Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:12

“Welt”: Полизни эчкига топширишди


Таҳлилчилар¸ президент Назарбоевнинг 17 йидан бери Ғарбу Шарқ билан мувозанатли муносабат олиб боришнинг уддасидан чиқаëтгани ҳам¸ Қозоғистоннинг ЕХҲТ раислигига танланишига замин бўлганини айтишмоқда.
Таҳлилчилар¸ президент Назарбоевнинг 17 йидан бери Ғарбу Шарқ билан мувозанатли муносабат олиб боришнинг уддасидан чиқаëтгани ҳам¸ Қозоғистоннинг ЕХҲТ раислигига танланишига замин бўлганини айтишмоқда.

Ғарб матбуоти Қозоғистонга Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига 2010 йилида раислик қилиш ҳуқуқи берилганини кескин танқид қилмоқда.

Германиядаги обрўли “Welt”газетасида “Эчки полизга қўйиб юборилди: Қозоғистон ЕХҲТ ни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритди”, сарлавҳали мақола чоп этилди.

Бу мақоланинг ёзилишига Қозоғистоннинг январ ойи бошида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти “учлигига” қабул қилингани сабаб бўлган. Бу “учлик” таркиби эса¸ ЕХҲТнинг аввалги, ҳозирги ва келажакдаги раисларидан иборадир.

«Нефт, газ, терроризмга қарши кураш ёки геостратегик аҳамият... мана шу сабабларнинг ҳар бири алоҳида қаралган тақдирда, мамлакатнинг демократия йўлига чиқишида, инсон ҳуқуқлари риоя қилинадиган ҳуқуқий давлатга айланишида жиддий тўсиқ сифатида хизмат қилиши мумкин.

Қозоғистоннинг бахтсизлиги шундаки, унда ушбу тўрт сабабнинг ҳаммаси ҳам амал қилади”, дея билдирган газетага берган суҳбатида Инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси Олмаота ваколатхонаси раҳбари Евгений Жовтис.

Озодлик радиоси мухбирига берган интервьюсида эса ҳуқуқ ҳимоячиси Қозоғистоннинг 2010 йилда ЕХҲТ га раислик қилиши туфайли “бу тузилма Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг европача кўриниши шаклига тушиб қолиши”ни айтади.

Жовтис¸ бу ҳолат МДҲ нинг бошқа авторитар давлатларига ёмон ўрнак сифатида хизмат қилиши эҳтимолининг катталигига ҳам эътибор қаратди.

Жовтис Қозоғистон ҳукумати ЕХҲТ га раислик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида ўз зиммасига муайян мажбуриятлар олганин аммо уларнинг бирортасини ҳам бажармаганини қўшимча қилди.

“Welt” газетасининг ёзишича, Қозоғистонга бу ташкилотга раислик қилиш ҳуқуқининг берилиши геосиёсий мақсадлар туфайли амалга оширилган:

«Кўп йиллар давомида халқаро ҳамжамиятнинг Остона билан муносабатларида энергетика соҳасидаги сиёсат, терроризмга қарши курашдаги стратегия, ҳамда Россия ва Хитой ўртасида жойлашган иқтисодий ҳамда сиёсий девқоматга таъсир ўтказиш каби геосиёсий мақсад ётибди”, деб ёзади газета.

Германиянинг “Badische Zeitung” газетаси эса «Қозоғистон диктатор давлат, бироқ унинг нефти бор” сарлавҳали мақолани чоп этган.

Мақолада халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг Қозоғистон раислиги ЕХҲТ обрўсига салбий таъсир этиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари келтирилади.

Аммо қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев ЕХҲТ раислик курсисини эгаллаш ҳуқуқини айнан Қозоғистонга тақдим этилганини адолатли қарор сифатида баҳолайди.

- Совет Иттифоқи тарқатилганидан кейин унинг таркибида бўлган бирор давлатга ЕХҲТ раислиги берилиши керак эди. Чунки Брежнев давридаёқ Совет Иттифоқи қуролсизланиш ва чегараларнинг мустаҳкамлиги йўлида ижобий қадамлар қўйган эди.

Совет Иттифоқи таркибида бўлган бирорта ҳам давлат 1991 йилдан кейин ушбу ташкилотга раислик қилмади. Ташкилот адолат нуқтаи назаридан келиб чиқиб мана шундай қарор қабул қилган.

Чунки Қозоғистон қўшни давлатларга солиштирилганда нисбатан иқтисодий ва сиёсий барқарорликка эриша олган давлат имиджига эга, дейди сиёсатшунос Эдуард Полетаев.

Кузатувчилар, ЕХҲТ Қозоғистон ҳукумати ушбу ташкилот олдида олган мажбуриятларини бажармагани, инсон ҳуқуқлари, сўз ва эътиқод эркинлиги соҳаларида йўл қўйилаётган қонунбузарликлардан хабардор эканини, аммо бу йўналишда ижобий қадамлар ташланиши учун у қадар катта таъсир ўтказа олмаслигини таъкидламоқдалар.

Сиёсатчи Айдос Саримовнинг айтишича, ЕХҲТ Қозоғистонда сиёсий ислоҳотлар ўтказилишига ҳам таъсир кўсарата олмайди.

- Бутун дунё бўйлаб кузатилаётган молиявий бўҳрон сабабли жорий ва келгуси йил Қозоғистон учун қийин кечади. Шунинг учун ҳам ҳозир мамлакатда сиёсий ислоҳотлар ўтказилишига ишонмайман.

Чунки Қозоғистон ҳукумати ҳозир назоратни қўлдан бой бериб қўймаслик, мамлакатда ижтимоий портлаш содир бўлишига имконият яратмаслик учун ташвиш чекаётир.

Ўйлашимча, глобал молиявий инқироз Ғарбни ҳам четлаб ўтмагани учун, ЕХҲТ Қозоғистонда сиёсий ислоҳтлар ўтказилишига катта эътибор қаратмайди, дейди Саримов.
XS
SM
MD
LG