Линклар

logo-print

Дипломли мардикор кўпаймоқда


Қозоғистон ва Россияда мардикорлик қилаëтганларнинг аксари қўлида Ўзбекистон олий таълим муассасалари дипломи бор.

Қозоғистон ва Россияда мардикорлик қилаëтганларнинг аксари қўлида Ўзбекистон олий таълим муассасалари дипломи бор.

Ўзбекистондаги минглаб битирувчилар дипломни қўлга олгач, ишсизлик боис Россия ва Қозоғистонда мардикорлик қилишга кетмоқда.

Қашқадарёлик 20 ёшли Санжарбек вилоятдаги коллежлардан бирида ўқиган. Санжарбек коллежни тугатиши биланоқ¸ Қозоғистонда мардикорлик қилаётган акалари ёнига жўнади.

Санжарбекка кўра, коллежда бирга ўқиган синфдошларининг аксарияти Россия ва Қозоғистонга мардикорлик қилишга кетган.

- Шароит бўлмагани учун йигитлар мажбур бўлганидан четга чиқаяпти. Ички имконият бўлмагани учун бекорчи одам кўп, дейди Санжарбек.

Тошкент Вилоятининг Тўйтепа шаҳрида яшовчи 27 ёшли Шавкат ҳам иқтисод мутахассислиги бўйича олий маълумот эгаси. Шавкат мутахассислиги бўйича бир йил ишлаган, лекин ойлик маошининг жуда пастлиги боис Қозоғистонга бориб мардикорлик қилмоқда.

- Етишмовчилик¸ маош кам. Нима қиламиз ўз юртимизда? Яшаш керакку. Иш ҳақи кўп бўлгани учун бу ëққа келдик, дейди Шавкат.

Хоразмлик Исмоил ҳам олий маълумотли. У мутахассислиги бўйича иш топа олмагач, уч йилдан буён Жанубий Қозоғистонда мардикорлик қилаётганлигини айтади.

- Ҳозир Ўзбекистонда ишсизлик кўп. Ҳамма нарса иқтисодий қийинчиликдан. Иш йўқ¸ ўз вақтида пул йўқ. Иш йўқлиги учун шу ерга келиб юрибмиз, дейди Исмоил.

Андижон вилоятининг Жалолқудуқ туманидаги мактаб ўқитувчиси Шокиржон Мўминов кейинги пайтда коллеж ва мактаб битирувчиларининг кўпчилиги институтда ўқиб, олий маълумотли бўлишдан кўра мардикорлик қилишни маъқул кўраётганликлари ҳақида гапиради.

- Ўтган йил 11 синфни 26 та ўқувчи битирган. Шулардан фақат уч-тўрт нафари институтга кирди.

Ота-оналарнинг таълимга муносабати жуда ўзгарди. Ота-оналар: “Ўқиб нима бўлардинг. Ўқиганлар мана Россия¸ Қозоғистонга кетиб ишлаяпти”, деяпти фарзандларига.

Ҳатто саккизинчи ва тўққизинчи синф ўқувчилари орасида ҳам Россия¸ Қозоғистонга кетиб мардикорлик қилаётганлар бор, дейди Мўминов.

Лекин мутасаддилар олий ўқув юртларига кираётган ёшлар билан боғлиқ кўрсаткичдан қониқишларини айтишади.

Ўтган йили Самарқанддаги коллеж ва мактаб битирувчиларининг 12 фоизи олий ўқув юртларига кирганини ва бу яхши кўрсаткич эканлигини айтади Самарканд вилояти халқ таълими бошқармаси ходими Саидмуҳаммад Аҳмедов.

XS
SM
MD
LG