Линклар

logo-print

Исроил ва Ҳамас БМТ резолюциясини рад етди


Исроил ҳукумати БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси Ғазода дарҳол ўт очишни тўхтатишга оид келишув имзолашга чақиришига қарамай ҳарбий амалиётлар давом эттирилишини маълум қилди.

Бош вазир Эхуд Олмерт сўзларига кўра, Ҳамас жангариларининг бугун ҳам Исроил ҳудудига ракета отиши Хавфсизлик кенгаши резолюцияси иш бермаслигини намойиш этган.

- Исроил ўз фуқароларини ҳимоя қилишда давом этаверади, дея қўшимча қилди Эхуд Олмерт.

Айни пайтда¸ Ҳамас ҳаракати ҳам резолюцияда фаластинликлар талаби инобатга олинмаганини рўкач қилиб, ушбу ҳужжатни тан олмаслигини маълум қилди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши пайшанба кунги фавқулодда мажлис чоғида Исроил ва Ҳамас жангарилари ўртасида дарҳол сулҳ ўрнатишга оид резолюцияни қабул қилган эди.

Резолюция Исроилнинг Ғазодан ўз қўшинларини олиб чиқиши ва Ғазо аҳолисига инсонпарварлик ёрдами етказилишини талаб қилади.

Кенгашнинг 15 аъзосидан 14 нафари резолюция учун овоз берди. Исроилнинг яқин иттифоқчиси бўлмиш Қўшма Штатлар бетараф қолди.

Исроилнинг икки ҳафтадан буён давом этаётган Ғазодаги ҳарбий амалиётлари оқибатида 750дан зиёд фаластинлик нобуд бўлди.

XS
SM
MD
LG