Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:19

Киночилар жамиятга юзини кўрсатди


Афғонистонда хотин-қизларни зўрлаш жиноятининг кўздан панада қолаëтгани¸ жамиятни ичдан емираëтган энг жиддий муаммолардан биридир.
Афғонистонда хотин-қизларни зўрлаш жиноятининг кўздан панада қолаëтгани¸ жамиятни ичдан емираëтган энг жиддий муаммолардан биридир.

Зўрлаган ўз жиноятидан ғурурланадиган¸ зўрланган эса¸ умрбод шармандаликка дучор бўладиган афғон жамияти газак олиб бораëтган бу ярасини очишга журъат топа бошлади.

Афғонистонлик режиссёр Абдул Рашид Азимий суратга олган ва шу ҳафтада премьераси бўлиб ўтган фильм афғон жамиятида асрлардан буён тилга олинмай келадиган мавзудадир.

Фильм зўрлаш қурбони бўлаётган хотин қизлар тўғрисида.

- Эшикларни ёпиб олишган, хонада бир неча эркак бор эди. Менга тегманглар, деб ялиндим уларга, деб эслаяпти "Акси ёдгорий" ("Эсдалик учун сурат") фильми қаҳрамони – афғонистонлик Наргиз исмли ўсмир қиз.

Наргиз бир неча қуролланган киши зўрлаганини аччиқ алам билан эслаяпти. Унинг номусига тажовуз қилганлар жазосиз қолаверган.

"Акси ёдгорий" фильмининг премьераси шу ҳафта бошида Ҳирот шаҳрида бўлиб ўтди.

Озодлик радиоси афғон хизмати мухбирининг хабар қилишича, ҳиротлик томошабинлар, фильмни, асосан, илиқ кутиб олган.

Томошабинлардан бири фильмга баҳо берар экан: "Мамлакатимиз учун энг оғриқли муаммолардан бири ҳақида амалга оширилган дадил иш бўлибди", деди, - дейди мухбир.

"Акси ёдгорий" муаллифи Абдул Рашид Азимийнинг айтишича, фильм Сарипул вилоятида рўй берган реал воқеа асосида, мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам тез-тез учраб турадиган воқеалар асосида суратга олинган.

- Парламент аъзоларидан бирининг ўғли 14 яшар қизни зўрлагани тўғрисидаги матбуотда пайдо бўлган хабар фильмда акс этган. Бу воқеа Сарипул вилоятида бўлган эди¸ дейди фильм режиссёри.

Абдул Рашид Азимий суратга олган фильм нафақат қизларнинг зўрланаётгани, балки зўрланиш қурбонларининг жамият нафратига ҳам учраётгани, натижада зўрланган хотин-қизларнинг бош кўтариб юролмайдиган аҳволга тушиб қолаётгани тўғрисида ҳамдир.

Афғонистондай консерватив мамлакатда зўрланиш зўраланганнинг ўзи учун ҳам, унинг оиласи учун ҳам умрбод шармандалик, деб қабул қилинади ва оқибатда зўрланганлар ёпиқлиқ қозонни ёпиқлигича қолдиришни маъқул кўради.

Афғон жамиятида бу муаммодан нақадар кўз юмишларини мамалакатдаги икки асосий тил – дари ва пашту тилларида "зўрлаш" тушунчасини ифодалайдиган сўз йўқлигидан ҳам билса бўлади.

Номусга тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар кейинги ўн йилликларда, уруш туфайли кучайди.

Ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотларга кўра, минглаб қизлар, аёллар ва ўсмир ўғил болалар дала қўмондонлари ва уларнинг қўл остидаги жангчилар ҳамда бошқалар томонидан зўрланган.

Ўтган йилнинг дастлабки 3 ойидагина, хабарларга қараганда, мамлакат бўйлаб, балоғатга етмаган 110 қиз зўрланган. Бироқ, бу жамоатчиликка маълум бўлгани холос, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фикрича, муаммо кўлами анча кенгдир.

Мана шундай шароитда Абдул Рашид Азимийнинг"Акси ёдгорий" фильми ундаги бош ролни ижро этган Шукуфа Муртазавийнинг фикрича, жамиятнинг бу муаммога эътиборини қаратишга хизмат қилади.

- Бу ролни ўйнаш жасорат кўрсатишдай бўлди. Бироқ жамиятимиздаги аҳволни ўзимиз кўрсатмасак, ким кўрсатади, дейди Шукуфа Муртазавий.

XS
SM
MD
LG