Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:03

Банкда пул тақчиллашди


Глобал бўҳрондан кучли зарба еган Россиядаги ўзбек мардикорлари Ўзбекистонга юбораëтган нақд пул чўғи пасайгани сайин¸ мамлакатдаги иқтисодий муаммолар ҳам кескинлаша бошлади.
Глобал бўҳрондан кучли зарба еган Россиядаги ўзбек мардикорлари Ўзбекистонга юбораëтган нақд пул чўғи пасайгани сайин¸ мамлакатдаги иқтисодий муаммолар ҳам кескинлаша бошлади.

Кузатувчилар фикрича¸ корхона ва ташкилотларда иш ҳақининг ўз вақтида берилмаётгани молиявий инқирознинг Ўзбекистон иқтисодиётига кўрсата бошлаган таъсири аломатидир.

Normal 0 Ўтган бир неча ой давомида "Ўзқишлоқмаш-холдинг", "Малика", "Совпластитал" ҳиссадорлик жамиятларида, "Мотор заводи"да ўтказилган текширишлар натижасида, бу корхоналар ишчи ва хизматчиларига ойлик маошлар ўз вақтида берилмагани аниқланди.

Бу маълумотни Тошкент шаҳар адлия бошқармасидан олдик.

Тошкент шаҳар адлия бошқармаси инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўлими бошлиғи Алишер Пирматовнинг айтишича, тилга олинган корхоналар ишчи-хизматчиларига иш ҳақлари тўла ундириб берилди.

Жаноб Пирматов тилга олган корхоналардан бири -"Совпластитал" ҳиссадорлик жамияти.

Бу корхона вакили Озодликнинг саволларига жавоб берар экан, бизни ҳеч ким текширгани йўқ, маошларни ҳам ўз вақтида олаяпмиз, деди.

Корхона бош директори Александр Мелкумовнинг котибаси, деб тахмин қилганимиз¸ ўзини таништирмаган бу аёл¸ балки ўтказилган текширувдан бехабар қолгандир.

Чунки Тошкент шаҳар адлия бошқармасининг инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўлими "Совпластитал"да текширув ўтказиб, 519 ишчи-хизматчининг ўз вақтида тўланмаган 88 575 316 сўмлик маошини ундириб берди.

Бу ҳақда хабар берган бўлим бошлиғи Алишер Пирматовнинг Озодликка айтишича, 2008 йили белгиланган режа асосида Тошкент шаҳрида жойлашган корхона ва ташкилотларда иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши юзасидан текширув ўтказилган.

- Жумладан “Ўзбекқишлоқмашхолдинг” акционерлик жамияти¸ “Мотор заводи”¸ “Малика” очиқ акциядорлик жамияти ва “Совпластитал” очиқ акциядорлик жамияти ишчи-хизматчиларига ойлик маошлари бўйича қарздорлик борлиги аниқланди¸ дейди Алишер Пирматов.

Тошкент шаҳар адлия бошқармаси маошларни ишчи-хизматчиларга ундириб беришга ҳам эришди, дейди Алишер Пирматов.

- “Малика” очиқ акциядорлик жамиятидан 15 нафар ишчилар фойдасига 1 миллион 337 минг184 сўм¸ “Ўзбекқишлоқмашхолдинг” акционерлик жамиятидан 353 нафар ишчи-хизматчиларига 77 миллион 917 минг сўм¸ “Мотор заводи” нинг 75 нафар ишчи-хизматчиларига 25 миллион 400 минг сўм миқдорида ойлик маошлари ундириб берилди¸ деб маълумот берди Тошкент шаҳар адлия бошқармаси масъул ходими Алишер Пирматов.

"Совпластитал" бўйича рақамларни бояроқ келтирган эдик.

Адлия бошқармаси вакилидан тилга олинган корхоналар раҳбарлари иш ҳақини вақтида тўламаганлигини нима деб изоҳлади, деб сўрадик.

Алишер Пирматов: Уларнинг ҳаммаси тушунтириш хати олганимизда объëм йўқ деган. Улар маҳсулотларини вилоятларга тарқатади. Вилоятлар билан шартнома тузган. Вилоятлар эса вақтида пулини бермаган.

Озодлик: Маҳсулотини сота олмаяпти¸ шунақами?

Алишер Пирматов: Ҳа¸ сота олмаяпти. Юқорида келтирилганларнинг ҳаммасида шу масала. Сотса ҳам пулини харидордан вақтида ололмаяпти.

Хўш, "Малика", "Совпластитал" каби Ўзбекистондан ташқарида ҳам таниқли бўлган корхоналар 90-йиллардаги касалликка яна чалиндими? Агар шундай бўлса, бунинг сабаби нимада?

Шу ва бошқа саволларни тошкентлик таҳлилчи Комрон Алиевга бердик. У кишининг айтишича, кейинги йилларда аҳвол бироз ўнгланиб қолган эди.

- Охирги йилларда ташкилотларнинг маошларини пул билан таъминлаш масалалари яхши йўлга қўйилган эди. Ҳатто банкларнинг чиқим кассаларининг олдига “Агарда сиз вақтида ўз пулингизни ола олмаëтган бўлсангиз¸ фалонча ишонч телефонларига¸ Марказий Банкка телефон қилинг” деган эълонлар қаторлаштирилиб осиб қўйилган эди. Ҳозирги пайтда бу эълонларнинг ҳаммаси олиб ташланган¸ дейди Комрон Алиев.

Чунки, деб давом этади, Комрон Алиев, кейинги пайтларда банклар нақд пул тақчиллигига дуч кела бошлади.

Хўш, нима учун нақд пул тақчиллиги юзага келди? Таҳлилчининг айтишича, аҳолининг харид қуввати пасайиб кетди.

Комрон Алиев: Натижада биринчи навбатда нақд пул билан муомала қиладиган ташкилотлар¸ масалан¸ бозорлар ва уларнинг ҳудудларидаги озиқ-овқат дўконларида касса планлари бажарилмасдан қолаяпти. Мана шунинг натижасида банкларда нақд пул нуқтаи назаридан катта пул камомади юзага келаяпти.

Озодлик: Бунинг сабаби нима?

Комрон Алиев: Бунинг сабаби халқаро бўҳрон.

Озодлик: Бу жуда жўн сабаб эмасми?

Комрон Алиев: Йўқ¸ унақа эмас. Буни конкрет фактлар асосида кўрсатиш мумкин. Ўзбекистон ўзининг муомалага чиқарган пулларидан ташқари республикага йилига энг камида 1 миллиард доллар атрофида¸ буни расмий равишда тан олинган рақам деб айтишимиз мумкин¸ четдан қўшимча пул келарди. Агар 1 АҚШ долларини 1500 сўм дейдиган бўлсак¸ демак нақд 1¸5 триллион сўм тўғрисида гап кетаяпти.

Комрон Алиевнинг айтишича, кейинги ойларда ўша – ташқаридан келаётган улкан пул массаси ҳажми кескин камайиб кетди.

- Ҳозир Москвадаги Қозон вокзалини оладиган бўлсак¸ у ерда минглаб ўзбекистонлик ва ўрта осиëлик гастарбайтерлар уйга қайтиш учун билет ола олмасдан ëтишибди.

Россия ҳукумати буларнинг кўпчилигини қайтариб чиқараяпти. Қолганларининг эса маошларини камайтираяпти. Натижада Ўзбекистон бозорини қизитиб турган қўшимча пул маблағи тўхтаб қолди ва халқнинг харид қуввати тушиб кетди¸ дейди Комрон Алиев.

Таҳлилчи айтаётган гаплар шу кун воқеълигига мос келадиган, мантиққа ётадиган изоҳдай.

Лекин, "Ўзқишлоқмашхолдинг"у "Малика", "Совпластитал"у "Мотор заводи" адлия бошқармаси мажбур қилганидан сўнг иш ҳақларини тўлаб беришга пул топибдику?! Демак, бор эканку, пул?!

Ўз вақтида тўлаб қўйса бўлмасмиди?
XS
SM
MD
LG