳам бор эди. Прагадаги мусулмонларнинг 80 фоизи йиғилди. Асосан талабалар эди.

Менинг чиққанимга сабаб¸ ўша куни институтдаги дўстимни топа олмадим. Болалардан сўрасам “Ота-онаси¸ акаси¸ синглиси Ғазода оламдан кўз юмибди” деб айтишди. Мен унга ҳамдардлик билдириш учун намойишга чиқдим¸ дейди Тоҳир.

Ғазодаги зўравонликларга қарши энг йирик намойишлардан бири Британия пойтахти Лондонда бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик Фотима исмли талаба 5 январ куни кўчага дугонаси билан чиққанини айтади.

-Ҳамма нарса яхши ташкиллаштирилган эди. Метродан чиқаётганимизда намойишда иштирок этадиганлар ўнг томондан чиқишлари керак эди. Намойишга жуда кўп одам йиғилди.

Урушга норозилик билдирганлар орасида исроилликлар ҳам бор эди. Ўзимни жуда тақводор деб ҳисобламайман, лекин мен Ғазодаги уруш тўхтатилишини хоҳлаганим учун намойишча чиқдим. Лекин менимча бундай намойишлар ҳеч нарсага таъсир қилмайди¸ дейди тошкентлик Фотима.

Европа давлатлари бўйлаб ўтказилган юзлаб кичик намойишлар оммавий ахборот воситалари назаридан четта қолган бўлса, Европада яшаётган ўзбеклар Фаластин халқига ҳамдардлик билдиришга ҳаракат қилди.

- Бу ерда мусулмонлар¸ фаластинликлар жуда ҳам кўпчилик бўлди. Англияликларнинг ўзлари ҳам иштирок этди. Намойиш шаҳар марказида ҳокимиятнинг олдида бўлди. Исроил Ғазога нисбатан жуда ҳам ваҳшиëна¸ қўпол ҳаракат қилаяпти. Мусулмонлар жуда ҳам норози¸ дейди Англияда истиқомат қилаëтган ўзбекистонликлардан бири.

Расмий Тошкент ўз баёнотида жабр кўрган Фаластин халқига ҳамдардлик билдирмади ва айни пайтда Исроил ҳатти-ҳаракатларини қораламади ҳам.

Бироқ Ташқи ишлар вазирлиги мазкур можарони куч билан ҳал этиш ҳеч қандай истиқболга эга эмаслигини таъкидлайди.

Ўзбекистон томонининг бундай муносабати Тел-Авив – Тошкент алоқаларига салбий таъсир этмайди, деди Ўзбекистондаги Исрол элчиси Хиллел Ньюман.

- Ўзбекистон расмий позициясини билдирди. Бу позициясини биз жуда мувозанатли деб топдик. Иккала томонни ўт очишни тўхтатишга чақирган Ўзбекистон томонининг позицияси биз учун мақбулдир.

Бироқ Ўзбекистон томони Ғазодаги вазиятни гуманитар бўҳрон деб атагани уларнинг сўнгги вазиятдан тўлиқ хабардор эмаслигини акс эттиради. Зеро, ҳозирги кунда биз Ғазога гуманитар юкларнинг ўтиши учун йўлак очганмиз¸ дейди элчи Ньюман.

Исроил дипломати мазкур ҳарбий амалиётлар Фаластин халқига эмас, балки Ҳамас гуруҳига қарши йўналтирилгани борасидаги расмий Тел-Авив мавқеини яна бир бор изҳор этди ва тинч фуқаролар орасидаги талофотлар борасида чуқур афсусда эканини айтди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош ўз сўнгги мурожаатида тарафдорларини яҳудийларга қарши жиҳод қилишга чақирди.

Айрим кузатувчиларга кўра, 2004 йил июл ойида Тошкентдаги Исроил ва АҚШ элчихоналари олдида содир этилган ҳужумлар Тошкентнинг Исроил ва АҚШ билан ҳамкорлигига қарши радикал гуруҳлар кайфиятини акс эттиради.

Ғазодаги ҳарбий амалиётлар боис бу каби ҳужумларнинг яна қайтарилиши мумкинлигини элчи Ньюман инкор этмади, бироқ бундай ҳужумларга қарши Ўзбекистон ҳукуматининг ҳимоясига таянишини билдирди.

- Менинг ишонишимча, экстремист радикаллар бутун минтақада мавжуд. Биз бу борада доимо огоҳ бўлишимиз керак. Ўзимизга қарши кейинги зарбанинг қаердан келишини билмаймиз.

Бахтимизга Ўзбекистон ҳукуматида экстремист ёки радикаллар йўқ. Ўзбекистон мусулмон давлат бўлса ҳам¸ у экстремист давлатлар қаторига кирмайди¸ дейди элчи.

Ўтган икки йил давомида Ўзбекистон ҳукумати Ислом дунёси¸ шу жумладан Эрон билан ҳам мустаҳкам иқтисодий алоқа ўрнатишга устуворлик бериб келди.

Шу боис кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон Исроилнинг Ғазодаги босқинини кескин қоралаëтан Яқин Шарқ давлатлари кайфиятини эътибордан соқит қила олмайди.

Исроил элчиси Хиллел Ньюманнинг айтишича, Исроил томони Ўзбекистонинг бошқа давлатлар билан ҳамкорлигига эътироз билдирмайди.

- Улар биз билан муносабатларни камайтирмайди¸ деб ишонаман. Ўзбекистоннинг Исроил билан дипломатик алоқа ўрнатмаган давлатлар билан ҳамкорлик қилаётганига салбий қарамаймиз.

Туркия билан дипломатик алоқаларимиз бор, Иордания ва Миср билан тинчлик битимини имзоладик ва бир вақтнинг ўзида бу давлатлар бизга нисбатан адоватда бўлган Сурия ва Эрон билан дўстона муносабат қилишади. Ва бу бўйича бизда ҳеч қандай муаммо йўқ.

Демоқчиманки, Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги муносабатларнинг давом этишига ҳеч нарса тўсқинлик қилаётгани йўқ¸ деди Ўзбекистондаги Исроил элчиси Хиллел Ньюман.
XS
SM
MD
LG