Линклар

Тошкентда яна уй бузилаяпти

  • Абдулла Искандар

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг 428 сонли қарорига кўра Бешёғочдаги беш гектар майдондаги уйлар бузилиб,унинг ўрни He Development Korea ширкатига берилиши керак.

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг 428 сонли қарорига кўра Бешёғочдаги беш гектар майдондаги уйлар бузилиб,унинг ўрни He Development Korea ширкатига берилиши керак.

Одамлар катта пул чиқариб Тошкент марказидан уй-жой сотиб олишга қўрқиб қоладиган бўлишди. Бу жой қайсидир ширкат ëки мулозимга ëқиб қолса¸ аҳвол чатоқ: уйингдан ҳам¸ пулингдан ҳам айриласан.

Бу Тошкентликлар оғзидаги бугуннинг гапи.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 428 сонли қарорига кўра¸ Тошкент шаҳар¸ Якккасарой тумани Бобур ва Баҳодир кўчалари кесишувидаги беш гектардан зиëд майдон He Development Korea ширкатига берилади.

Бешëғочдаги бу кўркам маҳалладанинг кўп қаватли уйларида яшовчилар ва ҳусусий уй соҳиблари эса бундан норози.

Улар ўзларига берилаëтган товон пулининг арзимаслиги ва мулозимлар сурбетлигидан шикоят қилишмоқда.

Бугун 40 ëшни қоралаган Раҳимова Муяссархон 15 йил бурун қурган Тошкент марказидаги ҳовлисини бир кун келиб шаҳар чеккасидаги бир хонали уйга алмаштириш таклифини оламан, деб ўйламаган эди.

- Биз бу беш хонали уйни 15 йилда қурдик. Бизнинг қилган бу меҳнатимизни бир тийин қилиб¸ қаëқдаги эски домга чиқариб қўймоқчи¸ дейди нолиб Муяссархон.

Беш хонадан иборат ҳовли-жойни ҳимоя қиламан, деб Муяссархон соғлигидан ажралди.

- Майли розиман¸ чиқиб кетаман десам менга тўртинчи қаватдан жой беришди. Булар ҳозир менинг уйимни олаяпти. Менинг шартимга кўниши керакми ëки йўқми? Менинг ўғлим вафот этди¸ ўзим булар билан курашаман деб инсульт бўлиб қолдим.

Ҳозир улар мени судга бериб¸ мажбуран ўша домга чиқариб юбормоқчи. Мен бир умр ҳовлида яшаганман. Болаларим ҳам. Менга ерига яраша четроқдан бўлса ҳам уй беринглар, деб илтимос қилдим¸- дейди Муяссархон.

Тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташановга кўра¸ Муяссархон уйидан ажралиб саргардон бўлган мингларнинг бири.

- Тошкент шаҳрининг марказида илгари Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бўларди. Унинг ўрнида ҳозир Фонд форум ташкил қилинаяпти. Ўша ердагикўп қаватли уйлар¸ бир қатор бинолар¸ бозорлар бир кечада бузиб ташланди.

Одамлар ҳатто буни билишга улгурмай қолди. Бир кунда ҳокимнинг қарори чиқди¸ эртаси куни эса булдозер билан келиб текислай бошлашди. Ўша ердаги аҳолини Тошкент вилояти билан чегарадош Бектемир туманига кўчириб¸ ўнлаб одамни хонавайрон қилдилар.

Тошкентнинг эски маҳаллалариданбири бўлмиш Қоратошда ҳам шундай воқеа юз берди. Бешëғоч массивида ҳам шундай бўлди. Бунинг компенсациясини давлат тўламайди. Бу нарсага судлар ҳам қарамайди. Ҳатто Қоратош маҳалласининг раиси Абдулла ака деган киши жонига қасд қилибди. деб эшитдим¸ - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Қоратош маҳалласидаги амаки уйидан ажралишни истамасдан жонига қасд қилибди. Мол аччиғи – жон аччиғи. Аммо Муяссархон кураш йўлини танлади. Ўз ҳақини талаб қилиб пикетга чиқди.

- Охири пикет қилиб чиқишга мажбур бўлдим. Шунда ҳокимиятдан одам келиб “Талабингиз қондирилади. Эртага телефон қиламиз” дейди ва шу билан 20 кун ўтди. Ҳалигача қўнғироқларини кутаман. Булар мени қуруқ ваъда билан алдаяпти¸ - дейди Муяссархон.

Ўзбекистон қонунларига кўра хусусий мулк дахлсиздир. Аммо Муяссархон Раҳимова мурожаат қилган ҳокимият¸ суд ва прокуратура вакилларининг хусусий мулк ҳақидаги тасаввури эскича бўлиб қолмоқда.

- Келиб устимдан кулишаяпти. “Рози қилишади¸ талабингизни қондиришади”, деб устимдан кулиб кетишади. Мен ҳозир касалхонага ëтишим керак. Лекин бу ерда қимирламасдан ўтирибман, уйимни бузиб кетмасин деб,.

Болаларим мактабда ўқиши керак¸ мактабга бормайди. Қизим 16 ëшида. Лицейда ўқиши керак. Лекин бормайди.

Бу компаниянинг дастидан болаларимнинг келажаги йўқ. Битта фарзандимни йўқотдим. Қандай қилиб чидайман? Мен тамом бўлдим. Булар билан курашгани ҳолим қолмади. Илтимос, ëрдам бериб юборинглар¸ - дейди Муяссархон йиғидан ўзини тўхтата олмай.

Муяссархон қишнинг қировли кунида болаларини қучоқлаганча ўзи қурган иморатни булдозерлар тажовузидан ҳимояламоқда.

"Менинг уйим менинг қўрғоним", деган мақол инглизларда бор. Ўзбеклар эса "Ўз уйим-ўлан тўшагим". дейишади.

Британиядаги уй-жой ширкатларидан бирининг собиқ ходими Нодирбек Ўзбекистондаги аҳволни яхши билади.

- Бундай ҳолатлар олдиндан бўлиб келган. Бу 1997¸ 1998¸ 1998 йилларда Луначарский¸ Пахтакор¸ Эски шаҳар тарафларда йўл кенгайтириш учун уйлар бузилган.

Беш-олти хонали уй бузилиб¸ ҳар битта оилага бир хонали уй берилиши ўша пайтдан бошланган. Бу Ўзбекистон қонунчилигига зид кўриниш. Чунки 50 минг долларлик ҳовлини бузиб¸ ўрнига 5-6 минг долларлик квартиранинг берилиши ақлга сиғмайдиган нарса.

Лекин давлат бу нарсани қилиб келган ва бундан кейин ҳам қилади. Ўзбекистон қонунчилигида “Ер давлат мулки” деган модда бор. Одамлар ерни шахсий мулк қилиб олишолмайди.

Шунинг учун давлат хоҳлаган пайтда ерни тортиб олиши мумкин. Давлат “Ер меники. Устидаги иморат учун мана сенга бир ëки икки хонали квартира”, деб айтади.

Аслида одамлар бу ерни иморат қуриш учун сотиб олаëтган пайтда¸ шу ерда хоҳлаганча туришга шартнома қилишган бўлади. Оғзаки бўлсин¸ ëзма бўлсин келишув бор. Шунинг учун одамлар кўчирилаëтганда эски жойига мос бўлган жой берилиши шарт¸ - дейди Нодирбек.

Айни пайтда Нодирбек ғарб воқелигидан мисол келтиради.

- Давлат Манчестер шаҳри атрофидан асосий бетон йўли ўтказиши керак эди. Йўлнинг ўртасида битта фермернинг уйи бор экан. Давлат ўша уйни сотиб олиш учун 3-4 баробар кўп пул таклиф қилди¸ лекин фермер бу уйини сотмади. Охири давлар катта бетон йўлни фермернинг уйи атрофидан ўтказишга мажбур бўлди. Яъни ғарб давлатларида зўраки кўчиришнинг умуман иложи йўқ¸ - дейди Нодирбек.

XS
SM
MD
LG