Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:42

Ўзбек мардикорига Уммон йўли очилмоқда


Россиядан қайтаётган ўзбек мардикорига яқин келажакда Уммон сари йўл очилиши кутилмоқда.
Россиядан қайтаётган ўзбек мардикорига яқин келажакда Уммон сари йўл очилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Уммонга буғдой, мева ва сабзавотлар экспорт қилади. Бу борада декбар ойи ўрталарида Ўзбекистон ва Уммон ўртасида шартнома имзоланган эди.

EvrasiaNet.com интернет сайти хабарига кўра, Уммондаги манба Ўзбекистон бу мамлакатни ишчи кучи билан ҳам таъминлаши мумкинлигига ишора қилган.

Уммонда чиқадиган Khaleej Times газетаси Ўзбекистон делегацияси раҳбари сифатида бу мамлакатга борган Ташқи иқтисодий алоқлар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев уммонлик расмийлар билан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига квота белгилаш масаласини муҳокама қилганини билдирган.

Собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистон делегациясининг Уммонга ташрифи ҳақида гапирар экан, бу мамлакат билан алоқаларни кенгайтиришдан расмий Тошкент манфаатдор эканини айтади:

- Ўзбекистон ташқи савдо вазирининг Уммонга бориши алоқаларни ўрнатиш маъносини билдиради. Уммонда туризм анча ривожланган.

Беш юлдузли меҳмонхоналар жуда ҳам кўп. Бозорлари анча ривож топган. Уммон бандаргоҳларига чет эллардан кемалар келади.Бу ерга меҳмонхоналарда¸ бандаргоҳларда ишлайдиган ишчилар керак¸ - дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Тошпўлат Йўлдошевга кўра, Уммон билан ҳамкорликнинг кенгайиши ўзбекистонликларга бу давлатда ишлаш имконини яратиши мумкин.

Мустақил сиёсатшунос Фарҳод Толипов ҳам араб давлатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларнинг йўлга қўйилиши¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун янги имконият яратиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади:

- Биз мустақиллик даврида Уммон билан ҳамкорлик қилаяпмиз, деб баралла гапирмаган эдик. Бизнинг ташқи сиëсатимизда Уммон йўналиши¸ араб давлатлари йўналиши унчалик юқори даражада бўлмаган.

Ўзбекистон охирги йиллардагина бир қатор араб давлатлари билан алоқаларни жадаллаштирди. Бу жараённи жануби-шарқий Осиë давлатлари билан ҳам кузатдик.

Бу жараëн давом этаверса ва араб давлатлари билан алоқаларимиз янада ривожланаверса¸ балки ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳам, хусусан, ишчилар учун¸ мигрантлар учун кўпроқ имкониятлар очилиб қолар¸ – дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос.

Глобал молиявий бўҳрон сабабли Россия ва бошқа давлатларда иш жойларини йўқотган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ватанга қайтишга мажбур бўлмоқда. Тошпўлат Йўлдошев фикрича, араб давлатлари¸ жумладан, Уммон билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги алоқаларнинг кенгайиши меҳнат муҳожирлари учун фойдали бўлади:

- Ҳозир Ўзбекистондан чиққан меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги қайтиб келаяпти. Уларнинг Россияга қайтиб бориши анча гумон. Айни пайтда ўзбек мардикорлари Туркияга¸ араб мамлакатларига, шу жумладан, Уммонга ҳам боришаяпти.

Агар Ўзбекистон Уммон билан алоқаларни ривожлантирадиган бўлса¸ кўпроқ меҳнат муҳожирларининг боришига¸ у ерда иш топиб ишлашига ҳисса қўшган бўлади¸ – дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Фарҳод Толипов ҳозирга қадар Осиё давлатларида муваффақиятли фаолият юритаётган ўзбекистонлик тадбиркорлар ва меҳнат муҳожирлари яқин келажакда Уммонда ҳам фаолият бошлаб юбориши мумкинлигини айтди:

- Дубайга¸ Туркияга жуда кенг йўл очилган. Яъни ўша ëқлардан мол олиб келиб сотаëтганлар у томонларда анча йўлларни ўрганиб олган. Менимча, Уммон келажакда бизларга жуда муҳим йўналиш бўлади.

Савдо кетидан иш қидириб борадиган мигрантлар ҳам кўпайиб¸ бу анъанага айланиб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас¸ – дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов.

Шуни эслатиш жоизки, Ўзбекистон-Уммон алоқалари фақат савдо-сотиқ соҳасида ривожланаётгани йўқ. 2008 йил апрелида Уммоннинг Маориф вазири Яҳё Сауд ал-Сулайми Ўзбекистонга ташриф буюриб¸ олийгоҳлар фаолияти билан яқиндан танишган.

Тошкентдаги Ислом университети ўқитувчилари ва талабалари билан учрашув чоғида Уммон Маориф вазири ўзаро ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни кенгайтириш масаласини муҳокама қилган.

Шунингдек, 2009 йил апрел ойида Уммон делегациясининг Ўзбекистонга ташриф буюриши режаланган.
XS
SM
MD
LG